Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

«Ароқ ҳам олиб келайми?» ёхуд зиёрат туризми ҳақида

«Ароқ ҳам олиб келайми?» ёхуд зиёрат туризми ҳақида

Фото: «Изюминки»

Ўтган йили бир дўстим Тошкентдан Самарқандга зиёрат учун келди. У билан шаҳарни айланиб юрар эканмиз, тушлик вақти бўлиб қолди. Уни ҳар доим дўстлар билан борадиган жойимиз — ош марказига олиб бордим. Ичкарига кириб кўзимиз битта-иккита столда ароқ ичиб ўтирганларга тушди. Шунда дўстим «бошқа жойга борақолайлик» деди ва уни шаҳардаги машҳур кабоб марказларидан бирига олиб бордим. Борсак, у ерда ҳам аҳвол шу; кимдир ичаяпти, кимдир аллақачон сархуш бўлиб олган. У ердан ҳам чиқиб кетдик. Қисқаси, ўша куни спиртли ичимлик сотилмайдиган овқатланиш шохобчасини қидириб тополмадик. Бундан мен мезбон сифатида бироз хижолат ҳам бўлдим.

Ҳа, аччиқ бўлса-да ҳақиқат шуки, Самарқанддай мўътабар шаҳарда спиртли ичимлик сотилмайдиган битта ҳам овқатланиш шохобчаси йўқ. Мабодо қаеридадир бор бўлса ҳам менинг хабарим йўқ.

Мен ароқнинг зарари, унинг ҳаромлиги ҳақида ёзмоқчи эмасман. Масаланинг бошқа муҳим жиҳати ҳақида фикр юритмоқчиман.

Ҳаммамизга маълумки, охирги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш учун кўплаб ишлар қилинмоқда. Яқинда бир гуруҳ давлатларнинг фуқаролари учун бир ойлик визасиз режим жорий қилинди.  Бундай мамлакатлар орасида Малайзия, Индонезия, БАА, Қатар каби давлатлар ҳам бор. Бу давлатлар аҳолисининг аксарияти мусулмонлар эканлигини инобатга оладиган бўлсак, у диёрлардан келиши кутилаётган сайёҳларнинг хоҳишларини ҳам инобатга олиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Меҳмонхоналарда жойнамозлар қўйилиши, аэропортларда намозхоналар очилиши, мамлакатимизда нафақат халқаро ҳалол сертификатининг, балки миллий ҳалол сертификатининг ҳам жорий этилиши каби ишлар яхши бўлаяпти. Аммо яна бир муаммо борки, энди унинг ҳам ечимини ўйлаб кўрадиган вақт келди.

Маълумки, Самарқанд вилоятида бир нечта дунёга машҳур олимларнинг қадамжолари бор. Имом Бухорий, Шоҳизинда, Мотурудий каби алломаларнинг мақбарасини зиёрат қилишга бутун дунёдан сайёҳлар келишади. Камида бир неча кун шу ерда бўлишади. Ҳафта, ўн кунлаб юрадиганлари ҳам бор. Шундан келиб чиқиб турли шаҳарларимизда, айниқса сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларида уларга сифатли хизмат кўрсатадиган кафе ва ресторанлар бўлиши лозим. Албатта, бу соҳада ҳам ривожланиш кузатилмоқда. Кафе ва ресторанлар хизмат кўрсатиш даражаси ва овқатлар сифатини жаҳон андозаси даражасига чиқаришга ҳаракат қилаяптилар. Аммо зиёрат туризми ривожланиб, юртимизга Малайзия, Индонезия ёки бошқа аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган давлатлардан сайёҳлар келиши кўпайса, улар учун спиртли ичимликлар сотилмайдиган кафе ва ресторанлар албатта керак бўлади.

Аслида спиртли ичимликлар сотилмайдиган овқатланиш шохобчалари ўзимизга ҳам керак. Аммо ундай жойларни пойтахтимиз ва Фарғона водийсидаги шаҳарлардан бошқа ҳеч бир шаҳарда топа олмайсиз.

Мен шу масалани ўрганиш учун Самарқанд шаҳридаги кўплаб ошхона, кафе, ресторанларга кириб чиқдим. «Спиртли ичимликлар борми?» деган сўровимга биронтасида «йўқ» деган жавобни эшитмадим. Кузатишларим натижасида шунга амин бўлдимки, кўп жойларда (бундай жойлар вилоятнинг турли туманларидаги кўплаб овқатланиш шохобчаларида учрайди) спиртли ичимликларни сотишга лицензияси бўлмаган ҳолда «пештахта остидан» қабилида бемалол сотишаяпти. Ҳатто камига келган хўрандадан «ароқ ҳам олиб келайми?» деб ўзлари сўрашади.

Шу боис энди тегишли органлар мамлакатимиз бўйлаб спиртли ичимликлар сотишга лицензияси бўлмаган ҳолда уларни сотаётган овқатланиш шохобчаларини қаттиқ назоратга олишлари керак.

Мен юқорида Самарқанд шаҳри ва вилоятидаги аҳволни ёздим. Сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган бошқа шаҳарлардаги аҳволни билиш учун Бухоро шаҳрида яшайдиган танишимга қўнғироқ қилиб, ундан Бухородаги  вазиятни сўрадим. Танишимнинг айтишича, Бухоро шаҳрида ҳам, вилоят туманларида ҳам спиртли ичимлик сотилмайдиган овқатланиш шохобчаси, кафе ёки ресторан йўқ. Демак, тарихий шаҳарларимизнинг, вилоятларимизнинг ҳаммасида шу аҳвол.

Хивада бўлмаганман, аммо бундан бир ярим йил аввал ишим юзасидан Хоразмнинг турли туманларида, Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл, Элликқалъа, Беруний туманларида бир ой юрдим. У ёқларда ҳам спиртли ичимликлар сотилмайдиган овқатланиш шохобчасини кўрмадим.

Бир нечта овқатланиш шохобчасининг бошлиқлари ёки иш бошқарувчиларидан «сизлар шу спиртли ичимликларни сотмай фаолият юритсангиз бўлмайдими?» деб сўрасам, улар «бўлади, аммо биз спиртли ичимликларни сотмасак хўрандалар кам келади» деб жавоб бердилар. Аслида эса бундай эмас. Тошкентда кўрганман, спиртли ичимликлар сотилмайдиган кафелар доим гавжум. Чунки ундай жойларга катта эҳтиёж бор. Чунки спиртли ичимликлар сотиладиган жойларга кимдир ўз эътиқоди юзасидан киришни хоҳламаса, кимдир эса спиртли ичимликларни ичиб бақир-чақир қилиб ўтирадиган одамлар орасида ўтиришни хоҳламайди.

Умуман олганда, бу соҳада назорат деярли йўқ. Жойларда ким нима хоҳласа ўшани қилаяпти. Биз зиёрат туризмини ҳам ривожлантиришни хоҳлар эканмиз, бу соҳани албатта тартибга олишимиз ва зиёратчиларга улар хоҳлаганларидай шароит яратиб қўйишимиз керак.

Изоҳлар 4

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг