Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Танқиддан сўнг. Ургут тумани ҳокими: «Бозор атрофи тартибга солинади»

Танқиддан сўнг. Ургут тумани ҳокими: «Бозор атрофи тартибга солинади»

Фото: «Xabar.uz»

«Хаbаr.uz» порталида «Ургутда кўчадан ҳам пул қилишади» номли мақола эълон қилинган эди. Унда мухбиримиз «Ургут савдо комплекси» МЧЖ ҳудудида ва унга ёндош кўчаларда «стоянчик»лар ноқонуний фаолият юритаётгани, автотураргоҳга кириб-чиқаётган машиналардан пул олиниб, чек берилмаётгани ҳақида ҳикоя қилган эди.

Ушбу мақола юзасидан таҳририят электрон манзилига Ургут тумани ҳокими М.Турдиев имзоси билан жавоб хати келди:

Жорий йилнинг 22 июл куни «Хаbаr.uz» порталида эълон қилинган «Ургутда кўчадан ҳам пул қилишади» номли мақола туман ҳокимлиги томонидан муҳокама қилиниб, «Ургут савдо комплекси» МЧЖга туташ ён атрофидаги ҳудудда ноқонуний равишда автомобилларни вақтинча сақлаш жойлари ташкил қилинганлиги ҳолатларини ўрганиш мақсадида туман Давлат солиқ инспекцияси ва туман прокуратураси қошидаги иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди.

Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ўрганиш давомида «Ургут савдо комплекси» МЧЖга чегарадош «Urgat avto сenter» МЧЖ автошоҳбекати ташкил этиш учун ажратилган ҳудуддан белгиланган тартибга зид равишда автомобилларни вақтинчалик сақлаш жойи сифатида фойдаланиб келинаётгани аниқланиб, корхонага автомобилларни вақтинчалик сақлаш жойлари учун белгиланган қатъий солиқ тўловларини тўлаш ҳақида туман ДСИнинг талабномаси юборилди.

Шунингдек, «Ургут савдо комплекси» МЧЖга туташ ҳудудда «Афсона пласт престиж» МЧЖ томонидан автотураргоҳ қурилиши бошланиб, кейинчалик тўхтатиб қўйилиши натижасида бюджетга ўз вақтида келиб тушмаган солиқ тўловларини ундириш мақсадида туман ДСИ томонидан талабнома юборилди. Бундан ташқари савдо комплекси ён-атрофидаги савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари белгиланди.

Ҳокимлик томонидан туман Давлат солиқ инспекцияси, туман прокуратураси қошидаги иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш бўлими ва «Ургут савдо комплекси» МЧЖ раҳбарияти савдо комплекси ён-атрофидаги автотураргоҳларни тартибга солиш, уларнинг фаолиятини қонунийлаштириш ва келгусида мақолада қайд этилган ҳолатлар такрорланган тақдирда масъул ходимларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши ҳақида расман огоҳлантирилди.

Ҳозирги кунда туман ҳокимлиги томонидан «Ургут савдо комплекси» МЧЖ фаолиятини тартибга солиш, унинг ён-атрофидаги ҳудудда савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолиятини қонунийлаштириш юзасидан «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, ижроси назоратга олинди.

М.Турдиев, туман ҳокими

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг