Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бош вазир Тошкент шаҳар ҳокимлигида йиғилиш ўтказди

Бош вазир Тошкент шаҳар ҳокимлигида йиғилиш ўтказди

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 10 июнь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Бош вазир Абдулла Арипов иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг мутасадди раҳбарлари, туман ҳокимлари, прокурорлар, ички ишлар бошқармаси бошлиқлари, пойтахтимизда фаолият юритаётган банк тизими мутасаддилари иштирок этдилар, деб хабар берди Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

Танқидий руҳда олиб борилган ушбу йиғилишда кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, хусусан, кўп қаватли уйларнинг коммунал хизматларидаги камчиликларни ҳали ҳам бартараф этилмагани айтиб ўтилди.

Тошкент шаҳрида  2018-2019 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўришда  ширкатларнинг фаоллиги йўқлиги, ширкатлар бугунги иссиқ кунлардан фойдаланмай, вақтни ўтказаётгани, ширкатнинг ўзида масъулиятли раҳбарнинг ва ҳисобчиларнинг етишмаслиги, банклардан олинган кредит маблағларини ўз вақтида қайтаришга салбий таъсир ўтказилиши ҳақида ҳам сўз юритилди. Туман ҳокимлари банклар томонидан кредит маблағлари етказилишида сусткашликка йўл қўйилаётганлиги ҳақида нолиб гапирдилар. Бош вазир банк мутасаддиларига бир ҳафта ичида ушбу камчиликларни бартараф этиш ҳақида кўрсатма берди.  

Халқимизда «қиш ғамини ёзда ўйла» деган нақл бор. Шундан келиб чиққан ҳолда, уй-жой фонди, коммунал хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа объектларини навбатдаги иситиш мавсумига тайёрлаш, куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, ҳудудларнинг санитария – тозалик ҳолатини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш ҳақида ҳам вазифалар юклатилди.

Банклар  таъминотидан ширкат хўжаликларига ажратиладиган кредитлар, уларнинг ўз вақтида амалга оширилиши билан боғлиқ жараёнлар қисқа фурсатларда бажарилиши лозим. Акс ҳолда куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёни ортга чўзилиши, бунинг оқибатида таъмирталаб иншоотлар ва тармоқларда жиддий муаммолар келиб чиқиши мумкин.

Жорий йилда Тошкент шаҳрида 577 та уйларнинг том қисми, 310 та подъезд, 412 та лифт таъмирланиши, 242 та болалар майдончаси қурилиб, фойдаланишга топшириш кераклиги, йўлаклар асфалтланиши керак эди. Ҳозирги қадар ушбу амалий ишлар 30 фоизга бажарилганлигини Тошкент шаҳар ҳокими биринчи ўринбосари Н.Маҳсумов ўз нутқида айтиб ўтди.  Ушбу вазият Бош вазир томонидан танқид остига олинди ва қониқарсиз дея баҳоланди. Келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар ва уларни ижросини таъминлашда амалга оширилиши керак бўлган ҳар қандай масалага раҳбарлар масъулият билан ёндашиши таъкидланди.

Йиғилишда ширкатларда ўз вазифасини масъулият билан бажарадиган раис ва ҳисобчиларни қўйиш лозимлиги ҳамда диспетчерлик хизматининг йил давомида ўз фаолиятини олиб бориши ҳақида таклифлар киритилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг