Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ Афғонистон бўйича Тошкентда бўлиб ўтадиган конференцияда қатнашади

АҚШ Афғонистон бўйича Тошкентда бўлиб ўтадиган конференцияда қатнашади

Фото: REUTERS

АҚШ Афғонистондаги тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича март ойининг охирида Тошкентда Ўзбекистон ҳукумати ташкил қиладиган халқаро конференцияда иштирок этиш ниятида. Бу хусусда 5 март куни журналистлар билан учрашувда давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Элис Уэллс ТАСС мухбирининг саволига жавобан айтиб ўтди.

«Биз Тошкентдаги конференцияни Кобул жараёнининг бир қисми сифатида кўрмоқдамиз. Биз учун бу механизм ва конференциялар афғонларга тегишли бўлиши ва улар томонидан бошқарилиши муҳимдир», — деди Уэллс.

«Маълумингизким, Тошкентдаги конференция ташаббуси Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкентдаги учрашувида илгари сурилган эди. Бу Афғонистон раҳбарининг Ўзбекистонга илк ташрифи бўлиб, сафар давомида икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришга қаратилган бир қатор битимлар имзоланган», — деди америкалик дипломат.

«Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон Афғонистонни минтақага қайтаришда муҳим рол ўйнашига ишонамиз. Энергетик алоқалар, савдо алоқалари, одамлар ўртасидаги мулоқот Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун жуда муҳимдир. Албатта, биз бу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз», — деди Уэллс.

Февраль ойи охирида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан бўлиб ўтган учрашувида конференцияга Россия, Хитой, АҚШ, БМТ ва Европа иттифоқи вакиллари ҳам таклиф этилганини айтиб ўтган эди. Конференция 26-27 март кунлари бўлиб ўтади. Унда таклиф этилган давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари иштирок этиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг