Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бир қадам қўйсанг бас, нарёғи ўлим... (фото)

Бир қадам қўйсанг бас, нарёғи ўлим... (фото)

Фото: Xabar.uz

26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш куни ҳамда «Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги» муносабати билан Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан ноқонуний муомаладан мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларини йўқ қилиш бўйича навбатдаги тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида 1 тонна 933 кг. 695 гр. гиёҳвандлик воситалари, шу жумладан, 133 кг. 713,5 гр. героин, 159 кг. 478 гр. опий, 1 тн.дан ошиқ гашиш, 300 кг. 786 гр. марихуана, 79 кг. 842,5 гр. кўкнори, 247 кг. 150,4 гр. каннабис ҳамда турли психотроп ва психофаол моддалар ёқиб, йўқ қилинди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги наркотик моддаларни назорат қилиш Миллий ахборот-таҳлил маркази маълумотига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан амалга оширилган ишлар натижасида 2021 йилда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 7142 та жиноят фош этилган.

Улардан 2165 таси наркотик моддаларни ўтказиш, 441 таси контрабанда, 1571 таси гиёҳвандлик ўсимликларини етиштириш, 53 таси бангихоналар ташкил этиш билан боғлиқ бўлса, бошқа турдаги наркожиноятлар 2912 тани ташкил этган.

Республикамизга афғон наркотикларини асосан Тожикистон ва Қирғизистондан ҳамда тўғридан-тўғри Афғонистондан Амударё орқали Сурхондарё вилоятига, жануби-шарқдан — Самарқанд ва Сирдарё вилоятларига ҳамда шимоли-шарқдан — Фарғона водийси ва Тошкент вилоятига олиб кириш ҳолатлари учрамоқда.

Ўзбекистонда 2021 йилда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларни амалга оширгани учун ушланган шахсларнинг 131 тасини чет эл фуқаролари ташкил этади. Улардан 567,1 кг. гиёҳвандлик воситалари, 1299 психотроп таблеткалар ва 157 дона психофаол воситалар мусодара қилинган.

Бундан ташқари, 270 психотроп модда таблеткалар, 71,25 кг. ва 15 литр прекурсорлар, 260297 дона психофаол дори воситалари қўлга олинган.

ДХХ Чегара қўшинлари томонидан бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда 170 та ҳолатда 199,4 кг. гиёҳвандлик воситалари ва 123 дона психотроп дори воситалари мусодара қилинган.

Давлат божхона қўмитаси томонидан бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ 646 та ҳолат аниқланган. Натижада, 531,3 кг. наркотик, 4187 дона психотроп таблеткалар ҳамда 71,25 ва 15 л прекурсорлар, 283643,5 дона психотроп дори воситалар мусодара қилинган.

Суд идоралари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига оид 3677 та жиноят иши кўриб чиқилган ва 4254 нафар шахсга нисбатан жазо тайинланган.

Юқоридаги рақамлар ҳар биримизни ҳушёр торттириши керак. Нафс бандалари орамизда бор экан, доим огоҳ бўлишимиз, ён-атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаслигимиз лозим. Буюк шоиримиз Абдулла Ориповнинг ушбу сатрлари бизни доим огоҳликка чорлаётгандек жаранглаверади:

Бир қадам қўйсанг бас, нарёғи ўлим,
Бир қадам қўйсанг бас, шаксиз ҳалокат...

Солижон ЗОИРОВ

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг