Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дадил ва мардонавор ҳаракат қилган ППХ ходимлари бир оилани ўлимдан сақлаб қолди

Дадил ва мардонавор ҳаракат қилган ППХ ходимлари бир оилани ўлимдан сақлаб қолди

Суратда: Андижон вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони ходимлари, сафдорлар М. Азимов ва С. Тожибоев

Андижон вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ ЖТСБ баталь­они ходимлари, сафдорлар Муҳаммаджон Азимов ва Санъатбек Тожибоев пиёда патруль наряди таркибида хизмат олиб бораётганида тунги соат 2.00 бўлиб қолганди. Бирдан наряд бошлиғи сафдор М. Азимов шеригига юзланди:

– Сезяпсанми, куйинди ҳиди келяпти?

– Балки хазон тутаётгандир? – тахмин қилди С. Тожибоев.

Сергакликни кучайтирган наряд йўлда давом этди. Ички сезги осойишталик посбонларига панд бермаган эди: Пушкин кўчасидаги 16-уйнинг панжара ўрнатилган деразаси дарчасидан қуюқ тутун буралиб чиқарди.

– Рация орқали навбатчилик қисмига хабар қил! – буюрди сафдор М. Азимов шеригига, ўзи эса дарвозани тақиллата бошлади. Эшикни ҳеч ким очмасди. Бу орада сафдор С. Тожибоев ППХ батальонининг навбатчилик қисмига ҳодиса юзасидан хабар қилди.

Осойишталик посбонлари эшикни бир амаллаб очишга муваффақ бўлишди. Уйнинг ҳовлиси ва асосий иморатлар олов ичида қолганди.

ППХ ходимлари дадил ҳаракат қилиб тутун билан қопланган ҳовлига киришди, ташқарига қараган хоналарнинг эшикларини тақиллата бошлашди. Шу пайт бир йигитча жавоб қайтарди.

– Нима бўлди? – сўради у уйқули кўзлари билан хизмат кийимидаги ходимларга ҳайратланиб қараркан.

– Уйингизда ёнғин содир бўлган, оиланинг бошқа аъзоларини ҳам уйғотинг!

Ходимлар саноқли дақиқалар ичида икки болани ташқарига олиб чиқишди. Оиланинг қолган аъзоларини қутқариш мақсадида ёнаётган уйнинг ҳовлисига қайтишга уринишди, аммо ўтиш йўлини ҳам аланга қоплаб олганди.

Вақтни йўқотиш ҳалокатли эканини ҳис қилган ходимлар қўшниларнинг эшигини тақиллата бошлади. Улардан нарвон олиб, гуриллаб ёнаётган уйга том орқали ошиб тушишди. Осойишталик посбонлари ёнғин ўчирувчилар келгунга қадар қўшни уйнинг томига тиралган нарвон орқали икки нафар вояга етмаган болани ва эру хотинни қутқаришга улгуришди.

Ҳодиса жойига етиб келган ўт ўчирувчилар гуруҳи ўн дақиқа ичида ёнғинни бартараф этишди. Ходимларнинг аниқ ва профессионал даражада амалга оширган саъй-ҳаракатлари билан барча оила аъзоларининг ҳаёти сақлаб қолинди.

Осойишталик посбонлари ўша мушкул вазиятда ўз ҳаётлари ҳақида ўйламади, на саросима, на қўрқувни ҳис этди ва энг муҳими, одамларни қутқариш ўйи билан ҳаракат қилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, юз берган ёнғин электр тармоғидаги қисқа туташув оқибатида келиб чиққани аниқланди.

Хўш, жасорат кўрсатган қаҳрамонларимиз кимлар эди?

Сафдор Муҳаммаджон Азимов Андижон туманида туғилган. Андижон алоқа касб-ҳунар коллежини тамомлаб, ишлаб чиқариш соҳасида меҳнат қилган. 2015 йилда Андижон вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальонида хизматни бошлаган. У устози сержант Музаффар Очилдиевнинг кўмаги билан тажриба тўплади. Рафиқаси Баҳридилхон билан биргаликда икки ёшли ўғли Азизбекни тар­биялашмоқда.

Сафдор Санъатбек Тожибоев Марҳамат туманида таваллуд топган. Ички ишлар органларида 2016 йилдан буён хизмат қилади. У Қуролли Кучлар сафидан захирага бўшатилган отасининг изидан боришни, ҳарбий бўлишни орзу қиларди.

Сафдорлар М. Азимов ва С. Тожибоев ёнғин чоғидаги ўз ҳаракатларини қаҳрамонлик деб ҳисоблашмайди: «Ўрнимизда бўлган ҳар қандай ходим шундай йўл тутган бўларди...»

Борис КЛЕЙМАН

Postda.uz мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг