Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бегона тажриба»: чиқинди йиғувчилар кутубхона очишди

«Бегона тажриба»: чиқинди йиғувчилар кутубхона очишди

Фото: «Resheto.net»

Туркия пойтахтида 5000 та китоб жамғармасига эга янги кутубхона очилди.  Йигирма йил аввал ёпилиб кетган ғишт заводи ҳудудидаги бу кутубхона бошқа кутубхоналардан айтарли фарқ қилмайди. Хўш, шунга нима бўпти, оддий бир кутубхонада, десангиз адашасиз. Гап шундаки, кутубхона ўқувчилари асосан чиқинди йиғувчилар. Айнан уларнинг китобга меҳри туфайли бу кутубхона ташкил топди, кўплаб китоблар сақлаб қолинди.

«Resheto.net» нашри хабарига кўра, Анқара жанубида Чанкая мавзеси бор. Бу ерда пойтахт рамзи ҳисобланган баландлиги 125 метрли Атакуле телеминораси, кўплаб ишбилармонлик ва савдо офислари жойлашган. Ана шу идоралар вақти-вақти билан «кераксиз» жуда кўп қоғоз, жумладан, газета-журналлар ва китобларни ташлаб юборади. Шаҳар маъмурияти эса оқилона қарорга келди: қайта ишлашга юборай деса ҳали китоблар янги ва бус-бутун, ундан кўра кутубхона ташкил қилган маъқулмасми?!

Беш мингга яқин китобни йиғиш учун бир йил ҳам кетмади: «Гарри Поттер», Чарлз Диккенс ва «Нобель» мукофоти совриндори Ўрхон Памукнинг романлари... Хуллас, ҳар бир «қутқарилган» китобга жавонда жой топилди. Яна бир ярим мингта китоб ҳозирча омборда сақланяпти. Китобларни жанрлари бўйича 17 тоифага ажратишди: бадиий адабиётдан тортиб публицистикагача. Кутубхонага кираверишда «мутолаа салони» деган ёзувни илиб қўйишган, ичкарида эса мумтоз мусиқанинг енгил садоси қулоққа чалинади.

Фото: «Resheto.net»

Эрта тонгдан то соат 17:30 гача бу кутубхонадан барча бепул фойдаланиши мумкин. Чиқиндиларни олиб кетувчи ташкилотнинг 700 нафар ходими учун эса кутубхона эшиклари кечаю кундуз очиқ. Яқин атрофдаги мактаблар ўқувчилари ва аҳоли ҳам кутубхонага ўрганиб қолишди. Китобларни жойида ўқишдан ташқари, уйга икки ҳафтагача олиб кетишга рухсат берилади. 

Ҳозир бу кутубхонани бутун Туркия билади. Ҳимматпешалар шарофати билан китоблар сони кўпайгандан-кўпаймоқда. «Чиқинди» кутубхона ташкилотчилари ҳозирча унинг биносини кенгайтириш борасида бир фикрга келганлари йўқ, аммо кўчма кутубхоналар ташкил этишмоқчи. Бу кутутбхоналар ҳар икки ҳафтада Анқаранинг ўз кутубхоналари йўқ мактаблари бўйлаб кўчиб юради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг