Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Давлат дастурига киритилган, ҳаммаси режалаштирилган...

Давлат дастурига киритилган, ҳаммаси режалаштирилган...

Шифокорлар нажот кутаётганини билдирашади, касаллар дод дейди...

Фото: «youtube.com»

Сўз эркинлиги жуда яхши-да. Муаммони ёритасан, фикрларни ўрганасан ва, энг қизиғи, мутасаддилардан бу масала юзасидан изоҳ сўрайсан. Сўз устаси бўлиш ундан ҳам яхши. Микрофонни тутиб турган журналистга нималардир дейсан, аммо бу гапингга ўзинг ҳам тушунмайсан.

Бузилиб адоси чиқиб кетган шифохонани суратга олдик. Кўринишидан шифохона эмас, жаҳон урушидан кейинги харобаларни эслатади. Аммо бинойидай ишламоқда, беморларни қабул қилмоқда. Шифокорлар нажот кутаётганини билдирашади, касаллар дод дейди. Барини жамлаб, бир креслони ғижирлатиб ўтирган амалдордан муаммо ечимини сўраймиз. Рад этмайди, бақирмайди, сўкмайди, автоматдек жавоб беради:

— Муҳтарам юртбошимизнинг ташрифидан сўнг вилоятимиздаги ободонлаштириш ишлари янада жонланиб кетди. Албатта, биз у шифохонадаги аҳволдан яхши хабардормиз. Жорий йил охиригача бош лойиҳа асосида у ер реконструкцияга тушган. Шифохонани капитал таъмирлаш давлат дастурига киритилган...

Болалар устига сувоғи тўкилаётган болалар боғчасини, полидаги захдан бақалар яйраётган мактабни кўрамиз. Яна битта мутасаддига дуч келамиз. Жавобнинг ҳаммаси тайёр матн асосида:

— Бино тўлиқ таъмирланиши режалаштирилган, келгуси ўқув йилини болалар янги даргоҳда бошлашади. Бунинг учун маблағ ажратилган, дастур тасдиқланган...

Журналист ҳам гўё масалани ҳал қилгандек кетади, раҳбар ҳам вазиятдан силлиққина чиқади, шикоятчиларнинг ҳам кўнгли таскин топгандек бўлади.

Шундай вазият сизга ҳам таниш эмасми?

Лекин ҳеч ким «ўша дастурнинг ўзи қани, танишишнинг иложи борми, бу ваъдалар нимага асосланган?» демайди. Йиллар ўтаверади. Бирорта ғишт ўрнидан кўчмайди. Ваъда берганлар нари борса бир йил ичида «кўтарилиб» (одатда «тушиб») кетишади. Улар ҳам бу мансабда кўп қолмаслигини билишади, ваъда билан вазиятдан чиқиб олсалар бўлгани.

Нега шунча йилдан буён таъмирланмаган шифохона ёки мактаб у билан оммавий ахборот воситалари қизиққандагина бирдан дастурга киритилиб қолади? Нима учун ваъда бергувчилар шу пайтга қадар дастурни амалга ошириб юбормаганлар? Буниси энди бошқа масала.

Муҳими ваъдага асос бор. Давлат дастури бор!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг