Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Блогерлар чемпионатининг финалчилари аниқланди

Блогерлар чемпионатининг финалчилари аниқланди

Фото: «Xabar.uz»

Шу йилнинг 12 апрелида Ўзбекистон блогерлари чемпионатига старт берилган эди. Чемпионатнинг 22–31-май кунлари бўлиб ўтган 2-босқичига 64 та ижодий иш (матнли, фото, видеоблоглар) келиб тушди. Саралашдан муваффақиятли ўтган 11 нафар блогер бу босқичдан қатнашмади.

Ҳакамлар ҳайъати иккинчи босқичга келиб тушган ижодий ишларни баҳолашни якунлади. Натижаларни мана бу ерда кўриш мумкин.

Чемпионатнинг навбатдаги босқичига 20 нафар блогер йўл олиши керак эди. Низомнинг 3.3-бандида 20-ўриндаги иштирокчи билан яна бир нечта блогернинг натижаси бир хил бўлиб қолган тақдирда, уларнинг барчаси кейинги босқичга ўтиши кўзда тутилган эди.

Иккинчи босқичда 20–22-ўринлардаги иштирокчилар бир хил натижа (4,25 балл) қайд этишди. Шу боис уларнинг барчаси чемпионат финалига қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Шу тариқа финалда 22 нафар блогер иштирок этади.

Ўтган босқичлардаги тажрибадан келиб чиққан ҳолда, яъни дедлайнга тақаб пост юборишини инобатга олиб, финалчиларнинг ижодий ишларини баҳолашда ҳам юқоридаги каби ҳолатлар юз беришининг олдини олиш мақсадида ҳакамларга блогпостларни баҳолаш учун ажратилган вақт бир кундан уч кунга узайтирилгани ҳақида хабар берган эдик. Энди Блогерлар чемпионатининг финал босқичига ижодий ишлар 10 июнь куни соат 23:59 гача қабул қилинади. Ҳакамлар келиб тушган ишларни 3 кун давомида баҳолашади. Натижалар, ғолиб ва совриндорлар номи 13 июнь куни эълон қилинади.

Финал босқичида блогерлар худди иккинчи босқичда бўлгани каби янги, ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган блогпост тақдим этиши лозим. Аввал бошқа жойда эълон қилинган блогпостлар келиб тушса, иштирокчи шу заҳоти чемпионатдан четлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, Блогерлар чемпионатининг ғолиблари қуйидаги мукофотлар билан тақдирланишади:

1-ўрин (1 та): 15 миллион сўм.
2-ўрин (2 та): ҳар бирига 8 миллион сўмдан.
3-ўрин (3 та): ҳар бирига 5 миллион сўмдан.

Бундан ташқари, ўндан зиёд номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланади. Номинациялар ғолиблари ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланади. Блогерлар чемпионатининг ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими 14 июнь — Халқаро блогерлар куни бўлиб ўтади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг