Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Адолат» СДП «Жарқўрғон воқеаси»ни қоралаб, айбдорларга чора кўришни талаб қилди

«Адолат» СДП «Жарқўрғон воқеаси»ни қоралаб, айбдорларга чора кўришни талаб қилди

Фото: «Adolat.uz»

Куни кеча Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон туманида судьялар омма ўртасида обрўсизлантирилгани ва суд органи ҳайдовчиси калтаклангани хабар берилганди.

«Адолат» СДП мазкур воқеани қоралаб чиқди ва айбдорларга тегишли жазо сўраб, ўз баёнотини эълон қилди.

«Фаол ҳаракатланишга чеклов ўрнатилган айни паллада суд идораларига тегишли автомашиналарга юриш учун рухсат берилган. Таассуфки, бундан айрим ҳокимлар, ИИБ ходимлари, бехабар кўринади. Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида содир бўлган воқеа шундай хулоса чиқаришга мажбур этди. Яна буларнинг бошида туман ҳокими раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ турганига нима дейсиз?

Нега мансабдор шахслар томонидан сайр қилиб юрган автоуловга нисбатан эмас, адолат ўрнатишдек муҳим вазифа томон ошиқаётган судьяга қарата асоссиз қоидалар пеш қилинди? Устига устак, бу оддий эслатма ёки огоҳлантириш эмас, бир йўла куч ишлатиш ва таҳдидга айланмоқда. Ёки тажовузкорлик улар учун ёзилмаган ваколатми?

Наҳот, туман ҳокими ва ИИБ мутасаддилари судьялар мустақиллиги ва дахлсизлигига оид конституциявий нормадан бехабар бўлса? Ахир бу Бош қомусимизга ҳурматсизлик, қонунларга беписандликдан бошқа нарса эмас. Кўп ваколатлар берилгани хоҳлаган ишини бажариш ёки истаган қонунни оёқости қилиш мумкин дегани эмас.

«Адолат» СДП суд тизимини комплекс ривожлантириш, судларнинг мавқеини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти, деб ҳисоблайди. Мазкур мақсадимиз сайловолди дастуримизда устувор вазифа сифатида мустаҳкамлаб қўйилган.

Шундай экан, Жарқўрғондаги ушбу воқеани қоралаймиз ва ноқонуний ҳаракатлар содир этганларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилиши тарафдоримиз», — дея якунланади партия баёноти.

Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура ҳам мазкур иш юзасидан текширув ўтказаётганини билдирган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг