Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Айрим шахсларга нафақа билан бирга стипендия ҳам берилади

Айрим шахсларга нафақа билан бирга стипендия ҳам берилади

Фото: «Xabar.uz»

«Ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–230-сон, 29.04.2022 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2022 йил 1 июлдан:

  • оилавий болалар уйларининг сақлаш харажатлари учун Давлат бюджетидан маблағ ажратишда бир нафар тарбияланувчига тўғри келадиган харажатлар ҳамда болалар сонидан келиб чиқиб, зарур маблағлар коммунал харажатлар билан бирга ота-оналар номига очилган банк пластик карталарига ўтказиб берилади;
  • жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда ҳамда ногиронлиги бўлган болалар касб-ҳунар мактабларида ишловчи техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз миқдорда устамалар тўланади.

Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларни Республика мақсадли китоб жамғармаси орқали бадиий адабиётлар билан мунтазам таъминлаш учун ҳар йили 5 миллиард сўм йўналтирилади.

2023-2025 йилларда 10 та ҳудудда реабилитация марказига эга бўлган «Имкон» кўп тармоқли ихтисослашган мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш чоралари кўрилади.

Қарорга кўра:

  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар уларга давлат томонидан иккиламчи бозордан олиб берилган уй-жойларни мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ўз номига расмийлаштиришда нотариус ва кадастр хизматлари учун (олди-сотди шартномаси ва кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш) давлат божи тўлашдан озод этилади;
  • етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга давлат ОТМда озиқ-овқат, кийим-кечак ва санитария воситалари харид қилиш учун маблағ ажратиш амалиёти нодавлат олий таълим муассасалари талабаларига ҳам татбиқ этилади;
  • 2022 йил 1 июндан «Ишга марҳамат» мономарказларида инклюзив таълим асосида касб-ҳунарга ўқитилаётган ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик нафақаси билан бир вақтда, БҲМнинг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида ҳар ойлик стипендия тўлаб берилади.

2022 йил 1 майдан «Саховат» уйларида яшовчи зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга шахсий сарф-харажатлари учун ҳар ойда тегишли нафақа миқдорининг 20 фоизини тўлаш тартиби жорий қилинади.

Қарорга кўра, Афғон урушида иштирок этган ногиронлиги бўлган жангчи-фахрийлар индивидуал ўлчовлар асосида тайёрланадиган тегишли замонавий протез-ортопедия мосламалари билан таъминланади.

2023 йил 1 январдан:

  • I ва II гуруҳ ногиронлиги учун пенсия тайинлангандан кейин ишлаган фуқароларнинг иш стажи ва иш ҳақини ҳисобга олган ҳолда, ногиронлик пенсияси миқдорлари ҳар икки йилда қайта ҳисобланади;
  • ҳудудий жамоат фондлари ҳисобидан Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти ҳамда Ўзбекистон ногиронлар ассоциациясининг ҳудудий бўлинмаларига давлат субсидияси ажратилади.

Шунингдек, 2022-2023 йилларда давлат ижтимоий муассасаларининг қуриш ва таъмирлаш ҳамда уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 600 миллиард сўм йўналтирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг