Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШнинг ҳалокатга учраган илк авиаташувчи кемаси топилди (видео)

АҚШнинг ҳалокатга учраган илк авиаташувчи кемаси топилди (видео)

Кадр: «Youtube»

Иккинчи жаҳон уруши вақтида чўкиб кетган, ушбу типдаги биринчи авиаташувчи ҳисобланган АҚШнинг «Лексингтон» кемасининг қолдиқлари Австралия қирғоқларидан топилган. Бу хусусда «Евроньюс» телеканали хабар бермоқда.

Пол Аллен бошчилигидаги экспедиция кеманинг чўккан жойини ярим йил давомида қидирган. 3 километр чуқурликда жойлашган кема корпуси яхши сақланган бўлиб, кеманинг номи ҳамда самолётларнинг рақамлари ва идентификация (аниқловчи) белгилари аниқ кўриниб турибди.

«Лексингтон» 1925 йилда ясалган бўлиб, ўз вақтида 70 та самолётни таший олган.

Экспедициянинг сувости операциялари раҳбари Роберт Крафтнинг айтишича, кема тижорий нуқтаи назардан олиб қараганда ҳеч нарсага арзимаса-да, аммо тарихий ва археологик нуқтаи назардан у яхши топилма. Унинг айтишича, кема бортида бугунги кунда музейларда ҳам топилмайдиган ноёб самолётлар сақланиб қолган.

Кема 1942 йилнинг 4-8 май кунлари Тинч океанидаги Маржон денгизида ўтган жангда япон денгиз ҳарбий кучларининг ҳужумлари оқибатида кучли зарар кўради. Кема экипажи эвакуация қилинади ва ёнаётган кема денгиз тубига ғарқ бўлади. Мазкур жангда АҚШ 3 та, Япония эса 5 та кемасини йўқотади. Лекин тактик ғалаба Император флотига насиб этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг