Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Адолат» партияси блогерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқчи

«Адолат» партияси блогерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқчи

Жорий йилнинг 2 ноябр куни Тошкент шаҳридаги Халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон Адолат социал-демократик партиясининг IХ Қурултойи бўлиб ўтди. Бу ҳақда партиянинг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашларидан сайланган делегатлар, Сиёсий Кенгаш, Марказий Тафтиш комиссияси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси депутатлари, парламент қуйи палатаси депутатлигига партиядан кўрсатилган номзодлар, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қурултойда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Н.Умаровнинг “Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг фаолияти ҳисоботи ва янги босқичда партия вазифалари тўғрисида”ги маърузаси тингланди.

Қурултой делегатлари муҳокамалар доирасида партиянинг давлат ҳокимияти, қонунчилик ва вакиллик органларига бўлажак сайловларда фаол иштирок этиши бўйича устувор йўналишлари бўйича таклифлар қайд этилди. Қурултой мамлакатни демократлаштириш ва янгилаш, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича устувор вазифаларни ҳал этишда “Адолат” социал-демократик партиясининг ўрни ва роли белгиланган “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони” деб номланган сайловолди дастурининг асосий қоидаларини кўриб чиқди ва тасдиқлади.

Дастурда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатори блогерлик фаолиятининг ҳам ҳуқуқий асосларини шакллантириш кўзда тутилган.

Қурултойда Сайлов кодексининг 70-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодлар маъқулланди. Қурултойда, шунингдек, партиянинг олий органи ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Сиёсий Кенгаш ва Марказий Тафтиш комиссиясининг янги аъзолари сайланди. Партия Устави қабул қилинди. Қурултойда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Қурултой ишининг якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ўтказилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси бугунги кунда 414 478 минг аъзога, мамлакатнинг барча ҳудудларида 6313 та бошланғич партия ташкилотига, 201 та ҳудудий бўлинмага, парламент ва ҳокимиятнинг маҳаллий вакиллик органларида депутатлик гуруҳларига эга.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг