Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тақдирлаш маросимидан репортаж: бешта ноутбук кимларга насиб этди?

Тақдирлаш маросимидан репортаж: бешта ноутбук кимларга насиб этди?

Танлов ғолиблари

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда «UZMOBILE» миллий алоқа оператори билан ҳамкорликда 14 январь — Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган танлов эълон қилганидан хабарингиз бор.

Ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланган ҳолда миллий армиямиз нуфузини ошириш, Қуролли Кучлар сафида конституциявий бурчини адо этаётган йигитларимиз, уларнинг ота-оналарини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимиз ёшларини ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган танловимизда кутилганидан анча кўп иштирокчи қатнашди.

Бешта йўналиш бўйича ўтказилган танловнинг биринчи йўналишида олти юзга яқин, тўртинчи йўналишда эса олти юздан зиёд иштирокчи қатнашди. Кимлар қайси йўналишлар бўйича ғолибликни қўлга киритгани ҳақида аввалроқ маълум қилган эдик.

Фото: «Xabar.uz»

Биринчи йўналиш бўйича Андижон давлат университети хорижий тиллар факультети 4-босқич талабаси Хуршида Аъзамжонова, иккинчи йўналишда фарғоналик собиқ ҳарбий хизматчи Азизжон Аҳмедов, учинчи йўналишда «Telegram»даги «RealMadrid» C.F» каналининг маъмури бухоролик Тошпўлатжон Жўраев, тўртинчи йўналиш — фототанловда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи дастурчи Рустам Рамазонов ғолибликни қўлга киритган эди.

Бешинчи йўналиш бўйича ўтказилган танловимизда иштирокчилар томонидан натижаларни сохталаштиришга уриниш аниқлангани боис танлов бекор қилинган, мазкур йўналиш ғолибига аталган ноутбук эса ўз бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган марҳум катта лейтенант Чори Ражабовнинг оиласига тақдим этилган эди.

Бугун ана шу танловда ғалаба қозонган иштирокчиларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Тадбир «UZMOBILE» миллий компанияси Бош биносида ўтказилди. Ғолибларга ваъда қилинганидек, ноутбук ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Фото: «Xabar.uz»

Шу пайтгача бир неча танловларда қатнашганман, совриндор бўлганман, лекин ушбу танлов уларнинг орасида энг шаффоф ва адолатлиси бўлди,дейди Андижон давлат университети хорижий тиллар факультети 4-босқич талабаси, Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси соҳиби Хуршида Аъзамжонова. — Танловнинг «Facebook»да ўтказилган 1-йўналишида ғолиб деб топилдим. Ноутбук сотиб олиш кўпдан буён орзуим эди, аммо талабаман, ўз харажатларимдан орттириб сотиб ололмай юргандим. Кридетга олмоқчи бўлдим, талаба эканим боис ололмадим. «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали томонидан ўтказилган танлов менинг ана шу орзуимни ушалтирди. Бугун ваъда қилинган ноутбукни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Элбек Долимовдан қабул қилиб олдим. Жуда бахтиёрман. Барчага катта раҳмат!

Фото: «Xabar.uz»

Ўн беш йил Қуролли Кучлар сафида — махсус қисмда хизмат қилганман, саломатлигимга кўра захирага бўшатилганман,дейди Азизбек Аҳмедов. — Танловнинг «Twitter»да ўтказилган йўналишида қатнашдим. Менимча, айнан ҳарбийдан чиққанлигим боис ёзган твитим энг кўп улашилди ва якунда ғолиб чиқдим. Бу соврин 14 январда таваллуд топган ўғлимнинг туғилган кунига ажойиб совға бўлди. Бунинг учун танлов ташкилотчиларига — портал таҳририяти, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда «UZMOBILE» миллий алоқа операторига чин юракдан миннатдорлик билдираман.

Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»

Биз ҳам ўз навбатида ғолибларни табриклаймиз! Ҳамкорларимизга ҳамда танловда қатнашган барча-барчага иштироки учун миннатдорчилик билдирамиз. Ҳали яна кўп марта танлов ўтказамиз. Келгуси танловларимизда айнан Сиз ғолиб бўлишингиз ҳам мумкин. Xabar.uz ахборот-таҳлилий порталини кузатишда давом этинг!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг