Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Депутатнинг виртуал имижи

Депутатнинг виртуал имижи

Фото: «snob.ru»

Бугун жамият ҳаётида кечаётган ўзгаришларда интернетнинг, айниқса, ижтимоий тармоқларнинг ҳиссаси катта. Биз шу ўринда сўзимиз исботи тариқасида далилларни қалаштириб ташлашдан тийиламиз – шундоқ ҳам фойдаланувчи сифатида кузатиб (иштирок этиб) турибсиз. Таъкидлаймизки, интернетнинг ўзбек сегментида қисқа муддатда мурожаат ва муаммоларга ёндашишнинг виртуал кўриниши шаклланиб улгурди. Аммо ёдда тутмоқ лозимки, ана шу алоҳида шакл ҳозир мураккаб ўтиш босқичини ҳам бошдан кечирмоқда. Парламент аъзолари 2017 йилнинг биринчи ярмига қадар тезкор ахборот алмашинувида деярли иштирок этмасди. Қонун лойиҳалари муҳокамаси ва Олий Мажлис фаолияти билан боғлиқ материаллар фақатгина расмий муносабат билан чекланарди. Лўндароқ қилсак, депутатнинг ижтимоий тармоқларда пайдо бўлиши, индивидуал фикр билдириши жуда-жуда камёб ҳодиса эди.

Ўтган йилнинг 12 июлида Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий партиялар вакиллари ва депутатлар билан бўлиб ўтган учрашувида – видеоселектор шаклидаги йиғилишда виртуал оламдаги ана шу ботиқни тўлдириш йўлида дастлабки қадам ташланди. Давлатимиз раҳбари, жумладан, шундай деди: «Депутат ва сенаторлар ўз фаолияти ҳақида сайловчиларни хабардор этиб бориш учун интернетда, ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очиб, зарур маълумотларни уларга киритиб боришлари лозим».

Шундан сўнг кузатилган сиёсий фаоллик интернет фойдаланувчилари томонидан илиқ қаршиланган ва ўзига хос уйғониш даври дея баҳоланган эди. Бу орада тўққиз ойдан мўлроқ вақт ўтди. Хўш, депутатларнинг ижтимоий тармоқлардаги виртуал иштироки қандай кечмоқда? Интернет маданиятининг айрим чегара билмас, мезон билан ўлчаб бўлмайдиган томонлари уларга қанақа таъсир қилди? Халқ ноиблари Президент айтган, ўзлари мўлжаллаган мақсадга ета олаяптими? Саволни бу қабилда қўяётганимизнинг асосий сабаби – расмий, сипо имижнинг оммабоп, «шовқинли оқим»га қўшилиши ва бунинг натижасида вужудга келган мулоқот жараёнини кузатиш ва таҳлил қилиш ниҳоятда қизиқ. Биз мақола мобайнида айни шу жиҳатларга эътибор қаратдик. Аммо ўқувчиларимиз вақтини ҳисобга олган ҳолда кузатув доирасини қисқартирдик, мавзуни Олий Мажлисга етакчи партия — «O‘zLiDeP»дан сайланган депутатларнинг «Фейсбук» ижтимоий тармоғидаги виртуал фаолиятига бағишлашни лозим кўрдик. Мазкур мезон қуйидаги мақолга асосланди: «Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр».

Бунинг учун «Parliament.gov.uz» сайтининг «Қонунчилик палатаси» бўлмаси «Депутатлар» қисмига ўтиб, алифбо тартибида жойлаштирилган рўйхатда «O‘zLiDeP» фракциясига аъзо вакилларни ажратиб оламиз – 40 нафар. Депутат Бекзод Ортиқовдан бошланиб Қаҳрамон Эргашев билан тугайдиган ихтиёримиздаги рўйхатни «Фейсбук» ижтимоий тармоғининг «қидирув» хизматига ҳавола қиламиз. Шунда...

 Қўшпрофил, саҳифа, «хўжам кўрсин» ва йўқ

Изланишларимиз ҳосиласи шундай бўлдики, 32 нафар депутатнинг профили мунтазам бўлмаса-да, ҳарқалай ишлаб турибди. Тез-тез, онда-сонда янгиланаётган хабарлар оқимини бир қур кўздан кечириш мобайнида мазкур профиллар ҳақиқий эканига гувоҳ бўлдик. Яъни, эгаларининг жараёнларга муносабати «чинакам депутатона». Ҳатто айрим депутатларимиз бир эмас, икки профилни юритаяпти. Бу ҳолат Адҳам Шодмонов, Тўлқин Каримовда кузатилади. Эътиборлиси, Тўлқин Каримов ҳар иккисидан унумли фойдаланаётган бўлса, Адҳам Шодмонов ундай эмас.

Адҳам Шодмоновнинг «Фейсбук»даги профилидан скриншот

Нилуфар Саидаҳмедова эса шахсий профил ўрнига тармоқда махсус саҳифа ёқтирган ва бу иши таҳсинга сазовор. Чунки кўпчилик яхши биладики, саҳифани юритиш имкониятлари профилга нисбатан кенгроқ ва аудиторияси чекланмаган (биз бу қулайликка ҳали яна қайтамиз).

Аммо ҳафсалани пир қиладиганлар ҳам бор. Клара Жумамуратова, Муҳаббат Тўхтаева, Наргиз Халилова, Тўлқин Эшназаров номига профил очилган, лекин ё улар фаолият юритмайди, ё фақат кузатув функциясига эга.

Афсуски, Ўткир Бўтаев, Раҳматилла Каримов, Адҳам Назирқулов, Нодирбек Ражабов каби депутатларимизнинг исм-фамилияларини ҳар қайси кўринишда, қай алифбода ёзмайлик, оддий фойдаланувчи сифатида топишнинг иложи бўлмади. Ахир... Уларнинг қайси қўмитада фаолият юритаётганини билсангиз эди: Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси... Энг кўп мурожаатлар соҳаси, шундай эмасми?..

Энди профилга жойланган фотолар ҳақида. Бунга ўзгача диққат қаратаётганимизнинг боиси шуки, ижтимоий тармоқларда расм худди матн каби тенг таъсир кучига эга. Ҳатто баъзи материалларда юқорироқ ҳам. Депутатларимиз қўйган суратларга синчков ҳамда қиёсан боқсангиз, деярли бир хилликка дуч келасиз. Мажлис жараёни, кресло ва минбардан нутқ ирод этиш. Майли, буни сиёсий этика меъёрларига амал қилиш билан боғлаймиз. Улар орасида Адҳам Шодмонов ноодатийлик бўйича ютиб кетган дейиш мумкин. Депутат профили асосий расмига «Самарқанд герби»ни қўйган ва шарҳда бу символ ҳақида батафсил тўхталган.

Ким учун тарғибот воситаси, ким учун жониворларга муҳаббат намойиши

Сиз жамоат орасида, дейлик, ўта муҳим тадбирда ташқи кўринишингизни ўзингиз истагандек тартибга солишингиз мумкин, лекин виртуал оламда буни ҳар доим ҳам уддалай олмайсиз. Чунки компютер ёхуд смартфон, планшетдан фойдаланар экансиз, кўпинча ёлғиз бўласиз, ана шу эркинлик пайдо қилган туйғулар сиз ёзган ёки муносабат билдирган ҳаволаларда ўз аксини топади. Айниқса, эл назаридаги шахс бўлсангиз, виртуал борлиқдаги айни ҳолат сизни ноқулай ҳолга тушириб қўйиши ҳам тайин. Бу ёқда турли сайтлар профилингизни пойлаб туришади, бехос ҳиссиётга берилсангиз, мулоҳазангизни таҳрирлаб улгурмай, интернетда турли сарлавҳалар билан эълон қилинган мақолалар урчиб кетади. Қўйилган постни ўчириб ҳам қутулмайсиз. Скриншот (маълумотнинг расм кўринишида сақланган шакли) олиб қўйилган бўлади. Бундай шароит депутатдан нафақат масъулият, биринчи навбатда, ўта ҳушёрликни ҳам талаб қилади. Келинг, шу ўринда депутатларимизнинг хабарларига биз юқорида айтмиш ракурсдан назар ташлаймиз.

Ўрганувлар натижасига ранг-баранглик қўшдик:

Гулшана Худоёрова таълим масалаларига урғу беришни кўпроқ истаган бўлса, Исломжон Зокиров ўзбек олимларининг мақолалари халқаро журналларда бепул чоп этилишига доир янгиликка муносабат билдирган. Эркин Холбўтаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1901-моддасига таклиф этилаётган ўзгартириш, яъни жинсий эҳтиёжини қондириш мақсадида фоҳишахонага борган шахсларнинг энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдорида жаримага тортилишига «Кўпайтириш керак жаримани» тарзида «реакция» кўрсатган. Мавлуда Хўжаева томорқачилик ривожи, Соҳибжон Исмоилов «Автомобил йўллари тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича семинар ўтказилгани тўғрисида маълумот берган.

Депутатларимиз орасида нофаол тенденция ҳам кузатилади. Чунончи, Муродилла Турсунов жараёнларга охирги марта 26 январда муносабат билдирган. Русийзабон депутатларимиздан бири – Владислав Цветков инновацион технологиялар, ислом дини ва филиппинлик машҳур боксчи Мэнни Пакяонинг эҳтиёжманд оилаларга уй қуриб берганига эътибор қаратган. Рустам Қобилов бир неча марта «Энг яхши банк ходими – 2018» кўрик-танловидан жонли эфирда хабар узатишга ҳаракат қилгану, уддалай олмаган. Дилором Файзиева Жиззах вилоятида қурилаётган сув омборига оид сурат жойлаган.

Виртуал сайрни давом эттирарканмиз, ноодатийликка ҳам дуч келдик. Инчунин, Зафар Ханиязовнинг профилига мўраласангиз, кўз олдингизда депутат сийрати ўрнига жониворларни севувчи, қувноқ лавҳалар шайдоси, ҳикматли сўзлар ошуфтаси, инсоний туйғулар тарғиботчиси сиймоси гавдаланади. Афтидан, Зафар ака қонунлар муҳокамаси шарҳларини ҳамкасбларига қолдириб, ўзи сайловчиларга бошқача кайфиятда кўринишни истайди. Бундай мисоллар кўп.

Депутат Зафар Ханиязовнинг «Фейсбук»даги саҳифасидан скриншот

Биринчидан, иккинчидан, учинчидан...

Кетма-кет иқтибослар келтириш материал ҳажмини оширишини инобатга олиб, депутатлар шахсий профилини бошқаришда дуч келаётган умумий муаммоларни яхлитлашга ҳаракат қиламиз.

Биринчиси – тэглар. «Фейсбук» орқали депутатга дўст бўлган фойдаланувчи ўз хабарлари – фикр, видео, табрик, фото, тадбирдан лавҳаларини бўлишиш мақсадида махсус тугмаларни босиб, депутатни «белгилайди». Натижада унинг хабари депутат профилида ҳам кўриниш беради. Мазкур ноқулайлик, депутат профилида тартибсизликни юзага келтиради ва ҳақиқий муносабатларни ажратиб олишда қийинчилик туғдиради. Бу масалани техник жиҳатдан бартараф этиш осон, аммо, ўйлашимизча, кўпчилик депутатларимиз бундан бехабар ёки умуман бефарқ.

Иккинчиси – имловий хатолар. Бу ўринда депутатларни ҳам тўғри тушуниш мумкиндай. Чунки телефон ёки планшет алифбосида ўзбек тили имлоси бўлмаслиги мумкин. Лекин бунинг ҳам чораси осонлиги боис айни дилхираликни оқлолмаймиз. Унутмайлик, депутат энг аввало зиёли!

Учинчи ва энг муҳими – «ютилиш процесси». Гап шундаки, «оммавий маданият»нинг виртуал қуролларидан бири ҳаммани бир даражага – ўртаҳоллашишга мажбурлашидир. Лекин депутат Қонунчилик палатаси вакили сифатида ўз мавқеини тутиб туриши шарт. Турли ёқлардан ёғилаётган, улашилаётган ахборот, истайсизми-йўқми, инсон омилини қўзғайди ва шулар таъсирида фикр билдириш асносида, ким бўлишидан қатъи назар, умумоқимга ютилиш хавфи ортади. Депутат ахборий дахлсизлигини фикри орқали ҳимоя қилиши мумкин, бироқ тэглар ва шунга ўхшаш виртуал воқеликлар иштирокчиси сифатида бошқарилиш (яъни ўзи хабари бўлмаган ҳолда бошқалар томонидан қўшиб қўйилиши) хавфидан қутула олмайди.

Англаганингиздек, депутатларимиз ижтимоий тармоқдаги профилини юритиш мобайнида бир қатор объектив ҳамда субъектив тўсиқлар қаршисида қолмоқда. Яна такрорлаймиз, буларни бартараф этиш унчалик ҳам қийинмас.

 Ўша тарихий йиғилишга қайтсак

Президент депутатлар интернетда ва ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очиши ҳақида гапирар экан, «Бу борадаги ишларни ташкил этиш вазифаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбари Шерзод Шерматовга топширилади», — дея таъкидлайди. 

Биз мақолани тайёрлаш мобайнида «O‘zLiDeP»даги манбамиз орқали уч-тўрт депутат билан гаплашдик. Депутатлар ўзлари билганича иш тутиб, Президент айтганидек саҳифа эмас, шахсий профил юритишни маъқул кўрган. Нима ҳам дердик, юқорида санаб ўтган камчилик ва тушунмовчиликлар шундан бўлса керак деган тахминга берилишдан ўзга чора йўқ.

Нилуфар Саидаҳмедова мисолида тушунтирдик: депутатнинг ижтимоий мавқеи инобатга олинса, шахсий профилдан кўра саҳифа афзал! Майли, депутат маиший турмушдаги фаолиятини профили орқали намоён қилаверсин – бу унинг шахсий иши, аммо касбга алоқадорлик саҳифада акс этиши энг тўғри ва мақбул ёндашувдир. Аммо ҳамма депутатларимиз ҳам «Фейсбук»да саҳифа ёқтиришни биладими? Муаммо ана шунда!

Ечим – АКТ вазирлиги ходимларининг саъй-ҳаракатида. Улар интернет имкониятларидан фойдаланиш бобида устаси фаранг! Бу салоҳият ва маҳорат қисқа муддатда бўй кўрсатиши ортидан интернет тармоғида бўлар-бўлмас тэгу ҳаволалар ва ҳатто киберҳужумлардан ҳимояланган депутат саҳифаси пайдо бўлса, ажаб эмас.

Асосий муаммо

Депутатнинг кунлик иш вақти тақсимоти ҳақида нималарни биламиз?

Эрталаб Олий Мажлисга, ундан муҳим тадбирга, кейин қонун лойиҳаси муҳокамаси, фракция йиғилиши, бу ёқда телевидение, радио, газета, сайт мухбирлари интервюга илҳақ. Ойнинг биринчи ўн кунлигида аҳоли билан мулоқот ўтказиш учун вилоятларга сафар, уйма-уй юриш, яна қайтиш, хорижий парламент вакиллари билан учрашув... Булар – бармоғимизга сиққанлари, холос. Қолганларини депутатларнинг ўзлари давом эттиришлари мумкин.

Бизни ўйлантираётган савол – депутат ҳаммасидан ортса-ю, шундан сўнг ҳам саҳифасини юритишга вақти қолармикан? Жумбоқки, шунча юклама устига интернет ҳам қўшилса жисмонан уддалаш имкони борми? Ҳозирча уддалашаяпти. Бироқ қандай кечаётганини юқорида келтирдик. Бундай «тартибсиз тартиб» тез орада муваффақиятсизликка учраши мумкин. Сиз ҳам сезгандирсиз: депутатларнинг виртуал жараёндаги айни иштироки шунга қараб кетмаяптими?..

 Таклиф

Хориж тажрибасига қарасак, парламентаризм ривожланган мамлакатларда халқ вакилларининг хос ёрдамчиси борлигига гувоҳ бўламиз. Уни шартли равишда жамоатчилик билан ишлаш, депутат фаолиятини интернет, матбуотда ташвиқ қиладиган вакил деб атаса ҳам бўлади. Миллий парламентимизда ҳам ана шу вакил штатини жорий қилиш вақти келди деб ҳисоблаймиз.

Олий Мажлис матбуот хизмати умумийлик характерига эга бўлиб, ҳар бир депутат билан индивидуал ишлаши қийин. Бу катта жамоа ва ортиқча зўриқишни талаб қилади. Ёрдамчи эса ҳар доим депутат билан бақамти юради, унинг иши кўрсатмалар асосида депутат саҳифасини юритиш, тадбирлардаги иштирокини ёритишдан иборат бўлади. Яна бир ютуқли томони – ёрдамчи мисолида сиёсий жараёнларда чиниққан, келгусида жамиятга наф келтиришга тайёр кадр етишиб чиқади.

Агар Молия вазирлиги бу таклифни қўллаб-қувватласа, нур устига нур бўлар эди...

 Мухтасар қилганда

Мақола нуқул бир дарвозага гол ураверишдек тасаввур уйғотган бўлса, фикрингизга қўшиламиз. Чунки материални тайёрлаш мобайнида чегириб олинган маълумотлар шуни тақозо этди. Мулоҳазаларимиз мобайнида баъзи депутат, мутасаддиларни туртиб кетганимиз эса танқид эмас, балки реал вазиятга баҳо беришга интилиш эди. Аслида фидойи депутатларимизнинг жойлардаги хайрли амаллари, эшитувлари ва сўровлари натижасида аҳоли фаровонлиги ошаётганини эътироф этамиз.

Аслиддин Алимардонов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг