Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Чироқ кўп ўчаётганига яна бир изоҳ берилди

Чироқ кўп ўчаётганига яна бир изоҳ берилди

Фото: Xabar.uz

Ҳозирнинг энг оғриқли нуқталаридан бири — электр энергияси таъминоти бўлиб турибди. Совуқ қанча эрта тушса, муаммолар ҳам шунча эрта бошланади. Саволлар ҳам шунга яраша. Мана шу саволларга қисман бўлса-да жавоб топиш учун Фарғона вилоятидаги «Фарғона ИЭМ» АЖ ҳудудида журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбир давомида янги инвестицион лойиҳалар билан танишилди ва савол-жавоб ўтказилди.

Журналистлар саволларига «Иссиқлик электр станциялари» АЖ матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедов жавоб қайтарди. Дастлаб Ўзбекистондаги ИЭСлар ҳақида маълумот берилди.

— Ўзбекистонда умумий ҳисобда 11 та иссиқлик электр станциялари бор. Шулардан 3 таси электр марказлари ҳисобланади ва Фарғона, Тошкент ва Муборакда жойлашган. Яна иккитаси Ангрен ва янги Анрген ИЭС кўмирга ихтисослашган. Тўрақўрғон, Тошкент, Сирдарё, Толимаржон, Навоий ва Тахиатош ИЭСлар эса газ ва мазутга ишлайди.
Ушбу ИЭСларнинг ўрнатилган умумий қуввати соатига 13 565 мегаваттни ташкил этади. Талабдан келиб чиқиб бугунги кунда 11 711 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек юртимизда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини энергия билан таъминлаш учун гидроэлектростанция ва блок электростанциялари бор. Умумий таъминотга келадиган бўлсак, 85 фоиз энергия ИЭСларда, 13 фоизи ГЭСларда ва фақат 1 фоиз блок электростанцияларида ишлаб чиқарилади.

— Жорий йилда электр таъминотида кўплаб узилишлар кузатилди. Умуман, ташкилотингиз куз-қиш мавсумига тайёргарлик олиб борганда эҳтиёжни ўрганиб, шунга яраша режа қилиб чиққанмиди?
— Бу йил куз-қиш мавсуми анча эрта келди. Очиғини айтсам, бунақа тайёргарлик яқин йилларда кўрилмаган. Пандемияга қарамасдан белгиланган барча 28 та таъмирлаш ишлари бажарилди. 4 та буғ-газ қурилмаси, 15 та қозон ва битта агрегат таъмирдан чиқарилди. Сўрашингиз мумкин, бунинг натижасида қувват ошдими? Ҳа, ошди. ИЭСлар соатига қўшимча 368 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқаришга муваффақ бўлди. Сирдарё ИЭСда 6 ва 5-блокда модернизация ишлари олиб борилди. Натижада қирқ йил олдин қурилган блоклар янгиланиб, қуввати оширилди. Тахиатош ИЭСда иккита янги буғ-газ станцияси ишга тушди.

Албатта корхонамиз маълум муаммоларга ҳам дуч келди. Совуқ ўта кучли бўлгани учун ноябр ойида иккита буғ-газ ускунаси тўхтаб қолди, аммо биз уларни икки кунда ишлатиб олдик. Бир нарсани таъкидлаш жоиз, тўхталишлар инсон омили билан боғлиқ бўлмаган ҳолатда рўй берди. Катта авариялардан сақланиш ва ускуналарнинг тикланиб бўлмас даражада бузилишининг олдини олиш учун автоматлаштирилган тизим ишни тўхтатади. Ҳозирда вазият барқарорлашган ва ишлаб чиқариш тўлиқ тикланган. Аксинча, истеъмол ва талаб ошгани учун кунига 200, 300 ва 500 мегаваттгача қўшимча энергия ишлаб чиқарган кунлар бўляпти.

— Ундай бўлса нима сабабдан ҳамон электр энергиясида узилишлар учраб турибди?
— Энергетика вазирлиги таркибидаги учта акционерлик жамияти вазиятни назорат қилиб боряпти. Агар узилиш ҳолати ҳудудий электр тармоқлари ваколатида бўлса, улар бартараф этади. ИЭСга боғлиқ бўлса, бизнинг назоратимизда ушланади. Тўғри, ҳозиргача ҳам авария ҳолатлари учраб турибди, аммо тез орада бартараф этилмоқда.

Бу ўринда шунга ҳам эътибор бериш лозим, бирор ҳудудда 100 та хўжаликка тизимга уланиши лозим бўлса, ўша ерда 400-500 талаб хонадонлар электрдан фойдаланаётганини кўриш мумкин. Бундай ҳолатларда носозликлар учраб туради. Бу носозликлар 2 соатдан 5 соатгача бўлган вақт оралиғида бартараф этилмоқда.

Тўғри, тизимда муаммолар бор ва бунинг учун аҳолидан узр сўраймиз. Аммо юртдошларимиз ҳам истеъмол маданиятини унутмасликлари лозим. Электрни ўз мақсадида сарфлаш керак. Тасаввур қилинг, ҳозирда электр энергиясидан фойдаланиш бўйича 3,5 триллион қарздорлик мавжуд. Ҳозирда аҳолининг истеъмолдаги улуши ошиб бормоқда. Албатта бу бизни хурсанд қилади. Аммо фойдаланилган нарса учун тўлов ҳам бўлиши керак эмасми?

Муаммоларни ҳеч ким инкор этмайди. Албатта халқ манфаати биринчи ўринда. Аммо ишлаб чиқарувчини ҳам ўйлаш керак. Электр станцияларини модернизация қилиш, хориждан керакли ускуналар олиб келиш лозим. Бунинг учун эса ишлаб чиқарилган маҳсулотинг учун пул олишинг лозим. Боз устига тизимда минглаб одамлар ишлайди, уларнинг маоши бор, рўзғори бор.

Агар аҳоли куз-қиш мавсуми келишидан аввал барча қарздорликни ёпиб қўйса, яхши бўларди. Биз соҳага инвестиция жалб қилишни истаяпмиз. Аммо инвестор пул тикиши учун унинг кўнгли тўқ бўлиши шарт. У сарфлаган пулини қайтариб олишига ишониши лозим.

Тан оламиз, Ўзбекистонда фақат битта жойда электр энергияси йўқ. Сурхондарёнинг чекка ҳудудидаги тоғ-тошлар орасида жойлашган битта қишлоқда ҳақиқатан ҳам электр сими етиб бормаган. Бошқа ҳамма жойда бор.

Ҳамма нарса учун тўлаш керак. Бозорга борсангиз, пулингиз бўлмаса ҳам нон ўғирлаб емайсиз, тўғрими. Аммо нима учун электрни ўғирлаймиз? Битта хонадоннинг электр сарфи 30-40 минг сўм бўлар. Аммо ўшани тўлаб қўйишга ҳафсала қилмаймиз. Натижада муаммолар келиб чиқаверади. Электр энергиясидан ўринли фойдаланиш лозим. Электр плита, чойнак, иситкичлар ўрнатавериш оқибатида самарадорлик пасайиб кетади.

— Жавобингиздан келиб чиқиб Ўзбекистонда аҳолининг эҳтиёжига яраша энергия ишлаб чиқарилмайди, деб айта оламизми? Ахир электр чойнакдан фойдаланадими ёки йўқ, ишлатган энергияси учун пул тўласа, нима фарқи бор, етказиб беравермайсизми? Ахир бундан сизга пул келиб тушади-ку...
— Электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш тизимининг учта иштирокчиси бор. Биринчиси — ИЭС, ГЭС ва блок электро станциялари. Иккинчиси — миллий электр тармоқлари. Учинчиси — ҳудудий электр тармоқлари. Сиз бераётган савол умумий тизимга оид савол. Биз ишлаб чиқарамиз ва етказиб берамиз. У ёғига электр тармоқлари жавоб беради. Биз буюртма асосида энергия ишлаб чиқарамиз. Боя ҳам айтиб ўтганимдек, ИЭСларнинг умумий қуввати соатига 13 565 мегаватт энергия ишлаб чиқаришга етади. Бугунги кунда талаб асосида 11 711 мегаватт ишлаб чиқарилмоқда. Яъни, ИЭСлар яна 2 минг мегаваттга яқин захира кучига эга. Биз қанча кўп ишлаб чиқарсак, шунча яхши.

— Демак ҳаммаси сизга берилаётган буюртмага боғлиқ.
— Худди шундай.

— Биз бугун Фарғонада қурилган 7 МВт қувватга эга ИЭС билан танишдик. Ҳисоб-китобларга қараганда станция молиявий жиҳатдан ўзини анча оқлайди. Нима учун хусусий тадбиркорлар ва хорижлик инвесторларга мана шундай кичик станциялар қуриб, бозорга кириб боришга имкон берилмаяпти?
— Аксинча, худди шундай имконият берилмоқда, десангиз тўғри бўларди. Президент қарорига кўра бошқа соҳалар қатори энергетика тизимида ҳам хусусийлаштириш жараёни бошланган. Ҳозирда электр энергияси трансформациялаш жараёни бошланган. Иштирокчилар сонини ошириш учун қарор қабул қилинган. Қайсидир корхоналарни хусусийлаштириш ва бозорга янги иштирокчиларни кириб келиши учун имкониятлар ва преференциялар кўриб чиқилмоқда. Рақобат бўлса, сифат ҳам ошади. Ўзбекистонда нафақат ИЭСлар, балки фотоэлектростанциялар, шамол электростанциялар ҳам қурилиши кўзда тутилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг