Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Болаларнинг юрак нуқсони билан туғилишига нима сабаб бўлади?

Болаларнинг юрак нуқсони билан туғилишига нима сабаб бўлади?

Бу ҳақда ССВ матбуот хизматига тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳакимжон Абролов қуйидагиларни маълум қилди.

— Туғма юрак нуқсонлари ёки умуман туғма аномалияларнинг ривожланишига, асосан, олтита фактор таъсир қилади:

  • ҳомиладор аёллардаги анемия;
  • аёлнинг сурункали ёки ўткир инфекцияли касаллиги;
  • вирусли касалликлар;
  • гармонал фактор;
  • нейрогуморал фактор;
  • яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ.

    Камқонлик, ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойлигида аёлнинг гриппга чалиниши ва бунга қарши даволанмаслиги, қолаверса, буйрак ва бошқа аъзолардаги сурункали хасталиклар, онада учрайдиган турли инфекциялар ва вирусли касалликлар ҳомиланинг соғлом ривожланишига имкон бермайди.

Натижада болада туғма нуқсонлар пайдо бўлиши мумкин. Бу муаммонинг олдини олиш учун ҳомиладорликни режалаштиришдан олдин бўлажак ота-она тор доирадаги мутахассислар кўригидан ўтиб, касаллик аниқланса, даволаниши лозим.

Бунинг энг самарали йўли ҳомиладор аёлларни скрининг кўригига ўз вақтида жалб этишдир. Бугун мамлакатимизда она-бола скрининг хизмати ривожланиб бораяпти. Қолаверса, туғуруқ мажмуаларида ҳар бир чақалоқ чуқур кўрикдан ўтказилади. Болада туғма нуқсон бўлса, шу ернинг ўзида аниқлаш имкони мавжуд.

Туғма юрак нуқсонларининг турлари жуда кўп. Шу боис даволаш ишлари касалликнинг турига қараб белгиланади. Дейлик, очиқ артериал проток —шундай турлардан бири.

Бола олти ойлик бўлгунича, организмдаги физиологик ўзгаришлар туфайли бу туғма юрак нуқсон тури кичик ҳажмда бўлса, ўз-ўзидан ёпилиб кетиш имкони бўлади.

Қисқаси, ҳар бир касалликни даволашнинг ўз стандартлари бор. Даволаш ишларини шу асосда ташкил этиш учун бемор доимо шифокор кузатувида бўлиши лозим.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг