Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Йиғлама, қақ-қа обераман» — андижонлик журналистларнинг Президентга мурожаати юзасидан муносабат билдирилди

«Йиғлама, қақ-қа обераман» — андижонлик журналистларнинг Президентга мурожаати юзасидан муносабат билдирилди

Андижонлик журналистларнинг Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилгани ҳақидаги хабарга вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.

Мазкур муносабатнинг икки нуқтаси алоҳида эътибор тортди.

Биринчиси — муносабат фавқулодда тезкорлик билан билдирилди. Гап йўқ. Шунингдек, Андижонда Президент мактаби қурилиши таъкидланар экан, у айнан шаҳарнинг 1-рақамли шоҳкўчасида жойлашган шаҳар ҳокимлиги ва «Андижоннома» таҳририяти биноси ўрнида қад ростлаши расман тасдиқланди.

Иккинчиси — асосий савол очиқ қолган. Гарчи муносабатда «таҳририят ходимларининг хавотирига ўрин йўқлиги», «...Андижон шаҳри марказида барча қулайлик ва шароитларга эга, замонавий бино қуриб битказилиб, таҳририят кўчириб ўтказилгандан сўнг (мактаб) қурилиш ишлари амалга оширилиши» таъкидланса-да, бунга ишончдан кўра умид кўпроқ. Чунки, ваъдалар кўпинча «туя гўшти еб» қолаётганига мисоллар бор. Масалан, уч ойда реконструкция қилиниши кўзда тутилган Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази қарийб икки йилдирки тугалланмагани, натижада ноёб китоб фонди техникумларнинг бирида, тиқилинч шароитда зах босган ҳолда сақланаётгани, Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими ҳам худди шундай тураржойсиз ҳолатда кун кўраётгани берилган хабарда алоҳида таъкид этилганди. Вилоят ҳокимлигини расмий муносабатида бу ҳақда негадир лом-мим дейилмайди. Шундай экан, ваъдалар улкан бўлмасин, унинг амалга ошиши катта шубҳа остида қолаверади. Зеро, «андижонча спекталь»дан сўнг вилоят мутасаддиларига нисбатан жамоатчиликда ишонч сингани маълум.

Энг муҳими, таҳририят учун «шаҳар марказида барча қулайлик ва шароитларга эга, замонавий бино қуриб берилиши» рост бўлса, «Андижоннома»нинг пишиқ ва мустаҳкам биносини бузиш ўрнига шаҳар марказидаги ўша жойга Президент мактабини қуриш ҳар томонлама фойдали эмасми? Бюджетгаям, Президент мактабининг бахтиёр ўқувчиларигаям... Қолаверса, таҳририят биноси ва шаҳар ҳокимлиги Навоий шоҳкўчасида жойлашгани, бу ердаги қатнов ва тирбандликлар мактаб ўқувчилари учун қўшимча муаммо туғдириши, айниқса, уларнинг хавфсизлигини катта сўроқ остида қолдириши ҳозирдан аён-ку?!

Қисқаси, вилоят ҳокимлигининг тезкор расмий муносабати «журналистларнинг овозини ўчириш» учун қилинган шунчаки баёнотга ёки ғирт анжанча айтсак, ёш болани «йиғлама, сенга қақ-қа обера-аман», дея юпатишга ўхшаб турибди.

Яна бир гап. «Xabar.uz» манбасига кўра, вилоят ҳокимлиги таҳририят учун вақтинча бошпана топиш ишларини бошлаб юборибди. Бу эса расмий муносабатдаги ваъдаларга бўлган шубҳани бадтар ошираётир...

Давлат раҳбари ҳар чиқишида журналист ва блогерларни қўллаб-қувватлаётган бир пайтда ҳокимликнинг уларга нисбатан бундай совуққон муносабати ҳеч қандай қолипга сиғмайди. Қолаверса, янги бино қурилишлари «Андижонча тендер»га айланиб кетмаслигига ҳам кафолат йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг