Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Акфа» ҳақида гапирган олима балога қолдими?

«Акфа» ҳақида гапирган олима балога қолдими?

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Ёш олима, иқтисод фанлари доктори, профессор Барногул Санақулова «Акфа университетининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси юзасидан «Муносабат» кўрсатувида  фикр билдириб, унда университетга берилиши кўзда тутилган имтиёзлар, хусусан, Қибрай туманидан 30 гектар ер ажратилишини танқид қилганди.

Профессорнинг танқидий чиқиши ортидан унга нисбатан виртуал ҳужум бошланиб кетди. Ижтимоий тармоқлар орқали бўлаётган ҳужумнинг асосий ижрочилари хонанда ва актрисалар бўлиб, уларнинг «раддиялари» ҳам қувваи ҳофизасига яраша, албатта.

Тармоқнинг фаол фойдаланувчилари ҳам қараб ўтиришгани йўқ. «...иши асосан фонограмма янграётганда оғизни унга мослаб қимирлатишдан иборат бўлган отарчилар иқтисод фанлари докторининг фикрига раддия билдиришмоқда. Тасаввур қиляпсизми?» деб ёзади «Файзибоғ» канали.

Ношир Феруз Аллаев эса олимага «қарши курашаётганлар» унинг шахсий ҳаётига тил текказиши жирканч экани мазмунида пост қолдирган.

Таниқли журналист ва блогер Шаҳноза Соатова эса одатдагидек, бир ўқ билан бир неча қуённи урибди: «...Ҳамма Барногул Санақуловага нисбатан Ҳалима (актриса Ҳалима Ибрагимова - таҳр.) қилган видеомурожаатни гапиравергач, Инстаграмдан мен содда halima деб қидирув бериб, тополмай, ҳайрон қолиб ўтирибман. Бир неча сонияда ўзимга келиб, бир зумгина Ҳалимадек фикрладим ва xalima деб қидирув бериб топдим!

Нима ҳам дердик, исмини тўғри ёза олмайдиган одамлар чиқиб халқ номидан, унга нима фойдаю нима зиёнлигини гапирмоқда. Яна «кругозорни кенгроқ олинг»миш?!

Майли, Ҳалима ва унинг мурожаатини мен бундан ортиқ муҳокамага лойиқ кўрмайман. Аммо шу ишнинг бошида турган ишбошиларимиз жамоатчилик фикри билан ишлашда ё ўзлари даъво қилаётган даражада бўлишлари ё ҳозирги қўллаётган даражага муносиб эканликларини тан олишлари керак.

Akfa университетининг халқимиз учун келтиражак фойдаси бордир, балки. Лекин ҳозир иш тўғри бошланмаяпти. Асли Барногул айтган гаплар, ундан ҳам аввал иқтисодчи Отабек Бакиров ўз телеграм каналида бу қарор лойиҳаси юзасидан кўтарган саволларга жавоб бериш керак. Акс ҳолда ҳозирги ахборот урушларию юришларини «қўрққан олдин мушт кўтарар»дан бошқа нарса деб бўлмайди.

Қанча халққа фойдали лойиҳалар, ташкилотлар бор. Йиллар давомида ижарада ўтириб, сифатли китоб чиқараётган нашриётлар, болаларни ўқитиб, халқаро фан олимпиадаларига олиб чиқаётган ўқув марказлари ёки ижара пулини тўлолмай ёпилиб кетиш арафасида турган болалар ижодиёт марказлари... Улар халққа фойда келтирмайдими? Эл қатори ижарасини тўлаб юрибди-ку. Агар Akfa университетининг бу қарор бўйича асослантирилган аргументлари бўлса, ташаббускорлар ўзи профессионал жавоб бериши керак, позициясини оқлашни обрўси шубҳали шахсларга қолдирмай.

Умуман, охирги пайтларда кузатилаётган давлат активларининг жадал улгуржи савдоси кўп саволлар туғдиряпти. Умид қиламизки, уларга ҳам Ҳалима эмас, масъуллар жавоб беришади».

Эслатиб ўтамиз, Акфа унверсититети хусусий олий таълим муассасаси бўлиб, у Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли бизнес-империянинг битта тармоғи экани айтилади.

Ўтган йили Ж.Ортиқхўжаев можаролар марказида қолиши ортидан хонанда Юлдуз Усмонова ижтимоий тармоқ орқали уни ҳимоя қилиб чиққанди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг