Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президентнинг синфдоши: «Болалигимизда кўпчилигимизнинг лақабимиз бўлган, аммо Исломга лақаб қўйишга ҳаддимиз сиғмаган!»

Президентнинг синфдоши: «Болалигимизда кўпчилигимизнинг лақабимиз бўлган, аммо Исломга лақаб қўйишга ҳаддимиз сиғмаган!»

Фото: «Facebook» / «Karimov Foundation — Каримов фонди»

Ислом Каримов номидаги хайрия жамоат фондининг «Фейсбук»даги расмий саҳифасида Ўзбекистоннинг биринчи президенти билан бир синфда таҳсил олган Булат Муртазиннинг хотиралари эълон қилинди. Юракдан ёзилган, шу пайтга қадар ҳеч қаерда эълон қилинмаган ушбу хотира битигини аслича эътиборингизга ҳавола этамиз:

— Урушдан кейинги йиллар ниҳоятда оғир келди. Ота-оналарнинг насл-насаби, иш жойи, оиланинг моддий аҳволидан қатъи назар барчамиз тенг бўлиб, ён-атрофдагиларга дўстона муносабатда эдик.

Тўртинчи синфдан кейин бизни чет тили бўйича немис, француз ва инглиз каби гуруҳларга бўлишди. Мен Ислом Каримов билан бирга француз тили гуруҳига тушдим. Бир оиладек эдик. Спорт кундалик машғулотимиз эди: кимдир футбол, волейбол, енгил атлетика билан, мен эса гимнастика билан шуғулланардим. Ислом Каримов шахмат беллашувларида жуда фаол эди. Баскетбол бўйича ҳам тез-тез мусобақалар ўтказилар эди. Бу борада Ислом Каримов, Юрий Беленко ва Крюков учлигига ҳеч ким бас кела олмасди.

Ислом Каримов иқтидори ва етакчилик фазилатлари билан ажралиб турарди. Лекин синфком ёки комсорг бўлишдан бош тортарди, чунки бутунлай ўқишга шўнғиб кетган эди.

Институтни тамомлаганимдагина тушуниб етдим: Ислом Каримов мактабда ўқиб юрган йилларидаёқ қўшимча адабиёт излаб кутубхоналарга қатнар, яъни институт талабаси сингари таҳсил олган экан. У ёзган иншолар барчага намуна сифатида ўқиб берилар эди. Ҳаммамиз унинг атрофида жипслашишга ҳаракат қилардик: унда оҳанрабо каби ўзига тортувчи ва ҳурмат билан муносабатда бўлишга ундовчи қандайдир бир куч бор эди. Болалик кезларимиз кўпчиликнинг лақаби бўларди, фақат Ислом Каримовгагина ўз исми билан мурожаат этардик, умуман, мардлиги, зукколиги ва камтарлиги боис барчанинг ҳурматини қозонган эди.

1990-йилларнинг бошида содир бўлган бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Сиёб бозори. Иккита зилдек сумкани кўтарганча бозордан чиқиб кетаётган эдим. Бир пайт Россия Президенти Борис Елцинни кузатиб келаётган Ислом Каримовга кўзим тушди. Бу пайтга келиб Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари эди. У мени кўрдию истиқболимга юра бошлади. Кутилмаган бу ҳолдан каловланиб, унинг саломига алик олиш ҳам хаёлимдан кўтарилибди. Ёр-биродарларга, хусусан, менга бўлган бундай дўстона муносабатни ҳеч қачон унутмайман.

Барчамиз уни довюрак, камтар ва ниҳоятда иқтидорли синфдош деб билганмиз. У хотирамизда ҳам айни шу сиймода қолади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг