Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Блогерлар чемпионатига келган блогпост: Қўрқинчли рақамлар

Блогерлар чемпионатига келган блогпост: Қўрқинчли рақамлар

Фото: «Xabar.uz»

Яқиндагина иш юзасидан бир чекка қишлоққа бордик. Телефонда адресни тушунтираётган мезбон кўчанинг номини «депутат кўча» деб айтди. Қишлоққа кираверишда қоп-қора асфалтланган кўчани кўрганимдан «депутат кўча» шу бўлса керак деб ўйладим. Шу кўча билан юрдик, кўча айланиб-ўргилиб бир катта уйда тугади. Ҳа, айнан «тугади». Уёғига оддий, ҳамма қишлоқлардагидақа, Қорақамишнинг кўчалари бошланди.

Етиб бордик, ишни битиргач телефонда манзилни сўраганимдан бери мени қийнаб келаётган саволни унга бердим: «Бу кўчанинг номи ростанам шунақами ёки?..

— Ака, қизиқсиз, қишлоқда кўча номи нима қилади? Ўша кўчада бир депутат туғилиб ўсган. Ҳалигача ота-онаси шу ерда яшайди, ўзи катта-катта жойларда ишлаган, ҳозир ҳам ишлаяпти. Ота-онасини кўргани келиб туради, унинг олдида уятли бўлиб қолмаслик учун ўтган йили районимиз ҳокими асфалтлаб берган...

Орадан вақт ўтди. Бир адашиб ишим автомобил расмийлаштиришга тушиб қолди. Ўшанда тўланадиган суммани кўриб қўрқиб кетдим. Нима эмиш, 2 миллион сўмдан кўпроқ пул «йўл фонди» учун тўланаркан. Ҳа, ҳа, нотўғри эшитмадингиз. Тасаввур қилаяпсизми, мана шу йўл деб номланувчи кўчалар учун «GM» машиналари нархининг 3 фоизини тўларкансиз. Бу жуда катта пул. Айниқса сиз билан мен юрган йўллар учун сиз билан мен топаётган пулга солиштирганда жудаям катта пул.

Келинг, хомчўт қилиб кўрамиз. Вилоятда ўртача бир кунда 20 та машина расмийлаштирилади дейлик (сизни қўрқитиб юбормаслик учун ўртача деб ёздим, аслида камида десам ҳам бўларди). Ҳар бири учун ўртача 2 миллион сўмдан пул йўл фонди учун тўланса, бир кунда қирқ миллион сўм пул йўл фондига тушар экан. Бу рақамларни ҳафтага, ойга, йилга кўпайтирсангиз калкуляторингиз «error» берворади. Ҳа, жудаям қўрқинчли рақамлар бу.

Уйингиздаги уста ишни тугатгач, унинг ишини текшириб, баҳолаб, шунга яраша пулини берасиз. Дўконда картошка олаётганингизда пулини тўлаб, тарозига қараб текшириб оласиз. Лекин, аммо, бироқ «йўл фонди», яъни йўл қуриш учун берган пулингиз нимага ишлатилаётганини на текшириш, на баҳолашнинг имкони бор.

Майдалашиб кетса ҳам, келинг, соддароқ қилиб тушунтираман. Фуқаро йўл қур деб қурувчига пул бераяпти. Қурувчи йўлни қуриб, фуқарога кўрсатиши керак. Фуқаро йўлни кўриб «қанчасига тош олдинг, қанчасига асфалт, қанчаси хизмат хаққинг?» деб сўраб, пули ростан ҳам йўл қурилиши учун ишлатилганига амин бўлиши шарт. Тўғрими?

Энди менда бир ўринсиз савол туғилади: қаерда шунча пул? Бирор жойда бу фондга қанча пул йиғилгани ёки қаерга қанчаси сарфланаётгани тўғрисида маълумот борми? Аниқлик, ошкоралик даврида бу маълумотларни қаердан топсак бўлади? Ёки қишлоқдаги ҳамма кўчадан биттадан депутат, биттадан ҳоким чиқишини кутайликми? Кечирасизу, бу пулларни халқ тўлаяпти, халқ тўлаган пулни фақат «депутат кўча»га сарфлаш инсофсизлик! Сиз халққа ҳисобот беринг «Бу йил шунча машина расмийлаштирилиб, шундан шунча пул йўл фонди учун тўланди. Биз бу пулга шунча километр йўл қурдик. Мана, ишонмасангиз келиб кўринг...» деб.

Балки гапларим эгасига етиб борса, мени ўқиётган бўлсангиз, шунчаки инобатга олиб қўйишингизни сўрайман: мен халқнинг бир аъзосиман. Мен халқман. Сизнинг ишингиздан мижоз сифатида менинг кўнглим тўлмаяпти. Менинг ҳисоб-китобларим хато эканлигини, математикани яхши билмаслигимни, мен ёзган рақамларнинг нотўғрилигини исботлаб беришингизни сўраб қоламан.

Ҳа, айтганча, яна бир нарса. Энди автомобилни расмийлаштираётганингизда «йўл фонди» эмас, «депутат йўли фонди», «ҳоким йўли фонди» деб ўзгартиришингизни маслаҳат бераман, ўшанда пулларимиз қаерга кетаётганини озгина бўлса ҳам билган бўлардик.

Санжар Бойқулов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг