Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бахмалдаги ҳолатни ҳокимлик хаспўшлади

Бахмалдаги ҳолатни ҳокимлик хаспўшлади

Жиззах вилоятининг Бахмал туманида Ахборот-кутубхона маркази очилишига изғиринли совуқ кунларда туман ҳокими қаршисига юпун кийинган қизалоқлар олиб чиқилгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ушбу ҳолат юзасидан баёнот берган Бахмал тумани ҳокимлиги ахборот хизмати вазиятни хаспўшлашга уринди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 20 ноябрь куни Бахмал туманида Ахборот-кутубхона маркази очилиш маросимига туман ҳокими иштирокчи сифатида таклиф этилган.

Эмишки, «туман ҳокими ташкилотчиларнинг ёш болаларни совуқ кунда (ўша куни ҳаво ҳарорати Бахмалда камида – 4 даража бўлган — таҳририят) юпун кийинтирганини тадбирга ташриф буюрганидан кейин гувоҳи бўлган. Ҳавонинг совуқлиги боис очилиш маросими ташқарида тахминан 5-6 дақиқа давом этган». Бу ўйлаб-ўйлаб аранг топилган баҳонага ўхшайди. Нега ҳоким юпун кийинган болаларни кўрибоқ, уларни ичкарига киритишни сўрамаган? Тадбир очиқ ҳавода қисқа давом этган тақдирда ҳам, болалар ҳокимнинг келишини кутиб қанча вақт совуқда туришди экан?

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати очилиш маросимидан дастлабки репортажини эълон қилганида қалин кийинган, бошига телпак кийиб олган ҳокимнинг болалар билан гаплашиб турганини, бир тарафда мусақачи болалар, ёнида қўлига нон-туз ушлаган юпун кийинган қизалоқлар, туман раҳбарининг маъруза қилаётган фотоларини жойлаганди. У репортаждан очилиш маросими шошилинч ўтказилгани сезилмаган ҳеч ҳам.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати «ёпишмаган гажак»ларини давом эттириб шундай ёзади: «тадбир якунлангач, туман ҳокими тадбир ташкилотчиларига кичик йиғилиш ўтказади. Мазкур йиғилишда туман ҳокими тадбирнинг ташкилий қисми нега айнан бинонинг ичида ўтказилмаганлиги юзасидан кескин муносабат билдирган. Куни кеча ижтимоий тармоқларда чиқарилган эътирозлар юзасидан суратдаги ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбат жараёнида мазкур ҳолатда фарзандларининг узоқ вақт ташқарида қолиб кетмаганлиги сабабли бунга эътирозлари йўқ эканлигини билдирилган».

Оқловнинг охирида қўшимча қилиб қўйилган: «тадбир ташкилотчиларига бундан кейин масъулиятли ва эътиборли бўлишлари юзасидан огоҳлантириш берилди ҳамда қонуний тартибда чора кўриладиган бўлди». Тамом.

Ҳокимлик муносабатида совуқда қолган ёш қизлар ҳолатига на ачиниш ҳисси ва на таажжубни кўрасиз. Худди бу доим бўлиб турган ва бўлиши лозим ҳолатдек. Ҳиссиз ҳокимликнинг фақат ўзини оқлашга чираниши холос бу.

Эслатиб ўтамиз, бундай ҳолат яқинда Андижонда ҳам кузатилганди. Ўқувчиларнинг юпун ҳолда тадбирга олиб чиқилгани учун мактаб директори ва ўринбосари ишдан олиниб, «иш ёпилганди».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг