Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

«Америка орзуси»: нима учун АҚШ элчихонаси деярли ҳеч кимга виза бермайди? (видео)

«Америка орзуси»: нима учун АҚШ элчихонаси деярли ҳеч кимга виза бермайди? (видео)

Фото: «РИА НОВОСТИ»

Дунёнинг барча давлатларида, жумладан Ўзбекистонда ҳам қатор элчихоналар фаолият юритади. Улар орасида энг қаттиқ қўриқланадигани, энг ҳашамдори ва, шубҳа йўқки, энг гавжуми АҚШ элчихонасидир. Йиллар ва ҳатто асрлар давомида «Америка орзуси» одамларни ўзига оҳанрабодек тортиб келди ва ҳамон тортмоқда. Аммо охирги йилларда кўпчилик давлатларда, айниқса Ўзбекистонда АҚШ элчихонаси эшигини қоққанлардан айтарли ҳеч кимга виза берилмаяпти. Хўш, сабаби нимада? Буни таҳлил қилишга уринамиз.

Бир нарсани унутмаслик лозим: ҳеч қандай ҳужжат, ҳеч қандай важ АҚШ визасини олиш учун 100 фоиз асос бўла олмайди! Демак, рад этиш учун ҳамиша ва ҳар қандай жойда асос топиш мумкин. Яна бир муҳим жиҳат: нега АҚШ элчихонаси кўпчиликка рад жавобини беради? Чунки кўпчилик элчихонани алдашни, қисқа муддатли виза билан бориб АҚШда қолиб кетишни, нолегал меҳнат қилиб бойлик орттиришни режалаштиради.

Келинг, ҳаммасини тартиб билан давом эттирамиз:

  1. Кўпчилик элчининг шахсан ўзи фуқароларни қабул қилади ва визани ҳам ўзи беради деб ўйлайди. Элчи бунақа (майда) ишлар билан шуғулланмайди, унинг асосий вазифалари давлатлараро муносабатларни ривожлантириш ва сиёсий тадбирлардир. Виза бериш билан консуллар шуғулланади ва одатда улар захирадаги зобитлар бўлишади. Яъни улар инсон психологиясини жуда яхши ўрганишган, алдашга уриниш деярли самара бермайди.

  2. Консулни энг қизиқтирган масала сизнинг асл мақсадингиз. У кўпи билан ўн дақиқада бу масалага ойдинлик кирита олади. Бу одам АҚШга боргандан сўнг ўз вақтида қайтишни пайсалга солади деган ҳар қандай гумонга бориши билан консул сиз учун «қизил чироқ»ни ёқади. АҚШ элчихонаси томонидан фуқароларимиз учун сайёҳлик визаси 1 йил муддатга берилади. Ҳатто аксарият Африка давлатлари фуқаролари учун ҳам бундан кўпроқ муддатга виза тақдим этилади. Юртдошларимизнинг кўпчилиги АҚШда муҳожирликка оид қонунчиликни бузавериши виза муддатининг кескин қисқаришига ва бошқалар учун рад этилишига сабаб бўлмоқда. Олдин бизнинг фуқаролар учун ҳам 4 йилга берилган, лекин яна шу юқоридаги сабаблар бўлавергани учун 1 йилга қадар қисқартирилган. Шу кетишда давом эттирилса, муддат янада қисқариши ҳеч гап эмас.

  3. АҚШга бориш ва у ерда сиз таъкидлаётгандек маълум муддат бўлиш «Тошкентга саёҳат» эмас. Бунинг учун катта маблағ талаб қилинади. Виза олишда сизнинг ҳисоб рақамингизда етарли даражада кафолатланган маблағ бўлиши ёки сизни таклиф қилаётган томон барча харажатларни зиммасига олаётгани исботланиши шарт.

  4. Озчилик бўлса-да, АҚШга ишга таклиф асосида борувчилар ҳам мавжуд. Аммо бундай таклиф ҳам виза берилишига кафолат бўла олмайди. Консул айнан шу касб эгаси АҚШда керак ёки йўқлигига албатта эътибор қаратади.

  5. Тилни мутлақо билмаслик ёки жуда яхши билишнинг ҳам ўзига яраша ёмон томонлари бор. Инглиз тилини умуман билмасдан туриб АҚШга йўл олишдан мақсад нелиги тушунарсиз бўлса, жуда яхши билувчилар ҳам маълум таваккалга йўл қўйишади. Чунки инглиз тилида мукаммал сўзлашувчилар ва аввал АҚШга бориб келиб ишончга кирмаганлар уёққа боргандан сўнг тезда яхши иш топиб олиб нолегал ҳолатга ўтиб кетишлари эҳтимоли юқори.

  6. Ҳатто грин-карта лотереясини ютиш ҳам АҚШ визасини олишни кафолатламайди. Тўғри, бу лотерея имкониятларни кескин оширади. Аммо жиноий ўтмиш, аввал АҚШ қонунчилигини жиддий бузганлик ҳам рад этишга асос бўла олади.

  7. АҚШ муҳожирлар мамлакати. Йилдан йилга бу давлатга интилувчилар сони ортиб бормоқда. Лекин меҳнат бозори бунча муҳожирни қабул қилишга тайёр эмас. Демак, талабгорлар сони ортгани сари рад этиш эҳтимоли ҳам ошаверади. Қизиқ жиҳат: суҳбатга кирилганда консуллик йиғими (160 АҚШ доллари) ундирилади. Аммо натижадан қатъи назар бу йиғим қайтарилмайди. Шунга қарамай элчихона кассаси олдидаги навбатлар узайгандан узайиб бормоқда...
    Изоҳ: унутманг, бу рад этиш учун асосларнинг барчаси эмас. Элчихонага кирар экансиз ҳар қандай ҳолатга тайёр туринг.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг