Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Турсунали Акбаров

Йиғлаб борма, ҳўнграб чиқади!

Яна Фарғона: мулк, ҳоким, МХХ...

Яна Фарғона: мулк, ҳоким, МХХ...

Коллаж: «Xabar.uz»

Муаммо ечим топадигандай эди. Ахир шикояти юзасидан фуқаронинг уйига вилоятнинг биринчи раҳбари шахсан келди, кўнглини кўтарди, юпатди, пировардида ваъдани қуюқ қилди: «...яна ёзув-чизув қилиб юрманглар, ҳаммасини ҳал қиламиз...».

Ўшанда 2014 йил охирлаб қолганди, у пайтлар катта амалдорнинг мазлум фуқаро ҳузурига келиши салкам эртак ҳисобланиб, бундай саодат ҳар кимга ҳам насиб этавермасдики, ўз уйида «тирик» ҳокимни кўриб турган одам унинг ваъдасига қандоқ ишонмасин? 

Вилоят каттасининг кутилмаган ташрифига сабаб масаланинг долзарблигидан кўра нозиклигида эди.

Гап шундаки...

...2000 йил охирида Фарғона шаҳрининг Сайилгоҳ (собиқ Т.Қамбаров) кўчасида 56 та хонадондан иборат 4 қаватли уй қад ростлайди. Комиссия тақсимотига кўра шу уйлардан бештаси қурувчи ташкилот — «Башорат» МЧЖга улуш тариқасида ажратилади. Бу ажратилган бешта квартира «Башорат»нинг ҳаппа-ҳалол мулки дегани, тамом! Бироқ орадан етти йил ўтиб (2007 й.), Фарғона шаҳар ҳокими ушбу бешта квартирани собиқ МХХ вилоят бошқармаси ходимларига хизмат хонадони сифатида бериб юборади.

Орадан ўн бир йил ўтди.

Бу вақт оралиғида нималар бўлмади дейсиз?!

Энг катта мусибат «Башорат» МЧЖ таъсисчиси ва раҳбари, ўта меҳнаткаш ва камсуқум Тўрахўжа Обидовнинг тўсатдан (50 ёшида) вафот этгани бўлди. Ҳали мусибат асорати кетиб-кетмай МЧЖ фаолияти жиддий элакдан ўтказилиб, бўрттирилган маълумотлар асосида далолатнома битилдики, шунинг ўзи жиноят иши қўзғатишга кифоя қилди (бу энди алоҳида мавзу). Устига устак, раҳматлининг тўнғич фарзанди ва меросхўри Шуҳрат Обидов жиддий хасталикка чалиниб, иккинчи гуруҳ ногиронига айланди. Буям камлик қилгандай марҳумнинг ўзи «0»(нол)дан қурган Олтиариқ туманидаги асфальт ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонага  нақ Тошкентнинг ўзидан «харидор» келсами?!. «Харидор», ўзининг айтишича, айни пайтда давлатга хиёнат қилганликда айбланиб умрбод  озодликдан маҳрум этилган қудратли генералнинг «одами» экан: «...Корхонани бизга сотасан, бу сен учун — шанс, если чтў, шундоқ олволишга кучимиз етади...». Бундай «таклиф»га рад жавобини бермоқ ўша пайтда айтишгагина осон эди, кўпни кўрган одамлар «маслаҳати» билан  марҳумнинг хаста меросхўри бунга рози бўлди. Қайд этиш керак, корхонаси текинга берилгани йўқ. Аммо тўланган пул «келишув»да кўзда тутилмаган, бироқ янги эгалари томонидан эгаллаб олинган хомашё ва транспортлар баҳосига етмасдики, қолганини тасаввур қилаверинг!..

Фото: «Xabar.uz»

Шу тариқа бир инсоннинг онгли умри давомида катта машаққат эвазига топган-тутганлари «эгасини таниб» кетаверди...

Бироқ ҳозир гап бешта квартира ҳақида кетмоқда, холос.

Алқисса, узоқ ва азобли муолажалардан сўнг бир қадар оёққа турган Шуҳрат Обидов қонуний мулкларини қайтариб олиш ҳаракатига тушди. Аввалига Фарғона шаҳар ҳокимияти остонасига бош урди: «бизнинг мулкни бошқага берворганингиз нимаси?».

Шаҳар ҳокими ўринбосарининг жавобини қаранг (15.07.2014й. №2010-01-22):

«...Фарғона шаҳар ҳокимининг 2000 йил 29 декабрь кунги 1419-қарорига асосан сизга тегишли бўлган Фарғона шаҳар Т.Қамбаров кўчасидаги 5 та (3 та 3 хонали, 2 та 4 хонали) уй-жойлар  шаҳар ҳокимининг 2007 йил 14 август кунги 681-қарорига асосан МХХ Фарғона вилоят ходимларига хизмат турар-жойи сифатида берилган.

Шунга кўра... ҳокимлик сизга уй-жой бериш масаласини рад қилишини маълум қилиб, жавоб хатидан норози бўлсангиз, белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз борлигини маълум қилади.

Шаҳар ҳокимининг ўринбосари,
Уй-жой ҳайъати комиссияси раиси Н.Назаров».

Фото: «Xabar.uz»

Кўриб турибсиз, бунақа жавоб фуқаро устидан кулишдан бошқа нарса эмас. Рост-да, жавоб хатидан бировнинг хусусий мулки бошқага бериб юборилаётгани инкор қилинаётгани йўқ. Бундай хатти-ҳаракатига на асос кўрсатмоқда, на изоҳ. Унинг ўрнига муқобил таклиф ҳақида-ку чурқ этилмайди. Ҳаммасидан ўтиб тушгани шуки, бировнинг мулкини бошқага бервориш ваколати йўқ амалдор мазлумга «судга мурожаат қилиш ҳуқуқи бор»лигини тушунтириб, «донолик» ҳам қилаётир?! Қонун-ку, бунга йўл берар, аммо амалиёт-чи? Ўша пайтда ҳокимнинг «меҳрибонлиги»ни судда муҳокама этишга журъат этмоқ шаккоклик билан баробар эдики, шундоғам таланиб ётган сағирларда юрак нечта? Қисқаси, юқоридаги жавоб, ўша пайт нуқтаи назаридан, арабларнинг машҳур мақолини ёдга солади: «Саҳрода битта бозор – хоҳлаган бозорингга бор!».

Шаҳар ҳокими ўринбосарининг турган-битгани мазах бўлган юқоридаги жавобидан (бу мазмундаги хатдан ҳоким бехабар қолиши мумкинмас) сўнг Шуҳрат Обидов пойтахтдаги нуфузли идораларга шикоят ёзди. Ҳайтовур, унинг шикояти инсофлироқ масъул қўлига тушиб, «ҳой, қаранглар!» деган маънода жиддийроқ гап айтилган чоғи, вилоят ҳокими Обидовлар хонадонига шахсан боришининг сабаби, эҳтимол, шундадир...

Муаммо ҳал этилгандай эди гўё: «қулоғини ушлаб кетган» бешта квартира эвазига шаҳар ҳокимлиги балансидаги «дом»лардан таклиф қилди. Бу таклифнинг эътиборга молик нуқталари етарли: аввало ҳокимлик бевосита хатосини тан олаётир; иккинчидан, бешта квартиранинг айнан ўзини қайтариш имконияти йўқ даражада эканини ҳам англатади; учинчидан ва, энг муҳими, муаммо ечими учун реал ҳаракат бошланди...

Бироқ ҳолва дегани билан оғиз чучимас экан-да.

Ҳокимият балансидаги квартираларнинг ҳолати маълум (йўқса, ҳоким Обидовлар мулкига очиқдан-очиқ чанг солармиди?): аксарияти биров истиқомат қилмаётгани важи билан суднинг сиртдан чиқарилган қарори асосида («эгалик ҳуқуқи йўқолтилган» деб) «олиб қўйилган» уйлар ҳисобланади. Бунақа квартираларнинг хароблиги майли, бироқ маълум вақт ўтиб, эгалари пайдо бўладики, кўринг томошани?! Ваъда қилинган квартиралар ҳали қўлга тегиб-тегмай Шуҳрат Обидов шунақа «томоша»ларни кўришга улгурдики, шундоғам муаммолар гирдобидаги одамга бунақанги ғурбатлар тамоман ортиқчалик қилади.

Фото: «Xabar.uz»

Шу тариқа муаммо муаллақ қолгач, ҳокимлик томонидан бошқа таклиф илгари сурилди: «Ҳар бир оила аъзонгиз учун уй-жой қуришга олти сотихдан ер берамиз, маъқулми?..».

— Ўзимизнинг уйларни қайтариб берақолинг, ҳоким бува.

— Айтдим-ку, иложи йўқ...

Начора, иккинчи таклиф чакки эмас, бироқ қурилиш қилмоққа имкон қайда?

— Бу ёғини ўйламанглар, кредит олиб бераман...

Бундан яхшироғига умид қилмаган Обидовлар яна муросага боришди.

Тегишли қарор кўпам ҳаялламади. Аммо ҳокимлик яна ғирром йўлга ўтганди. Обидовлар оиласига дохил олти нафар фуқаронинг ҳар бирига олти сотихдан ажратилган жой шу хонадонга тегишли «Башорат» МЧЖнинг «Иссиқхона»си ер майдонлари эди! Буни «Сопини ўзидан чиқариш» дейсизми ёки «Ўзиникини ўзига едириш»ми – танлаб олаверинг! Бунақа «ўйин» кетаётган пайтда кредит ҳақидаги ваъда насия бўлишини илғаш учун катта ақл шартмас.

Шу ишга «киришилганигаям» тўрт йилдан ошди. Ҳоким – ўша, мазлум — ўша, муаммо — ўша... Ҳаракат бору, натижа йўқ.

...Бир қарашда муаммо каттага ўхшамайди (янаям тўғриси, кимга қанақа?). Мулкий можаролар озмунчами? Аммо масалага босиброқ қаралса, энди муаммо нозиклигидан кўра долзарблиги кўпроқ бўй кўрсатади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, хусусан, эндиликда МХХдан ДХХга айланган тизим ходимларининг ижтимоий муҳофазасига эътибор қаратиш керакми? Албатта! Жойларда бу масала ҳудудий ҳокимият зиммасига тушадими? Шундай. Ҳокимлик зиммасидаги вазифани бировнинг бурнини қонатиш эвазига адо этадими? Ҳокимиятнинг ғирромона хатти-ҳаракатлари   янгиланаётган ДХХга нисбатан одамларда ўзгача қараш шаклланиши эҳтимолини юзага келтирмоқда. Масаланинг оғриқли жиҳати шу-да. Иккинчидан, вилоят ҳокими «оғзи полвонлиги» билан шуҳрат қозонганининг сирли жойи қолмаган. «Оғзи полвон» раҳбарнинг ишиям полвон бўлиши керак-да. Мамлакат раҳбари ҳар икки гапининг бирида «одамларни рози қилиш»ни талаб қилиб турганда мазлумлар мушкулини осон қилишга наҳот йиллар камлик қилаверса?! Ҳолбуки, улар муравват эмас, адолат сўрашаётир...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг