Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шаҳноза Тўрахўжаева

Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил (Жалолиддин Румий)

Депутатлар, икки кўзимиз сизда энди!

Депутатлар, икки кўзимиз сизда энди!

Йил сўнгида Президентнинг халқ вакилларига мурожаат қилиб, реал ҳаётимиз ҳақида реал гапларни айтиши яхши анъанага айланди. Бардавом бўлсин.

Айтилганидек, молия-иқтисод соҳасида анча мураккаб йил бўлади, белни маҳкам боғланглар, азиз юртдошлар.

Келаётган йилдан солиқни кам тўлаймиз, демак бюджетга солиқ тушуми камаяди. Президент «бу осон иш эмас, аммо самарали солиқ маъмуриятчилиги орқали бу даврдан эсон-омон ўтамиз» деяпти. Яъни солиқ имтиёзларини камайтириш, ҚҚС жорий этиш ва ҳоказо. Ўзи ривожланган дунё тажрибасидан маълум, солиқ ставкалари қанча паст бўлса, солиқ тўловчилар кўпаяди, чунки катта солиқни тўлашни истамай, «қора иқтисод»га қочган қатлам қонуний ишлашга ўтади. Ишқилиб, бу формула бизда ҳам ишласин, «ўзбек модели» бўлиб кетмасин.

Одамлар тушуниши керак: фаровон яшашни истайдими, ҳалол яшашдан бошқа чора йўқ. Ўғрилик баракани учиради, ҳатто ўғрининг ўзида ҳам фаровонлик бўлмайди. Ўғрилик қилмай, ҳалол ишлашга шароит яратиляптими, хавфсирамай, бадбинлик қилмай, яхши гумонда кейинги қадамларни қўйиш, ислоҳотларга ишониш керак.

Солиқ имтимёзларининг босқичма-босқич бекор қилиниши ҳалол рақобат муҳитини яратишга хизмат қилади. Бу йўлда илк қадамлар қўйилди. Монополия ҳам йўқ қилинса яхши бўларди. Унга ҳам навбат етадиган кўринади...

Аёллар ҳақидаги статистика ташвишлантиради: 13 минг аёл ночор аҳволда дейилди. 13 минг ночор аёлнинг ортида бир нечталаб фарзандлари ҳам борлигини ҳисобга олинг, бу статистикага кирмай қолган яна неча минглаб аёлларни олинг... Ҳали қиладиган ишингиз кўп, эркаклар!

«Ногиронлиги бўлган фарзандни парвариш қилаётган оналар учун алоҳида нафақа тури жорий этилади». Солиқ тушуми камайган йилда бу қадам – осон бўлмаса керак. Лекин ҚҚС туфайли (яна бошқа қатор сабабларга кўра) нархлар ошиши мумкин. Демак, кучли ижтимоий ҳимоя керак.

Канализация ва сув ислоҳотига доир чора-тадбирларни ишлаб чиқишга президент 2 ой мухлат берди. Режа ишлаб чиқишга бу муддат етса ҳам, реал муаммони бартараф этишга бир неча йиллар керак бўлади, назаримда. Уйимиз ертўласидан чиқиб ётган қўланса ҳид ва буғ буни тасдиқлаётгандек... 

«Осиё ўйинлари»га мезбонлик қилиш ғояси яхши, 100 фоиз қўллаб-қувватлайман. Бизнинг кўчаларда ҳам байрам бўлсин!

«Ўзбекистон тарихи» канали очилиши... хўўш. Ғоя яхши. Аммо бизнинг ТВ билан, билмадим-да... Хусусий канал қилиш керакмикан балки. Тарих ҳақида кўрсатувлар, фильмлар, шоулар яратиш мураккаб ва қиммат иш.

Маълумот учун: Буюк Британияда суратга олинган «Империя баҳоси» деган ҳужжатли-тарихий фильмнинг 1 та серияси бюджети 18 млн $.

Рейтинги баланд, қизиқарли қиламан дейишса, жуда зўр телеканал бўлади. Аммо қила олишармикан? Кўрамиз... 

Президент парламентга кўп ваколатларни беряпти (масъулиятига қўшиб): вазирларни тайинлаш, бюджетни шакллантириш... Ҳатто ҳокимлар ҳам парламентдаги махсус кенгаш тасдиғидан ўтиб, кейин тайинланаркан.

Гап йўқ! Демократик ҳаракатлар. Фақат парламент бу ваколат ва масъулиятни кўтара олармикан? Парламент – бу сизу биз, халқ дегани, у ерда биз сайлаган вакиллар ўтирибди.

Депутатлар, энди икки кўзимиз сизда бўлади. Одамлар ҳам энди депутатларни ўйлаб сайлаши керак, чунки улар реал кучга айланиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг