Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Арзон уй-жой қурилишидаги «ўйинлар». Вазирга икки савол

Арзон уй-жой қурилишидаги «ўйинлар». Вазирга икки савол

Фото: «Xabar.uz»

Кеча, 25 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган навбатдаги «Ҳукумат соати»да Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев иштирок этгани ва у депутатлар олдида ноқулай аҳволга тушиб қолгани ҳақида хабар бергандик.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ушбу йиғилиш ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди:

Кеча ялпи мажлисдаги «Ҳукумат соати»да Қурилиш вазири А.Тўхтаевнинг жойларда арзон уй-жойлар қуриш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги ахборотини эшитдик. Ахборотга 10 дақиқа, савол-жавобга эса 50 дақиқа ажратилган бўлса-да, вазиримиз бир неча дақиқа кўпроқ вақт ҳисобига ахборот берди. Бироқ бу — жараёнга халақит қилмади. Энг муҳими, «Ҳукумат соати»да вазир билан биргаликда бир қатор идоралар, жумладан, ҳукумат қарорларини ҳам четлаб ўтишга уста «Қишлоқ қурилиш инвест» компаниясининг бош директори Қ.Ҳошимбеков ҳам қатнашди.

Анча вақтдан буён кўпчиликни қийнаб келган саволларга жавоб олиш истаги билан вазиримизга қуйидаги саволлар билан мурожаат этдим:

Биринчи савол

Хабаримиз бор, жорий йил давомида уй-жойларнинг нархи кескин равишда ошиб кетди. Масалан, август ойидаги маълумотлар бўйича, Тошкент шаҳрининг Сергели туманида қурилаётган уй-жойларнинг бир квадрат метр нархи ўртача 4 миллион сўмга тўғри келган. Энди тижорат учун хусусий тартибда Тошкент шаҳрида уй-жой қуриш билан шуғулланаётган фирмаларнинг нархи ўрганилганда, август ойида улар фуқароларга уйнинг бир квадрат метрини 3 миллион 300 минг ёки 3 миллион 500 минг сўмдан қуриб беришни таклиф қилишган. Масалан «ELITE COMPLEX» фирмаси аҳоли уй-жойларини қуришни калити билан бир квадрат метрига 3 500 000 сўм нархда таклиф этган.

Бундан кўриниб турибдики, биз арзон деб атаётган уй-жойлар тадбиркорлар томонидан тижорат мақсадида қураётган уй-жойлардан ҳам қимматга тушиб кетмоқда. Бу бўйича киритилган депутатлик сўровига эса «Ўзшаҳар қурилиш инвест» инжиниринг компанияси томонидан турли важлар келтирилди.

Бироқ бизнинг (депутатлар) мустақил ўрганишимиз, кенг жамоатчилик, хусусан, қурувчилар билан бўлган мулоқотларда қурилаётган уйларнинг нархи ошиб кетишининг бошқа сабаблари ҳам борлиги маълум бўлмоқда. Масалан, уй-жой қуриш билан шуғулланаётган қурувчиларнинг қурилиш материалларини олишда сунъий равишда бир ёки иккита ташкилотга боғлаб қўйилиб, қурилиш учун олинаётган дарвоза, МДФ эшик, зинапоя, ўраш учун панжара ва ҳоказолар бозор баҳосидан 2-3 баробар қиммат нархга сотиб олинаётганлиги. Агар қурувчи бозордан ёки ўзи истаган жойдан арзон ва сифатли қурилиш маҳсулоти оламан деса... кейинги сафар буюртмасиз қолади.

Энди ўйлаб кўринг, худди шундай сифат ва кафолатга эга бозорда очиқ нархда турган қурилиш маҳсулотларидан кўра қиммат нархга яна қандайдир фирмадан мажбуран олиб уй битказилгандан сўнг, уни фуқароларга арзон нархда бериш мумкинми? Йўқ, албатта. Фақат бир савол қийнайди: бундан ким манфаатдор?

Вазиримиз ушбу саволга ўзига маъқул усулда ҳаммага маълум сабабларни санаб жавоб берди, холос: дунёда нарх ўзгариши, металл қимматлаб кетди, доллар курси ўзгарди ва ҳоказо. Лекин бир ташкилотдан маҳсулот олишга қурувчиларни мажбур қилишдан ким манфаатдор деган саволга жавоб бермади.

Очиғи буни инкор қилувчи тайинли жавоб ҳам бериб бўлмаса керак.

Иккинчи савол

«Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси аҳолини уй-жой билан таъминлашда ҳукуматнинг шу йил қабул қилган 103-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларидан четга чиқиб, ўзи хоҳлаган одамларга уй-жой бериш учун шартнома тузиш билан шуғулланмоқда. Масалан, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги қурилаётган уй-жойлар ҳақиқий талабгорларга эмас, номаълум шахсларга берилаётгани, энг қизиғи, уларнинг бир қисми Зангиота туманида яшамайдиган фуқаролар эканлигини қандай тушуниш мумкин?

Инвест мазкур масала бўйича киритилган депутатлик сўровларимизга эътибор қилмади, ҳатто Адлия вазирлигининг вилоят бошқармаси ҳам Инвестнинг ҳукумат қарорларини бузаётганлигини тан олиб, тақдимнома киритган эди. Бироқ «Қишлоқ қурилиш инвест» мазкур қонуний талаб, тақдимномани ҳам назарга илмади. Қўпол қилиб айтганда, «пош...л» деди.

Шу боис, ҳурматли вазиримиздан ушбу ташкилотнинг ўзбошимчалиги, қонун ва қарорларни четлаб ўтишга қаратилган фаолиятига қандай қарашини сўрадим.

Вазир мазкур масалага вазирлик ва инвестнинг дахли йўқ эканлиги, уй-жой олувчи талабгорлар туман ҳокимликлари ҳузурида тузилган комиссия томонидан шакллантирилиши сабабли ким уй олиши, ким уй олмаслигига вазирлик ҳам, инвест ҳам умуман аралашмаслигини маълум қилди.

«Қишлоқ қурилиш инвест» компаниясининг бош директори Қ.Ҳошимбеков ҳам ушбу «эртак»ка ҳаммани ишонтирмоқчи бўлди. Бироқ биз ишонмадик. Чунки, Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрига яқин туманларида, хусусан Зангиота туманида туман ҳокимлиги ҳузуридаги комиссия тавсия берган ва туман ҳокимлиги тасдиқлаб берган рўйхатдаги бир гуруҳ қонунга ишонган фуқаролар ярим йилдан ортиқ Инвест билан шартнома туза олмай сарсон юришибди. Камига Инвест туман ҳокимлиги берган рўйхатни ва комиссия берган тавсияномаларни турли йўллар билан ортга қайтарган аниқ бир пайтда, ўзлари уй олувчилар рўйхатини шакллантириб, кейинчалик ҳокимликка тасдиқлаб беришга мажбурлаганлигини тушуниб етиш учун катта ақл ва салоҳият шарт эмас. Эҳ, инвест, инвест. Шунчасини алдадим, бу ёғига депутатларни ҳам алдайман, деб ўйладинг шекилли-а?

Шу сабабми Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари С.Отамуратов «Қишлоқ қурилиш инвест» бош директоридан, агар Инвестда ҳамма ишлар жойида бўлса, нима учун Инвестнинг мутахассислари депутат телевидение билан жойига чиқиб, аризачиларнинг уй-жой бўйича аризасини ўрганаётганида, интервью беришдан қочиб кетди, улар камеранинг олдига келиб қочиб кетган, бунга нима дейсиз, дея қўшимча савол берди.

Инвест директорининг айтишича, у киши бу вақтда Жиззахда бўлган экан. Улар телевидениега чиқишдан бир неча кун олдин хат бериб, огоҳлантирса ва уларга (қаердандир) шундай топшириқ бўлса, интервью беришаркан, бўлмаса йўқ. Бундан кўриниб турибдики, Инвест бошқа дунёда яшайди ва уларда оммавий ахборот воситалари, журналист фаолиятининг эркинлиги бўйича қонунлар умуман мавжуд эмас.

Бунга қарши Спикер ўринбосари яқин орада депутатлар томонидан бўладиган ўрганишда Инвест бўйича алоҳида кўрсатув тайёрлаб, Инвест раҳбари интервью орқали ҳаммасини тушунтириб бериши кераклигини талаб қилди. Шунда кўрамиз ҳаммасини.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб билдирилган таклиф

Саволларимизнинг якунида ҳурматли вазиримизга агар юқорида билдирган саволларимни асоссиз деб ҳисобласа ва уй-жойларнинг реал нархи қанча бўлиши, қурувчилар қандай қураётганлиги, ушбу уй-жойларни ҳақиқатан ҳам муҳтож оилалар оляптими ёки йўқми, мазкур жараёнларни танлов асосида бир гуруҳ депутатлар жойига бориб тўлиқ ўрганиб, кейин бу ҳақда аниқ гаплашсак, вазир ўрганишга етарли шароит яратиб беришга тайёрмисиз, деган таклиф билдириб ўтдим.

Вазир рози бўлди ва биз депутатларга қачон, қаерда ўрганамиз, бизга ким керак бўлса, барчасини ташкил этиб беришга ваъда берди.

Насиб қилса, янги йилдан белни маҳкам боғлаб бунга киришамиз, — дея ўз мулоҳазаларини якунлади Расул Кушербаев.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг