Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Афғонистон аҳолиси очлик хавфи остида. Ўзбекистон инсонпарварлик ёрдами жўнатди (фото)

Афғонистон аҳолиси очлик хавфи остида. Ўзбекистон инсонпарварлик ёрдами жўнатди (фото)

Фото: «Uza.uz»

2017 йил сўнгги ойлари ва 2018 йил бошларида Афғонистон ҳудудининг учдан икки қисмида қурғоқчилик кузатилди. Оқибатда қишлоқ хўжалигини суғоришда муаммолар юзага келиб, буғдой етиштириш кескин камайиб кетди. Маълумотларга кўра, ушбу табиий офат натижасида Афғонистоннинг 2.3 миллион аҳолиси очликда қолиши эҳтимоли бор, деб хабар бермоқда «ЎзА».

Жорий йилнинг 28 май санасида Афғонистон Ислом Республикаси Президенти дунё ҳамжамиятини юзланиб мамлакатга инсонпарварлик ёрдамини беришга чақирган эди. Президент Ашраф Ғани Афғонистоннинг 34 вилоятидан 16 таси тамомила қурғоқчиликдан азият чекаётганини маълум қилган. Мамлакатнинг кўпгина сув омборлари қуриб қолган. Бу эса аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашда қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Афғонистон давлати ўз аҳолисига моддий ёрдам кўрсатаётган бўлса-да, одамларнинг асосий қисми очарчиликда қолиши мумкин. Табиий офат асосан мамлакатнинг шимолий қисмида кузатилмоқда.

Ўзбекистон қўшни давлат ҳукуматининг дунё ҳамжамиятини мамлакатга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш борасидаги чақириғига биринчилардан бўлиб жавоб йўллади, қардош давлат аҳолисига ёрдам қўлини чўзди.

2018 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан 25 автобус, 3 трактор ва тиркама техника ҳадя қилинган эди. Шунингдек, мамлакатимиз кўмаги билан Афғонистонда кўприклар, юқори вольтли электр линиялари, оптик толали кабель линиялари, сув таъминоти тармоғи барпо этилган.

Жорий йилнинг 5 июнь куни Афғонистонга Ўзбекистоннинг яна бир инсонпарварлик кўмаги йўлланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан қўшни Афғон Ислом Республикасига 3 минг тонна ун (50 та темир йўл вагонлари 1 млрд. 700 млн. сўм – 2 млн. АҚШ доллари миқдорида) ёрдам сифатида юборилди.

Афғонистоннинг қурғоқчиликдан азият чеккан аҳолиси учун ажратилган ун-дон маҳсулотлари Ўзбекистон темир йўлларининг «Шўрчи» бекати орқали Ҳайратонга етказилди.

Ҳайратон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича вакили Исматилла Эргашев, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги (Мозори Шариф) консуллик идораси консули Миродил Абдураззоқов, Афғонистоннинг Ўзбекистондаги (Тошкент) Фавқулотда ва мухтор элчиси Саййид Шаҳобиддин Темурий ва икки ҳукумат аъзолари иштирокида учрашув ўтказилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг