Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бош прокурор танқидий руҳда йиғилиш ўтказди

Бош прокурор танқидий руҳда йиғилиш ўтказди

Фото: Бош прокуратура

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлигида ўтказилган селектор йиғилишида секторлар фаолиятидаги камчилик ва нуқсонлар танқидий таҳлил қилинди, уларни зудлик билан бартараф этишга қаратилган вазифалар белгилаб олинди. Бу ҳақда маҳкама матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, прокурорлар секторларида рўйхатга олинган ва «Темир дафтар»га киритилган 151 мингга яқин эҳтиёжманд оиланинг 163 минг нафардан ортиқ аъзосининг бандлиги таъминланган.

Бу оилаларга пул кўринишида берилган моддий ёрдамлар эса, қарийб 9 млрд. сўмга етди.

Натижада 142 минг 690 та ёки 94,6 фоиз эҳтиёжманд оила тегишли рўйхатлардан чиқарилди.

Бундан ташқари «Аёллар дафтари»га киритилган 131 минг 500 нафар хотин-қизларга, «Ёшлар дафтари»га киритилган 140 минг нафар ёшларга аниқ ва манзилли ёрдам кўрсатилди.

Ўз навбатида, давлат раҳбари томонидан секторлар олдига қўйилган янги ва муҳим вазифалар, жумладан ҳар бир маҳалланинг, ҳар бир оиланинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, эҳтиёжмандлар, хотин-қизлар ва ёшларни тадбиркорлик ҳамда кичик бизнесга фаол жалб этиш, шу тариқа камбағалликни кескин қисқартириш, ишсизликка барҳам бериш каби устувор йўналишлар секторлар раҳбарлари, тегишли штаблар аъзоларидан алоҳида масъулият талаб этади.

Барча секторларда ҳам бу борадаги ишларни бугунги кун талаблари даражасида деб бўлмайди.

Хусусан, эҳтиёжманд оилалар аъзолари бандлигини таъминлаш бўйича барча секторлар масъуллари жавобгарликни бирдай тўлиқ ҳис қилмаяпти, уларнинг баъзиларида бу борада қатъият ва ташаббускорлик етишмаяпти.

Маълумки, эҳтиёжмандларнинг аҳволини яхшилашнинг муҳим омилларидан бири уларга ғалладан бўшаган ер майдонларини такрорий экин учун ажратишдир.

Бу борадаги кўрсаткичлар ҳам айрим секторларда пастлигича қолмоқда.

Шунингдек, тегишли дафтарларга киритилган оилалар ва шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали уларни эҳтиёжмандлар рўйхатидан чиқаришнинг бирламчи мезонларига тўлиқ амал қилинмаяпти.

Ҳар бир эҳтиёжманднинг ҳақиқий аҳволи ҳамда уни камбағалликдан чиқаришнинг истиқболлари етарли даражада ўрганилмаяпти.

Айниқса, бу борада секторлар раҳбарлари томонидан тегишли штаблар аъзолари ҳамда бошқа масъулларга нисбатан талабчанликнинг сусайтирилгани самарадорликка салбий таъсир кўрсатмоқда.

Йиғилишда секторлар раҳбарлари олдига бу каби хато ва нуқсонларни тезкор равишда бартараф этишга қаратилган аниқ вазифалар қўйилди.

Шунингдек, секторлар раҳбарлари ҳудудларда карантин қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлашга, инфекциянинг аҳоли орасида кенг тарқалишига йўл қўймасликка ҳам масъул эканлиги алоҳида қайд этилди.  

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг