Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хорижга юбориш осон экан-да?

Хорижга юбориш осон экан-да?

Фото: «365daily.one»

Бу ака-укалар бировни Японияга юборишига ўзгалар тугул ўзлари ҳам ишонмаса керак. Аммо хорижга кетиш ишқибозлари камми?! Хаёлида худдики уммон ошиб ўтса бас: моянаси катта иш тайёр, саноқли ойларда бойваччага айланади-қолади...

Шунақа «ажойиб хаёлпарастлар» бор экан, фирибгарларнинг тегирмони айланаверар экан-да. Йўқса, Зокир ва Тоҳир Тешаевлар (исм-фамилиялар ўзгартирилди) ким: одамларни Японияга юбориш қўлларидан келар экан, ўзлари Жиззахда нега «лайлак ҳайдаб» юришибди?

Шугина савол ака-укаларнинг фирибига лаққа тушган олти нафар одамнинг калласига тепмадимикан?! Тепмабди-да. Чунки хаёл — уммон ортида, у ердаги эртакнамо шарт-шароитларда! Шу боис олтовлоннинг ҳар бири уч минг АҚШ долларидан йиғиб, нақ ўн саккиз минг «кўки»ни Зокир ва Тоҳирга тутқазишган: мана айтган пулинг, қани самолёт чиптаси?

Чиптадан эса дарак бўлавермади. Ака-укаларнинг баҳонасини-ку қўяверинг! Шу тариқа икки йил ўтди. Шундагина олтовлон алданганини ҳис этиб, тегишли органга мурожаат қилдилар...

Фирибгарлар-ку, қонундан оладиганини олишди. Бироқ яна Япония ёки бошқа давлатга ишга юборамиз деб юрувчи «валломатлар» йўқлигига кафолат борми? Албатта, йўқ. Шундай экан, ўзга юртни «жаннат» деб тасаввур қилувчиларга айтамиз: ҳар ернинг ўз тош-тарозуси бор. Хорижда ҳеч ким сизни «кел, мана тайёр иш» деб, кўзлари тўрт бўлиб кутмаяпти.

Ҳушёр бўлаверинг!

М.Райимов,
Жиноят ишлари бўйича
Мирзачўл туман судининг раиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг