Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Asia Alliance Bank» Ислом корпорацияси билан ҳамкорликда муробаҳа принципи асосида кредитлар ажратишни бошлади

«Asia Alliance Bank» Ислом корпорацияси билан ҳамкорликда муробаҳа принципи асосида кредитлар ажратишни бошлади

Фото: «Azon.uz»

«Asia Alliance Bank» Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом Корпорацияси (ХСИРК) билан ҳамкорликда Ўзбекистонда кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш доирасида инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришни бошлади. Бу ҳақда «Asia Alliance Bank» вакилига таяниб, «Azon.uz» хабар берди.

Муробаҳа принципи асосида молиялаштириш Ислом корпорациясининг талабларига зид келмайдиган фаолият билан шуғулланувчи кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорларга технологиялар ва ускуналар сотиб олиш учун ажратилади.

Исломда устама фоизга қарз бериш тақиқланади. Шунинг учун кўпчилик мусулмон давлатларида маиший мақсадлар учун муробаҳа принципи асосида қарз берилади. Бунда банк мижоз танлаган товарни ўзи сотиб олади ва мижозга ойма-ой узиб юбориш шарти билан қимматроқ нархга сотади.

Ислом корпорациясининг талабларига зид келмайдиган фаолият турлари бу — Ислом шариати томонидан таъқиқланмаган, мусулмонларга фойдали бўлган ҳар қандай фаолият турлари ҳисобланади. Спиртли ичимликлар савдоси, қиморбозлик ўйинлари кабилар учун умуман маблағ ажратилмайди.

«Asia Alliance Bank» сайтида берилган маълумотга кўра 100 фоизлик импорт шартномаси учун ҳар бир лойиҳага 500 минг доллардан 4 миллион долларгача бўлган миқдорда муробаҳа принципи асосида кредитлар ажратилади. Кредитлар 6 ойлик имтиёзли муддатга, энг кўп 4 йиллик муддатга, АҚШ долларида тақдим этилади.

Ислом корпорациясининг асосий вазифаси — мусулмон мамлакатларда хусусий секторни асосий иштирокчи сифатидаги аҳамияти ва ўрнини ошириш орқали иқтисодий ва ижтимоий ўсишни таъминлашдан иборат.

Изоҳлар 3

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг