Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бўлка ноннинг вазни қанча бўлиши керак?

Бўлка ноннинг вазни қанча бўлиши керак?

Foto: «Gazeta.uz»

«Миллий тикланиш» газетасининг навбатдаги сонида «Оламда бир неъмат бор… ёхуд «Ўзстандарт»нинг стандарти нечта?» номли мақола чоп этилди. Унда юртимизда сотилаётган бўлка нон (буханка) билан боғлиқ муаммолар ўртага ташланган.

Мақолада келтирилишича, «Ўзстандарт» агентлиги томонидан буханка ишлаб чиқариш истагидаги тадбиркорга бир қанча талаблар қўйилади. Ишлаб чиқариш учун махсус цех ташкил этиш, буғдой уни, туз, хамиртуруш, ўсимлик мойини сақлаш, хамир қориш, ишлаб чиқариш — бижғиш ёки хамирни етилтириш жараёни, уни бўлиш, пишириш учун алоҳида ва махсус хоналар, тайёр маҳсулотни сақлаш учун омборхона бўлиши лозим.

Бундан ташқари, қолипли нон ишлаб чиқараётган тадбиркорнинг кунлик таҳлилларни ўтказиб бориш учун ишлаб чиқариш лабораторияси ёки аккредитациядан ўтган лаборатория билан шартномаси, корхонанинг тозалиги ҳақида худудий санитария эпидемиологик идорасининг рухсатномаси ҳам бўлиши, ишчи-ходимларнинг кийиниш ва ечиниш, ювиниш, овқатланиш ва дам олиш хоналари ҳам ташкил этилмоғи керак.

Агентликнинг Стандартлаштириш ва давлат назоратини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зоиржон Омоновнинг газетага маълум қилишича, буханкага белгиланган стандарт вазн — 500 ва 600 грамм, ундан кам бўлса, билингки, бундай нон талабга жавоб бермайди. Мабодо текшириш давомида шу ҳолатга дуч келинса, буханка ишлаб чиқараётган тадбиркорга сертификат берилмайди. Бу нонни ишлаб чиқариш вақтинчалик тўхтатилади дегани.

Одатда қолипли нон учун 3 йил муддатга мувофиқлик сертификати берилади ва битим тузилади. Битимда сертификатланган маҳсулот устидан инспекция назорати ўтказиш ҳақида ҳам келишиб олинади. Агар инспекция назорати натижасида тадбиркорнинг фаолиятида стандарт нормалари бузилгани аниқланса, мувофиқлик сертификатининг амал қилиши 10 иш кунига тўхтатилади ва кўрсатма берилади. Шу муддат ичида камчиликлар бартараф этилса, қайта назорат ўтказилади ва фаолиятга рухсат берилади. Йўқса, назорат қилувчи орган судга мурожаат қилади.

Мақолада айтилишича, чекка ҳудудларда «Ўзстандарт» агентлиги томонидан белгиланган стандарт деярли ишламайди. «Ҳудуд марказларида бу салбий ҳолат камроқ учраши мумкин. Аммо ҳудуднинг чекка-чекка жойлари томон борилган сари вазият қолипли нон ичидаги майда-майда пуфакчаларнинг борган сари катталашиб боришига ўхшайди.

Қолипли нонни текшириб кўриш учун уни ғижимлаб, бир кафтга жой бўладиган ҳолатга келтириб қўйиш мумкин. Табиийки, мазаси ҳам ўзгара бошлайди. Гўё у ерларда қолипли нон ишлаб чиқарувчи деярли ҳамма тадбиркорнинг ўз стандарти бордек. Тўғри, улар ичида виждонини йўқотмаган ҳалол тадбиркорлар ҳам йўқ эмас.

Қолаверса, бори ҳам камчиликни ташкил этиши масаланинг нақадар жиддий эканлигини кўрсатади. «Агентлик стандартини менсимайдиган бундай тадбиркорлар эртами-кечми албатта қонун олдида жавоб бериши аниқ. Аммо бировнинг ҳақини ейиш, тарозига хиёнат қилиш энг оғир гуноҳ саналишини бундай кимсалар билармикин?», — дея таъкидлайди муаллиф.

Самарқанд шаҳридаги Шоҳизинда жоме масжиди имом ноиби Самариддин Мирзаев ҳам шу мавзуда журналистга интервью берган. Имомнинг айтишича, бу ҳақда Қуръони каримда аниқ оятлар келган: «Вайл (вой) бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга. Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ олурлар. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар. Ана шулар қайта тирилишларини ўйламайдиларми?». Тарозидан ургувчи кишининг иши, касби ва тижоратида барака бўлмайди, турмуши нотинч бўлади. Бундайлар ўз оиласи, ҳатто қўни-қўшни, маҳалла-кўйнинг ҳам баракасига зарар етказиши ҳақида ҳадислар бор.

Журналист Исломжон Қўчқоров ушбу масалани Иштихон деҳқон бозорида ҳам ўрганган. Айтишича, бозордаги М. исмли нончи аёлдан икки дона буханка харид қилиб, ўзининг гувоҳлигида тарозида ўлчаб кўрилганда, бири 365, иккинчиси эса 382 грамм тош босади. Нархи — 750 сўм. Маҳсулотнинг на нархи, на сифати талаб даражасида эмаслиги ҳақидаги саволга сотувчи «елка қисишдан нарига ўтмаган...».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг