Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Брифингми ё «оғиз мойлаш»? — Андижон ҳокими тадбир ўтказди... 

Брифингми ё «оғиз мойлаш»? — Андижон ҳокими тадбир ўтказди... 

Шу йилнинг 20 июль куни Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов журналистлар учун навбатдаги брифинг ўтказди. Бу ҳақда тарқатилган ахборотда тадбирдан мурод  коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият юзасидан асоссиз маълумотлар тарқалишига барҳам бериш, аҳолини қизиқтираётган энг долзарб саволларга ойдинлик киритиш экани таъкидланади.

Ҳозирги мураккаб пайтда вилоятдаги мавжуд вазият, айниқса, пандемиянинг олдини олиш борасида аҳолига ахборот бериб туришни олқишлаш керак, албатта. Бироқ ижтимоий тармоқларда мазкур тадбир билан боғлиқ ўта нозик хабарлар сузиб-сузиб юрибди: брифинг аввалида ҳоким номидан оммавий ахборот воситалари ходимларига 5 миллион сўмдан пул берилибди!

Албатта, очиқ-ошкора, «мана бу сизга, ҳоким буванинг атагани...» дея конверт тутқазилмаган. Аксинча, «замонавий» шаклда, қип-қизил сумкачага жойлаб, гўёки эсдалик совғаси сифатида топширилгани айтилмоқда. Токи, тадбир тугагунча сумкачанинг ичида нима борлиги билинмасин, уйига бориб очганида эса беихтиёр «вау!» деворишсин! Иккинчидан, «совға бериш»нинг айни шу шакли уни ўз ўрнида рад этиш ёки қайтариб бериш имкониятиниям пасайтирадики, «тактика»га қойил қолмай илож йўқ: бир ўқ билан бир эмас, бир неча қуён урилмоқда! 

Тўғри, 5 миллион сўм билан ҳеч кимнинг туваги тилло бўлиб кетмайди. Аммо айнан «...пандемия билан боғлиқ вазият юзасидан  асоссиз маълумотлар тарқалишига барҳам бериш» масаласида уюштирилган брифинг аввалида кўрсатилган бундай «саховат»дан пировард мақсадни илғаш қийин эмас барибир. 

Воқеликка расмий муносабат билдирган Андижон вилояти ҳокими матбуот хизмати брифинг иштирокчилари «пул билан сийлангани»ни расман инкор этмади. Аксинча, ҳолатни билвосита тасдиқлаб, салкам бир ой бурун —  27 июнь куни Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан (бир гуруҳ ОАВ ходимлари учун) махсус пресс-тур ва Андижон вилояти ҳокимининг тақдирлаш маросими ташкил этилгани, мазкур тадбирга вилоятда фаолият олиб бораётган соҳа вакилларининг барчасини таклиф этишнинг имкони бўлмаганини таъкидлаб, куни кеча ўтган брифинг аввалида ўша тадбирнинг «қазо бўлган қисми» ниҳоясига етказилганини билдирди.

Шунга қарамай, расмий муносабатни вазиятдан чиқиш учун қилинган ожизона ҳаракат дейиш мумкин. Негаки, ОАВ ходимларининг касб байрами муносабати билан вилоят ҳокими уюштирган тадбирга наинки вилоятда, балки Тошкентда фаолият олиб бораётган қатор журналистлар ҳам таклиф этилган (у пайтда Андижон вилояти «яшил зона» бўлиб,  маҳаллий журналистларни тадбирга таклиф этишда муаммо йўқ эди ҳисоб). Маҳаллий журналистларга қўшиб, пойтахтдан борган ҳамкасбларимиз телевизор (нақд пул билан эмас) билан сийланганидан ташқари Асаканинг «Чўнтак»ида қуюқ меҳмон қилинганди...  Кечаги тадбирда салкам бир ой аввал ҳокимнинг азиз меҳмони бўлганларнинг кўпчилиги «ҳиммат»дан каррасига баҳраманд қилингани эса расмий муносабатдаги гапларни шубҳа остига қўяди.

Сиртдан қараганда, ҳоким бува бир гуруҳ мухбирларга ҳотамтойлик қилиб, уларни доим қўллаб-қувватлаётгандек кўриниши мумкин. Бироқ, қайтарамиз, бундай «эътибор» айнан «...пандемия билан боғлиқ вазият юзасидан  асоссиз маълумотлар тарқалишига барҳам бериш» масаласида уюштирилган брифинг аввалида кўрсатилгани «ҳиммат» савобини сўроқ остига қўяди. Иккинчидан ва инкор этиб бўлмайдиган факт: Ўзбекистон Президентнинг 2017 йил 10 августдаги «Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига уюшма билан биргаликда эҳтиёжманд ва фаол журналистларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жой ёки ер участкалари билан таъминлаш ишларини белгиланган тартибда йўлга қўйиши вазифа сифатида қўйилган. Аммо орадан роппа-роса уч йил ўтган бўлса-да, Президентнинг айни қарори Андижон вилояти ҳокими томонидан ҳозиргача ижро этилмади.

Хуллас, юқоридаги баёнлардан келиб чиқилса, 20 июль куни Андижон вилоят ҳокими  уюштирган тадбирни нима деб аташниям билмайсан: брифингми ёки «оғиз мойлаш»?

Хулоса ҳар кимнинг ўзига тан.

P.S. Кўпчиликнинг тили учида турган саволга тўхталиш ёддан кўтарилибди, узр. Саволки: «Тадбир иштирокчилари берганни  бетига қарамай олаверибдими?». Бу энди ўта хасос ва ўта хусусий ҳолат. Ҳар кимнинг инсофини берсин. Қолаверса, «Ялонғочлар шаҳрида либос киймак уятдур» мазмунидаги араб мақолини қаттиқ ҳурмат қиладиганлар ҳар соҳада бор.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг