Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бир килога 10 йилу олти ойми? Бўлмаса-чи?!

Бир килога 10 йилу олти ойми? Бўлмаса-чи?!

Иллюстратив сурат

«Товар» дегани оғирмас, вазни бир килогаям етмайди. Бироқ фойдаси катта: 5 минг долларга олинганди, 7 минг «кўки»га харидор нақд!

Фарғоналик Раҳим Умидов (1985 й.т.) ва Исмат Нусратов (1980 й.т.) аввалига шошиб қолишгани бор гап. Ахир, почасига чанг тегмай 2 минг доллар «топиб» туришибди. Харидорнинг тайёрлигини айтинг. Ўзлари «товар» олган одамни яхшироқ таниб олишмабди-да: нарсани ўтказди-ю ғойиб бўлди. Ҳатто исминиям айтмади. Қўрқади-да. Ҳозир кимда ишонч қолибди? Ўнг кўз чап кўзни алдайган замон-а... Майли, бош омон бўлса, «товар» етказиб берувчи топилар яна. Муҳими, улар «клент»ни қочирмаса, бас. Ишончли одамга ўхшайди: башараси совқуққина экан: «қуруғидан» тортавериб, юзида нур қолмаган-да.

Хуллас, катта даромаддан шошиб қолган икковлон «товар»ни қўйнига солиб айтилган жойга келишди. «Клент» ҳам кўп куттирмади: нарсани кўргач, ҳидлаб текширган бўлди, «тоза» эканига ишонч ҳосил қилгач, шартта келишилган пулни санади.

...Ўша пайтда бу икковлон Фарғона вилояти ИИБ ЖҚБ ва Олтиариқ тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилаётган «Назорат харид» тадбири қаҳрамонига айланишаётганини қаёқдан билишсин?! «Клент»нинг «махсус харидор» эканини-чи?! Пулни санашгаям улгуришмади-я...

...Фарғона вилояти ИИБ ЭКБ экспертларининг 2018 йил 16 май кунги 250-сонли хулосасига кўра, гиёҳванд модда «гашиш» деб аталар экан, унинг соф вазни 999,87 (тўққиз юз тўқсон тўққиз бутун юздан саксон етти) граммни ташкил қилди.

Раҳим Умидов ва Исмат Нусратовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди. Уларга нисбатан дастлабки тергов пайтидаёқ «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилди. Чунки, улар айбланаётган жиноят шуни талаб қилади. Суддан очиққа чиқиб кетиш имконияти йўқ даржада. Шундай бўлди ҳам: суд ҳар иккисига 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

...Ҳатто пешона тери билан топилган бойлик ҳам инсон учун синов аслида. Топган давлатини кўтарадиган бор, кўтаролмайдиган бор... Жиноий йўл билан топилганни-чи? Албатта, бунинг охири вой! Гиёҳванд моддалар савдосига аралашганнинг-ку, инчунин.

Иномжон Олимов,
 Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ терговчиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг