Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бош прокуратура тадбирида Андижон ҳокимининг номи икки бор тилга олинди

Бош прокуратура тадбирида Андижон ҳокимининг номи икки бор тилга олинди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурада бўлиб ўтган матбуот анжуманининг савол-жавоб қисмида «Андижонча спектакл» яна бир бор эсланди.

Маълумки, бир неча ой аввал, давлат раҳбарининг Андижонга ташрифи арафасида вилоят ҳокимлиги мутасаддилари 5 нафар эҳтиёжманд ишчиларга коттеж берилишини ваъда қилиб, улардан бу ҳақда ОАВга интервьюлар уюштирилган, тасвирда улар (коттежларга) уй эгаси сифатида кўрсатилган, бироқ якунда бу ишлар кўзбўямачилик экани фош бўлган эди. Мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан ўрганилиб, якунда зудлик билан айбдор шахсларнинг интизомий жавобгарлиги масаласини ҳал қилиш ҳамда бу каби ҳолатларга чек қўйиш чораларини кўриш тўғрисида Андижон вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов номига тақдимнома киритилганди.

Мазкур тақдимнома тақдири билан қизиққан журналистнинг саволига Бош прокуратура матбуот хизмат раҳбари Ҳ.Шамсутдинов «...қўшимча жавоб берилиши»ни айтди.

Эслатиб ўтамиз, андижонлик амалдорларнинг алдовларига лаққа тушиб, уйсиз қолган аёллардан бири — М.Раҳимова ўз жонига қасд қилгани хақида Хотин-қизлар қўмитаси хабар тарқатди.

«Андижонча спектакл» шов-шувлари совумай вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов яна жамоатчилик диққат марказига тушади. Яъники, унинг овози экани айтилган аудиоёзувда ҳоким вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғини ҳақоратлар тўла гаплар билан «сийлаши» ортидан маҳаллий аҳолини зарур дори воситалари билан таъминлашда бюджет маблағлари гўёки тўғри сарфланаётгани айтиб, вазир (соғлиқни сақлаш вазирини назарда тутиб, уни «вазирча» дейди) Бош прокуратурага мурожаат қилганидан жазавага тушгани билинади. Ҳокимнинг ҳақоратли сўзларига ўз вақтида соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдириб, вазият аслидан бошқача экани таъкидлаган эди.

Ҳокимнинг жазаваси, шунингдек, вазирликнинг баёнотида ҳам гап айланиб, прокуратурага бориб тақалгани эътиборидан вилоят аҳолисини дори-дармон билан таъминлашда бюджет маблағлари талон-торож қилингани ёки мақсадсиз сарфлангани эҳтимоли бор-йўқлиги хусусидаги саволга ҳам Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбарининг жавоби қисқа бўлди: «Бу масала Андижон вилоят прокуратураси томонидан ўрганилмоқда. Якуни ҳақида қўшимча маълумот берамиз...».

Кутамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг