Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Болалар қувончи – бахтдан нишона

Болалар қувончи – бахтдан нишона

Фото: «Xabar.uz»

Болалар... Улар бизнинг келажагимиз, бошлаган эзгу ишларимизнинг давомчилари, кўзимизнинг нури,  қалбимиз сурури. Улар билан ҳаётимиз обод, кўнглимиз чароғон. Шу сабабли ҳам болаларимиз бахтли бўлишлари учун ҳамма нарсамизни беришга тайёрмиз. Айниқса, 1 июн – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида уларга кўрсатаётган меҳру муҳаббатимиз янада ошади.

Мана, 68 йилдирки, тўкин ёз фаслининг илк куни кўпчилик мамлакатларда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонланади. Мабодо, бу кун дам олиш кунига тўғри келмаса ҳам, ҳақиқий байрамга айланади. Парк ва аттракционлар, турли болалар оромгоҳлари, театрлар болалар билан тўлиб-тошади. Барча яхши нарсалар уларга бағишланади.

Қисқача бу куннинг тарихи ҳақида тўхталсам. 1949 йили Парижда аёлларнинг Халқаро демократик федерацияси конгресси бўлиб ўтади. Бу конгрессда болаларнинг бирдамлиги ва бахт-саодати кафолати бўлган мустаҳкам тинчликни таъминлаш учун доимий кураш ҳақидаги шиор баралла янграйди. Негаки, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда сайёрамизда яшовчи барча масъум болажонларнинг соғлиқ ва хотиржамлигини сақлаш долзарб муаммога айланган, урушда ҳалок бўлган, ота-онасиз етим қолган минглаб болажонлар оҳи кўпчиликни бефарқ  қолдирмаётган эди.

Ва 1950 йилдан эътиборан 1 июн — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонлана бошланди.

1989 йили БМТ Бош  Ассамблеяси болалар ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция қабул қилди. Унда бутун дунё мамлакатлари учун болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш  тўғрисидаги вазифалар ўз аксини топган.

Дунёнинг кўплаб мамлакатлари ва шаҳарларида ушбу кунда болалар ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш ҳақида мунозара ва лекциялар  ўқилади, тушунтириш ишлари олиб борилади. Шунингдек, байрамга бағишланиб турли  қувноқ ва маданий-оммавий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилиб, концертлар ташкил этилади. Шу куни оғир бемор, даволанишга муҳтож ва ногирон болалар учун хайрия акциялари ва тадбирлар ташкил қилинади.

Болаларни ҳимоя қилиш кунини  нишонлаш орқали  кенг жамоатчилик диққатини муаммоли болаларга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятига, бахтли болаликка эга бўлишлари ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига эришишга қаратилади.

Мамлакатимизда ҳам бу кунни катта тантана билан байрам қилиш анъанага айланган. Бошқа соҳа корхона ва ташкилотларида бўлгани каби  бизнинг  филиалимизда ҳам болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг энг гўзал дамлари шодликка, хурсандчиликка тўла ўтиши учун ҳаракат қилиняпти. Бу борада иш берувчи ҳамда бошланғич касаба уюшмаси қўмитасининг бирдамлиги қўл келмоқда.

Анъанага кўра, бу йил ҳам корхонамизда фаолият юритувчи ходимларнинг  уч ёшдан ўн ёшгача бўлган фарзандлари иштирокида расм чизишга оид «Менинг оилам» кўрик-танлови ўтказилди. Танлов болаларнинг ёшига қараб, уч гуруҳга бўлинган ҳолда ташкил этилди.  Танлов натижаларига кўра, ҳар бир гуруҳ ғолиблари алоҳида мукофотланишди. Шунингдек, барча иштирокчиларга совға-саломлар топширилди.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида дам олиб, яйрашлари учун ходимларнинг учдан ўн уч ёшгача бўлган фарзандлари Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғига чипта билан таъминланди.

Болажонларга кўрсатилаётган бу эътибор ходимларимизнинг унумли ишлашларига яна бир сабаб бўлиб хизмат қилади, албатта.

Жалолиддин Исроилов,
«Ўзбектелеком» АК «БКМ» филиали ҳуқуқшуноси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг