Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бассейнлардан фойдаланиш тартиби белгиланди

Бассейнлардан фойдаланиш тартиби белгиланди

Фото: «Мйдай.уз»

Бугун, 3 май куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Сузиш спортини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар берилди.

Хабарда қайд этилишича, янги қабул ҳужжат билан 2018–2021-йилларда сузиш спорт турларини ривожлантириш дастури тасдиқланди. Дастурга кўра болалар-ўсмирлар, айниқса, уюшмаган ёшлар ўртасида «Ёш олимпиячилар», «Олимпия умидлари», қизлар ўртасида синхрон сузиш бўйича «Сув париси», сув спорти турлари бўйича «Нафосат олами» спорт мусобақалари ташкил этилади.

Ҳудудларда сузиш бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида семинарлар ташкил этилади. Бассейнларни йил давомида фаолият юритиши учун уларни электр ва газ таъминоти билан тўлиқ таъминлаш чоралари кўрилади.

Бассейнларнинг эксплуатацияси жараёнларига масъул бўлган ходимларни (филтрловчи, дезинфектор, ва шу кабиларни) тайёрлаш учун махсус курслар очилади.

Бассейнларга кириш жойларида видеокузатув ва турникет мосламалари ўрнатилади.

Қарор билан, шунингдек, «Бюджет маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган бассейнларда шуғулланиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Низомга кўра бассейнларнинг соғломлаштириш гуруҳларига етти ёшдан бошлаб (агар чуқурлиги бир метрдан ошиқ бўлмаган бассейн бўлса, тўрт ёшдан бошлаб) барча хоҳиш билдирган шахслар қабул қилиниши мумкин.

Шуғулланувчилар бассейнларнинг соғломлаштириш гуруҳларига қабул қилинган кундан эътиборан уларга бассейнга кириш ва сув хавзасидан фойдаланишга рухсат берилади.

Соғломлаштириш гуруҳларида машғулотлар жараёнига 45 дақиқа (академик соат) ҳамда шуғулланувчилар ечиниб-кийиниши ва ювиниши учун 15 дақиқа вақт белгиланади.

Агарда бир оиланинг икки ва ундан ортиқ фарзанди бассейнда шуғулланса, улардан ҳар бирининг шуғулланиши учун белгиланган ойлик тўловининг 70 фоизи миқдорида тўлов амалга оширилади.

Бассейнларда шуғулланиш истагини билдирган шахслар ушбу бассейн тегишли бўлган муассасага қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

— ариза (вояга етмаган шахслар учун уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан);

— шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома);

— 086-у-шаклдаги тиббий маълумотнома, тери таносил врачи ва кардиолог томонидан шуғулланишга берилган рухсатнома;

— шуғулланувчининг спорт мусобақаларида эришган натижаларини тасдиқловчи ҳужжатлар (агар мавжуд бўлса);

— шуғулланувчининг 3,5 х 4,5 см ўлчамдаги 4 дона рангли фотосурати;

— шуғулланувчининг спорт паспорти нусхаси, агар мавжуд бўлса (ҳужжатларни топшириш вақтида спорт паспортининг асл нусхаси кўрсатилади);

— шуғулланувчининг аввалги шуғулланган спорт муассасасидан шуғулланганлигини тасдиқловчи маълумотнома (агарда шуғулланган бўлса).

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг