Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Баёнот ортидан Гулнора Каримовага оид яна бир мавҳумлик ошкор бўлди

Баёнот ортидан Гулнора Каримовага оид яна бир мавҳумлик ошкор бўлди

Фото: «bigmir»

Икки йилдирки, Гулона Каримова мавзуси кун тартибидан тушмаяпти.

Унга боғлиқ шов-шувлар э-энди тинай деганда, гоҳ собиқ турмуш ўртоғи мулк билан боғлиқ баёнот берса, гоҳ ўғли ёки қизи ёинки хориж матбуоти қанақадир янгилик топиб, мавзуни яна «ўз ўрнига» чиқариб қўймоқда.

Кеча тарқалган навбатдаги хабар ҳаммасидан ошиб тушди: Имон Каримова онаси гўёки ўғрилаб кетилганини иддао қилиб, ижтимоий тармоқларни ларзага келтирди.

Бунга нисбатан Бош прокуратуранинг баёноти кўпам ҳаялламади. Тонгга яқин (!) тарқатилган баёнот мазмунича, Гулнора Каримова ўғрилаб кетилмаган, балки унга нисбатан тайинланган озодликдан чеклаш жазоси талабларини муттасил бузиб келгани учун чора ўзгартирилиб, умумий режимдаги колонияга юборилган.

«Умумий режимдаги колония» – панжара орти деганидир.

Гулнора Каримова юлдузи сўниши ортидан «ичкарида» ўтирган-ўтирмагани мавҳумлигича қолаётганди шу пайтгача. Тарқатилган саноқсиз хабарларда жиноий жавобгарликка тортилгани айтилиб, тайинлаган жазо тури хусусида маълумотлар берилса-да, у панжара ортидами-йўқми, деган савол очиқ қолаётган эди.

Собиқ «малика»нинг жиноятлари ҳақида Бош прокуратура илк бор 2017 йилнинг июль ойи охирида расман баёнот берган эди. Унда Г.Каримованинг содир этган жиноятлари тафсилотлари анча очиқ баён этилиши баробарида жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2015 йил 21 август кунги ҳукми билан 5 йилга озодликдан чеклаш жазосига мустаҳиқ этилгани таъкидланади. Шунингдек, унинг бошқа жиноятлари бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳам урғуланади.

Шу пайтгача афкор омма унинг шу жазони ўтаётганини билар, кейинги тергов натижалари хусусида ҳам деярли бехабар эди. Чунки, Г.Каримова билан боғлиқ 2018 йилнинг 2 октябридаги баёнотда айни жазо таъкидланган бўлса, Халқаро пресс-клубнинг ўтган йилнинг 19 декбаридаги сессиясида Бош прокурор ўринбосари умумийгина қилиб у «суд ҳукмида белгилаган жазони Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтаётгани»ни билдирганди.

Тамом жазо ҳақида бошқа гап ҳам, янгилик ҳам йўқ.

Бош прокуратуранинг бугунги баёнотида илгари ошкор этилмаган иккита ҳолат аён бўлди. Яъни, 2015 йилдан кейин ҳам Гулнора Каримовага оид иккита суд мажлиси бўлиб ўтган экан: у 2017 йилнинг 18 декабрь куни 10 йилга озодликдан маҳрум этилган бўлса, Тошкент шаҳар судининг 2018 йил 1 июлдаги ажримига мувофиқ, ушбу жазо тури 5 йилллик озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.

Бу маълумотлар омма учун катта янгилик. Улар Г.Каримова гўёки «ўғрилаб кетилмагунча» оммага ошкор қилинмаганидан ажабланиш мумкин, холос.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг