Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Арзон уй-жойлар нархи нега бирданига 40,1 фоизга оширилди? Расул Кушербаев Тошкент ҳокимига депутатлик сўрови юборди

Арзон уй-жойлар нархи нега бирданига 40,1 фоизга оширилди? Расул Кушербаев Тошкент ҳокимига депутатлик сўрови юборди

Фото: «Xabar.uz»

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев Тошкент ҳокими в. б. Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳамда «Ўзшаҳар қурилиш инвест» директори З. Нарзуллаевга Сергели туманида қурилаётган арзон уй-жойлар нархи юзасидан депутатлик сўрови юборди.

Фото: «Facebook / Расул Кушербаев»

Сўров матни депутатнинг «Facebook»даги саҳифасида эълон қилинди:

– Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига бўлаётган мурожаатлар, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда жамоатчилик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017–2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори доирасида Тошкент шаҳрининг Сергели туманида аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида қурилаётган уй-жойларнинг нархи катта муҳокамаларга сабаб бўлаётганлиги кўринмоқда.

Хусусан, Сергели туманида бунёд этилаётган арзон уй-жойларга талабгор фуқаролар ўз мурожаатларида, бадал пулини тўлаган вақтда уйларнинг бир квадрат метр нархи 2 841 170 сўм бўлганлиги, орадан беш ой ўтгач эса нарх 3 981 697 минг сўмга ёки (40,1 фоизга) ошириб юборилганлигини билдиришган.

Ўз ўрнида, Тошкент шаҳрида арзон бўлмаган уй-жойлар қуриш ва сотиш билан шуғулланаётган бошқа ташкилотларда эса «Olx.uz» интернет тармоғида берилган эълонларга кўра уй-жойнинг бир квадрат метр учун нархи 3 300 000 ва 3 500 000 атрофида эканлигини кўриш мумкин. Масалан, Elite Complex ташкилоти аҳоли уй-жойларини қуришни калити билан квадрат метри учун 3 500 000 сўм нархда таклиф этмоқда.

Бундан кўриниб турибдики, Президент қарори доирасида, солиқ ва бошқа тўловлардан бир қатор имтиёзларга эга бўлган ташкилотлар томонидан уй-жойга муҳтож, етим-есир ёки кам таъминланган аҳоли вакиллари учун қурилаётган уй-жойлар худди шундай сифат ва кафолатга эга бошқа уй-жойлардан кўра қимматроққа тушмоқда. Ваҳоланки, давлатимиз раҳбари аҳолини уй-жой билан таъминлашда асосий эътибор оилада бир оила аъзоси ишлаганда ҳам унинг ойлик даромади кредитга олинаётган уйни қоплашга етиши лозимлигини таъкидлаб ўтган эдилар. Айни вақтда эса Сергели туманида қурилаётган 43,57 квадрат метр уй-жойга бошланғич бадал тўланганидан сўнг имтиёзли даврда бир ой учун кредит фоизи тўловининг ўзиёқ 800 минг сўм атрофида бўлса, имтиёзли даврдан сўнг 1 464 000 сўмга айланмоқда. Худди шундай 79,6 квадрат метрли уй-жой эса бадал тўланганидан сўнг кредитни қоплашга имтиёзли даврда ҳар ойда 1 720 000 минг сўм, имтиёзли даврдан кейин эса 3 160 000 минг сўмга айланмоқда. Бундай уй жойларни олишга талабгор кам таъминланган оилаларда эса аксарият ҳолларда ойлик даромади ҳар бир оила аъзоси жон бошига ҳисоблаганда энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараваридан ортиқча бўлмайди.

Ҳурматли Жаҳонгир Абидович!

Шу муносабат билан Сиздан, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 15-моддасига асосан, 10 кунлик муддатда Президентнинг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017–2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори доирасида Тошкент шаҳрининг Сергели туманида аҳоли учун қурилаётган арзон уй-жойларнинг нархи, шу жумладан, бошқа ташкилотлар қураётган уй-жойларга нисбатан қимматлиги юзасидан асослантирилган тушунтириш беришингизни ва мазкур муаммони ҳал қилиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида ахборот тақдим этишингиз сўралади.

Расул Кушербаев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг