Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Депутат мол бозорларини бутун Ўзбекистонда бир кунда ўтказишни таклиф этди

Депутат мол бозорларини бутун Ўзбекистонда бир кунда ўтказишни таклиф этди

Фото: Xabar.uz

Бугун Фарғона вилояти, Бағдод тумани халқ депутатлари кенгаши бўлиб ўтди. Кенгаш давомида туман ҳокими Алибек Турсунов ҳисобот бериб ўтди.

Туманда деҳқончилик билан бирга чорвачилик ҳам етарлича ривожланган. Деярли ҳар бир хонадонда икки-учтадан қорамол ва қўй бор.

Президент томонидан озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ўтказилган йиғилишдан сўнг вазиятни ўрганиб чиқдик. Туманда аҳоли эҳтиёжи учун ҳар куни 56 та қорамол сўйилар экан. Биз мана шу жараённи тўлиқ ўрганиб чиқдик. Очиғини айтганда, Бағдод туманида ички имкониятлар эвазига аҳолини гўшт, мева-чева, сабзавот, дон ва гуруч билан бемалол таъминлаш имконияти бор. Ёғ, шакар ва картошка борасида эса етишмовчилиги бўлиши мумкин. Шу борада муаммо бўлмаслиги учун иш олиб борилмоқда.

Айни вақтда туманда 326 та мол ва қўй бўрдоқига боқилмоқда. Биз чорва билан шуғулланаётган аҳоли билан суҳбат олиб бордик. Хусусан, мол бозорларида даллоллик билан шуғулланадиган 63 нафар фуқаро борлиги аниқланди. Шунингдек, 71 нафар қассоб фаолият олиб боради. Улар билан учрашиб, аҳолининг талабидан келиб чиқиб, меъёр белгилаб бердик. Унга кўра, қайси куни кимдан қанчага мол олиб, қанчадан сотишигача белгилаб қўйганмиз. Шунга кўра, туманда 6 ойга етадиган гўшт захираси мавжудлиги аниқланди. Бағдод туманида четдан гўшт олиб келишга ёки музлатилган гўшт сотиб олишга эҳтиёж йўқ. Халқимиз ҳар доим анъанавий тарзда қассобхоналарда сотиладиган гўштни истеъмол қилишга ўрганган.

Туманда етишмаётган маҳсулотларга келадиган бўлсак, тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, 6 ой давомида қанча захира керак бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. Ёғ, шакар ва картошка захирасини яратишда маблағ етишмовчилиги бўлса, кредит таклиф қилдик. Ҳозирча тадбиркорлар маблағ борасида муаммо йўқлигини билдиришди. Улар билан келишган ҳолда, иш олиб бормоқдамиз.

Олиб борилаётган ишлардан тадбиркор зарар кўрмаслиги лозим ва бу бўйича ҳам келишув мавжуд. Агар тадбиркор тақчил маҳсулот захирасини яратиб, сўнгра нарх тушиб кетиши туфайли зарар кўрадиган бўлса, йўқотилган пулни қоплаб беришга кафолат берганмиз, — дея ҳисобот берди Алибек Турсунов.

Сесия давомида депутатлар томонидан фикрлар билдирилди. Хусусан, депутат Мақсуджон Холматов бутун Ўзбекистондаги мол бозорларини бир кунда ўтказишни таклиф қилди.

Ўзбекистонда гўшт нархини туширишнинг осон ва қулай йўли бор. Ҳозир тадбиркорга бориб, мол ва қўй гўштини арзон қил, деган билан натижа бўлмайди. Чунки у маҳсулотга пул тиккан ва ўша пулни чиқариб олиши керак. Биз қорамол савдосида воситачиликдан воз кечишимиз керак. Қорамол нархи сунъий ошиб кетишида даллолларнинг ўрни катта. Улар деҳқондан молни ярим нархига сотиб олади ва қимматига сотади. Шунақа таассурот пайдо бўладики, бутун бозор бир-бирини алдаш билан банддек.

Бу муаммодан қутулиш учун бутун Ўзбекистон бўйича мол бозорларини бир кунда ўтказиш керак. Шунда даллол молни олиб, бошқа бозорга олиб бориб сотишига чек қўйилади. Натижада деҳқон молини тўғридан-тўғри сотиши мумкин.

Мол нархини белгилашда эса бозорларга тарози қўйилиб, тирик вазнини ўлчаш лозим. Бутун дунёда шу усулдан фойдаланилади. Қорамолнинг насли ва бошқа жиҳатларига қараб, нарх белгилаш мумкин, — деди депутат.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг