Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди

Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди

Фото:«Meros.uz»

Ўзбекистон Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқи ахборот» каналида хабар берилди.

Фармон билан қуйидагилар диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

— «Жаҳолатга қарши маърифат» улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш;

— ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш;

— динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш;

— жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш;

— жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш;

— диний-маърифий ташкилотларнинг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;

— глобаллашув шароитида жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ахборот-таҳлилий фаолиятни кучайтириш;

— диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг