Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бизни ёлғонга ундаётган «ўйин»лар ҳақида

Бизни ёлғонга ундаётган «ўйин»лар ҳақида

Фото: Google.com

Ҳар куни эрталаб, адашмасам соат 8:10 да «Oriat dono» радиоканали орқали таниқли бошловчи Акмал Мирзонинг «Даҳана» радиоўйини эфирга узатилади. Баъзан диққат билан, баъзан йўл-йўлакай тинглаб келаман.

«Даҳан» – форсча сўз. «Оғиз» дегани. Тилимизда оғзаки жанжал, айтишиш маъносини ифодалайдиган «даҳанаки жанг» деган ибора бор. Шундан келиб чиқиб, радиоўйинни «Даҳана» деб номлашган бўлса, ажабмас. Бироқ «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да «Даҳана» сўзига «кириш ёки чиқиш тешиги; тўп, милтиқ оғзи; дарёнинг этак қисми; сув ўтадиган қисқа тор ўзан» деб изоҳ берилган.

Аввалдан айтиб қўйишим керак: бу ўйинга ҳам, унинг номига ҳам менинг ҳеч қандай эътирозим йўқ. Билъакс, тилимизнинг беқиёс имкониятларини намойиш этиш, иштирокчини топқирликка, сўзамолликка, ҳозиржавобликка ундаш ниятини ёқлайман.

Устоз Эркин Воҳидовнинг «Қаро қошинг, қалам қошинг, қийиқ қайрилма қошинг, қиз» мисралари ёдингиздадир? Бу замонавий шеъриятда аллитерация санъати дейилади. Акмал Мирзонинг радиоўйини ҳам ана шу принципга қурилган: иштирокчи «а», «б», «т» ҳарфларидан ташқари (чунки бу ҳарфларнинг имконияти кенг) бирор ҳарф танлайди. Бошловчи истаган йўналишида суҳбат олиб бориши, истаган саволини бериши мумкин. Иштирокчи фақат ўзи танлаган ҳарфдан бошланадиган сўз ёки сўзлар орқали жавоб қайтариши шарт. Ўйлаш учун уч сония вақт берилади.

Ўйин шарти мураккаб эмас. Ютқазиб қўймаслик учун истаганча ёлғон гапирса бўлади. Ахир бу ўйин-ку. Бошловчи «Исмингиз нима?», «Қаерда ишлайсиз?», «Қаерда яшайсиз?», «Бугун ҳафтанинг қайси куни?», «Ҳозир қайси ой?» сингари бир қарашда жудаям жўн бўлган саволларни беради. Аммо, табиийки, бу саволларнинг жавоби иштирокчи танлаган ҳарф билан бошланмайди. Демак, у ютқазиб қўймаслик учун ёлғон гапиришга мажбур. Буни биз оддийгина қилиб вазиятдан чиқиш деб баҳолаймиз.

Бир гал «қ» ҳарфини танлаган опахондан нечта фарзанди борлиги сўралди. «Қирқта», — деди аёл. Баъзан иштирокчилар шунга ўхшаш алмойи-алжойи, мантиқсиз жавоблар беришади. Негаки, ўша ҳолатда саволнинг ўзи мантиқсиз, саволнинг ўзи ёлғон гапиришга мажбур қилади одамни.

Бу – бир ўйин. Юқорида айтганимдай унга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Бироқ шу ўйин мисолида қатор саволлар юкидан елкам майишади. Қачон аниқ саволга аниқ жавоб беришни ўрганамиз? Бизни ёлғон гапиришга, ёлғон яшашга мажбур қилаётган «ўйин»лардан қачон қутуламиз?

«Справка» неча пул туради?

Ўзбекистон Республикаси Давлат тест маркази маълумотларига кўра, 2017 йилда олий таълим муассасаларига 729947 (2016 йилда – 663304) нафар абитуриент ҳужжат топширган. Бу кичкина рақам эмас ва уни эслаб қолишингизни сўрардим.

Бугун олий таълимгача бўлган жараёнда катта бир индустрия мавжуд эканини яхши биламиз. Бу индустрия мамлакатимизда фаолият юритаётган юзлаб ўқув марказлари, минглаб репетиторлар, ахборотнома, тест китоблари, қўшимча адабиётларни тайёрловчи нашриётлар, уларни чоп этувчи босмахоналар, савдо тармоқларини ўз ичига олади (абитуриентлар орқасидан чўнтак қаппайтирадиган «бункер», «толкач», «ректор гуруҳи» сингари бошқа ноқонуний тузилмаларни ҳисобга олганим йўқ). Олий таълим муассасасига ҳужжат топширишгача бўлган жараёнлардаги сарф-харажатларни қўшиб ҳисобласак, бизда олий маълумотли бўлиш қанчалик қимматга тушиши ойдинлашади.

Бугун улкан ўзгаришлар, янгиликлар ва янгиланишлар даврида яшаяпмиз. Барча соҳалар каби мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш тизимини, олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш бўйича ўтказиладиган тест синовларини такомиллаштириш, унинг адолатли, холис ва шаффоф ўтказилишини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда 2017 йилнинг 16 ноябрь куни Ўзбекистон Президентининг «Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра 2018/2019-ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасасига қабул қилиш бўйича тест синовлари 1 августдан 15 августгача бўлган даврда ўтказилади. Тест синовлари натижалари тест ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий сайтида эълон қилинади. 

Абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига қабул тест синовларисиз, ижодий имтиҳонлар орқали амалга оширилади.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори неча йиллардан бери ота-оналарнинг, ёшларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлиб келаётган олий ўқув юртларига кириш тест синовларининг адолатли ўтказилишини таъминлашига умид қиламиз.

Жорж Вашингтон университети профессори Себастиян Пейруз (Sebastien Peyrouse) дунёнинг таниқли сиёсатчилари, фан арбоблари иштирок этган давра суҳбатида Ўзбекистон таълим тизимида кечаётган ислоҳотлар ҳақида гапирган.

«Ўзбекистонда олий таълимга талаб катта, лекин шароит йўқ. Университет ва институтларда ўқишга аксарият аҳолининг молиявий қурби етмайди. Таълим ҳақи йил сайин осмонга чиқар экан, республикага зарур кадрларни етиштириш ҳам қийинлашаверади. Ўқитувчиларнинг маоши жуда паст экани ҳам муҳим омил. Коррупция энг чуқур илдиз отган соҳалардан бири ҳам – шу», — дейди у.

Пейруз жаноблари айтмаса ҳам олий таълим соҳасидаги муаммоларни ўзимиз жуда яхши биламиз. Бу борадаги ноқисликларни ҳал этиш, тўсиқларни олиб ташлаш, таълим сифатини ошириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, ўқитувчиларнинг моддий таъминотини яхшилаш, энг муҳими, тест синовлари жараёнида адолат ва шаффофликни таъминлаш йўлида хайрли ислоҳотлар бошланди.

Бироқ шу соҳага дахлдор, биз кўп ҳам эътибор қилмайдиган, икки-учта арзимасдеккина қоғозлар – олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларига ҳужжат топшириш чоғида талаб қилинадиган, абитуриентнинг ҳужжат жилдида туриши шарт бўлган «086/У форма» сингари маълумотномалар борки, улар хусусида ҳам ўйлаб кўриш керак назаримда.

Биз ҳам, оталаримиз, боболаримиз ҳам олий ўқув юртига ҳужжат топшириш учун поликлиникадан тиббий маълумотнома олганмиз. Бу анъанани фарзандларимиз ҳам давом эттирмоқда. Бироқ бир нарса аниқ – деярли ҳеч бир абитуриент бу маълумотномани олиш учун эшикма-эшик юриб, етти-саккиз шифокорнинг кўригидан ўтмайди. Бунга унинг на хоҳиши ва на имконияти бор. Оилавий поликлиникалардаги ур-йиқит навбатни кўрган ҳар қандай абитуриент ҳожатбарор ҳамширанинг биргина имосига маҳтал бўлиб қолади. «086/У форма» мамлакатимиздаги ҳар бир поликлиникада сотилади. Нархи ҳам аниқ: 15-20 минг сўм. Энди ушбу суммани ўтган йили ҳужжат топширган абитуриентлар сонига кўпайтириб кўринг: ўн миллиард сўмдан зиёдроқ пул бўлади.

«Тиббий маълумотнома керак, олий таълим муассасаси абитуриентнинг саломатлиги ҳақидаги маълумотга эга бўлиши шарт», — дейишингиз мумкин. Балки ҳақдирсиз. Лекин қизиқ бир ҳолат бор: сентябрда дарс бошланиши билан бир гуруҳ талабалар жисмоний тарбия дарсларидан озод қилишларини, соғлиғи кўтармаслигини айтиб, тиббий маълумотнома кўтариб келади. Ҳеч ким «Сен ўқишга кираётган пайтингда топширган тиббий маълумотномангда «соғлом» (кўп ҳолларда «здоров») деб ёзилган эди-ку» деб ёқа ушламайди.

Октябрь ойидан пахта мавсуми бошланади. Юзлаб талабалар пахта теришдан қочиш мақсадида яна тиббий маълумотнома тўғрилаб келади, албатта текинга эмас. Яна ҳеч ким «Сен касал бўлишинг мумкин эмас, чунки икки ой аввал «соғлом» деган тиббий маълумотнома топширгансан» демайди.

Агар нотўғри гапираётган бўлсам, айтинг. Ахир деярли ҳаммамиз бу жараёнлардан ўтганмиз-ку. Кўриниб турибдики, «086/У форма» фақат бир ҳолатда – ҳужжат қабул қилиш жараёнидагина керак. Кейин – унутилади. Олий таълим муассасалари талабанинг саломатлиги билан деярли қизиқмайди.

Бизда тиббий маълумотнома талаб қилинадиган соҳалар жуда кўп. Масалан, мактабларда, мактабгача таълим муассасаларида, умумий овқатланиш корхоналарида, автокорхоналарда ишлайдиган ходимларнинг тиббий маълумотномаси бўлиши шарт.

Бундан беш-олти йил илгари, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун ўқишни бошлаганимизда тиббий кўрикдан ўтишимиз, маълумотнома тақдим этишимиз кераклиги айтилди. Кўриш қобилияти пастроқ, онда-сонда бекитиқча кўзойнак тақиб юрадиган дўстимиз хавотирга тушиб қолди. Аммо автомактаб маъмурияти муаммони осонгина ҳал қилди – ҳар бир тингловчидан ўша пайтдаги ўқиш пули умумий суммасининг 7,5 бараварига тенг миқдорда пул йиғиб олди. Ўша дўстимиз ҳозир ҳам тунда машина бошқаришга қийналади.

Шундай давлат ташкилотлари борки, ишга кириш учун ақлингиз заиф ёки гиёҳванд эмаслигингизни, бирор тери-таносил касалига чалинмаганингизни тасдиқлайдиган тиббий маълумотнома тақдим этишингиз шарт.

Бундан кўзланган мақсад хайрли экани яхши. Аммо тиббий маълумотларнинг сотилиши ёмон. Соғлом бўлишимиз керак бўлса «соғлом», касал бўлишимиз лозим бўлса «касал» деган «справка» тўғрилаймиз. Асосийси, ҳеч ким бизни тиббий маълумотномани сотиб олишга мажбур қилмайди. Ўзимиз, ўз ихтиёримиз билан, ортиқча оворагарчиликлардан қутулиш учун шундай йўл тутамиз.

Иш жойидан, яшаш жойидан маълумотнома талаб қилинадиган муассасалар, бу «справка»ларни ёзиб бергани, қўл қўйгани учун пул тўланадиган идоралар тўғрисида гапирмай қўя қолай. Ҳар бири ҳақида тўхталадиган бўлсам, бу мақола тугамайди.

Тушуми борми, тушуми?

Бугун жамиятни порахўрликдан тозалаш, бу иллатнинг мамлакат тараққиётига қай даражада салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида кўп гапираяпмиз. «Коррупция» сўзи тилимиздан тушмай қолди. Оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда кунда-кунора қайсидир судянинг, таълим муассасаси маъмурининг, божхона ёки ички ишлар ходимининг катта миқдорда пора билан қўлга тушгани ҳақида хабар тарқалмоқда.

Ўзаро суҳбатларда қайсидир соҳа вакилларини порахўрликда айблаймиз. Аммо бу иллатнинг жамиятда илдиз отиб, ривожланишига аввало ўзимиз сабабчи эканимизни ўйламаймиз.

Оддийгина бир идорага ишимиз тушса ҳам эшикдан кирмасдан таниш қидирамиз. Шифокорнинг чўнтагига ўзимиз пул тиқамиз, ҳали яна келишим бор, кейинги сафар навбатсиз қабул қилади деб ўйлаймиз. Ўғлимизнинг боғча опаси, қизимизнинг муаллимига ўзимиз совға берамиз. Шундай қилсак, фарзандларимизга кўпроқ эътибор қаратади деб ҳисоблаймиз. Йўл ҳаракати қоидасини бузганимизда тўхтатган нозирнинг қошига қўлимизни кўксимизга қўйиб, ўзимиз тушиб борамиз. Ҳайдовчилик гувоҳномасидан айрилишнинг нархи қанча эканини билганимиз учун ҳам шундай қиламиз. Газ, свет, сувданман деб келган назоратчини ҳам ўзимиз йўлдан урамиз.

«Уларнинг ҳаммаси қўлга қарайди, иримини қилмасангиз ишингиз битмайди», — дейишингиз мумкин. Лекин уларни порахўрликка биз ўргатмадикми? Чўнтагига пул тиққанимизда қўрқувдан кўзлари катта-катта бўлиб кетган, хижолатдан юзлари қизарган ёшгина шифокорнинг бора-бора юзсиз порахўрга айланишига биз сабабчи эмасмизми?

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан 2017 — 2018-йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури ижроси доирасида фуқароларнинг фикри ўрганилган.

Респондентларнинг 76,3 фоизи коррупция ҳамма жойда эмас, балки айрим соҳалардагина бор деб ҳисоблайди. Масалан, 37,6 фоизи соғлиқни сақлаш тизимини энг коррупциялашган соҳа сифатида кўрсатган. Таълим тизими ундан кейинги ўринда турибди.

Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органлари, бандлик, ижтимоий таъминот, коммунал хизмат, банк, солиқ ва божхона идоралари, ҳокимликлар ҳамда бошқалар фаолиятида ҳам коррупция учраши билдирилган.

Ўйланиб қолади киши, бизда коррупция учрамайдиган соҳанинг ўзи бормикан?

Ким биландир танишиб қолсак, дарров қаерда ишлашини суриштирамиз. Мабодо бизга керакли соҳа одами бўлса, муомалани  қуюқроқ қиламиз, телефони номерини ёзиб оламиз: асқотиб қолиши мумкин.

Тасодифан танишиб қолганим бир  киши қаерда ишлашимни сўради. Журналист эканимни айтдим. «Ойлик қанча?», – сўради у яна. «Тирикчилик учун етади», — дедим. «Тушум-чи, тушум борми?», – тиржайди у. Мен ҳам бошқалар каби бундай саволларни эшитавериб қулоғим пишиб кетган. Кўнглимга олмай (аслида бундай савол учун бетамиздан нега хафа бўлишим керак?) жавоб бердим: «Йўқ, қуруқ ойликнинг ўзи, ака». «Э, қўйсангиз-чи, ҳозир ким қуруқ ойликка ишлайди? Ойликка яшаб бўлмаслигини яхши биламиз-ку. Журналистларнинг ҳам тушуми бўлса керак?!», – деди у синини бузмай.

Афсуски, кўпчилигимиз шундай ўйлаймиз.

Воҳид Луқмон

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг