Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бола учун ота жавобгарми?

Бола учун ота жавобгарми?

Суратда: Абдумажид Омонов

Фото: «Xabar.uz»

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди ва Пайариқ тумани суди шу фикрда.

Таҳририятимизга ёрдам сўраб мурожаат қилган Самарқанд шаҳрида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони, 73 ёшли Абдумажид Омоновнинг маълум қилишича, унинг ўғли Акрам Омонов жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани судининг 2017 йил 20 апрелдаги ҳукми билан фирибгарлик орқали ўзгаларнинг кўп миқдордаги мулкини қўлга киритганликда айбланган ва Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди, 228-моддаси 2-қисми «а» ва «б» банди, 228-моддаси 3-қисми билан тўққиз ярим йилга озодликдан маҳрум этилиб, мол-мулки мусодара қилиниши қайд этилган.

Гап шундаки, Самарқанд шаҳридаги Курчатов кўчаси 22-уй 12-хонадонда яшаган судланувчи Акрам Омоновнинг мол-мулки мусодара қилиниб, у яшаган уйлар ҳам олинганига қарамасдан бу воқеалар бўлмасидан 10 йил олдин Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарорига кўра ажратилган ерда ўзининг бир умр шифокорлик билан топган пулига уй қурган Абдумажид Омоновнинг ҳам уй-жойи мусодара қилиниши айтилиб, бу ҳовли кимошди савдосига қўйилган.

Суд қароридан скриншот

— Жиноят қилган бўлса, ўғлим жазосини олди-ку? Нега менинг уйим ҳам мусодара қилиниши керак? Қани адолат? — дейди отахон. — Ҳозир бу уйда мен, менинг иккинчи гуруҳ ногирони бўлган аёлим, қизим, уй-жойи мусодара бўлган ўғлимнинг аёли бўлган келиним ва уларнинг икки нафар фарзанди яшайди. Бизнинг бошқа бошпанамиз йўқ. Агар уйимиз тортиб олинса, биз қаерга борамиз?

Биз мурожаат муаллифининг уйига бордик. У киши билан суҳбатлашдик. Абдумажид Омонов узоқ йиллар шифокорлик қилибди. Самарқанд шаҳридаги ҳарбий қисмга ишга олингач, ўша ерда унга ажратилган кичик ҳовлини кенгайтириб, бир неча хоналар қуриб, атрофини боғ ва гулзорга айлантирибди. Ишдан бўш пайтларида ҳарбий шаҳарчада яшаса-да, қирқтагача қўй боқиб, улардан ҳам яхшигина даромад олибди. Аммо пенсияга чиққанидан сўнг ҳарбийлар ҳам отахонга нисбатан адолат қилишмабди. Ўзи қатор йиллар давомида қурган, обод қилган ҳовлини бўшатиб қўйишини талаб қилибди. Ақалли бу уй-жойни кенгайтириш ва обод қилиш учун сарфлаган пулларини ҳам тўлаб бермабди. Бунинг ўрнига оиланинг бор-йўқ жиҳозини ҳарбий машиналарга ортиб, Абдумажид отанинг қизиникига олиб бориб ташлашибди.

— Ўн йил умрим мана шу иморатни қуришга кетди, — дейди Абдумажид ота. – Нима бўлса ҳам шу иморатни битказиб олай деб яхши еб-ичмадим, улфатчилик қилмадим, сайру-саёҳатларга бормадим. Энди ўз ҳовлимда роҳат-фароғатда яшайман, орзу-ҳавасларимга етаман деганимда бу кулфат бошимга тушди.

Суд қароридан скриншот

Абдумажид ота тақдим қилган ҳужжатлар билан танишдик. Суд ҳукми эълон қилингач, судланувчилар жабрланувчиларга етказган зарарнинг катта қисмини тўлабди. Акрам Омоновнинг уйи ҳам мажбурий ижро бюроси томонидан кимошди савдосига қўйилиб, 205000000 сўмга сотилиб, бу пуллар ҳам жабрланганларга тўланибди. Абдумажид отанинг ўзи ҳам ўғли қилган ишлардан хижолат бўлиб, бор-йўғига қариндошлардан ҳам қарз-ҳавола қилиб олган пулларини қўшиб, 145000000 сўм пулни жабрланганларга тўлаб берибди.

— Қолганини ҳам албатта узамиз, — дейди Абдумажид ота. – Аммо пешона терим эвазига қурган ўз уйимни тортиб олишса, қаерга бораман? Ким деган одам бўламан?

Абдумажид Омоновнинг Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоятм судига қилган мурожаати ҳам қаноатлантирилмаган. Вилоят суди ҳам ажримда «Самарқанд шаҳри Мовороуннаҳр 22-кўчаси 85-уй етказилган зарарга қаратилсин» деб кўрсатилган. Уйни баҳолашни дастлабки терговни олиб борган тергов органи зиммасига юклатилган. Хуллас, суд қарорига қарасак, 73 ёшли отахоннинг йиллар давомида машаққат билан қурган уй-жойи мусодара бўладиганга ўхшайди.

Албатта, мазкур ҳолатга ваколатли идоралар баҳо бериши керак. Шу боис биз ким тўғрию ким эгри эканига ҳақида тўхталмаймиз. Таҳририятга келган мурожаат бўйича журналист суриштируви давомида аниқланган ҳолатларни борича кўрсатишга ҳаракат қилдик. Умид қиламизки, мутасадди идоралар бу масалага беэътибор бўлишмайди.

Каримберди Тўрамурод,
«Xabar.uz»нинг махсус мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг