Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Директоримиз ойлигимдан ушлаб қоляпти, деган гапларга энди ҳожат қолмайдими?

Директоримиз ойлигимдан ушлаб қоляпти, деган гапларга энди ҳожат қолмайдими?

География дарси

Фото: «uz24.uz»

Сўнгги йилларда Халқ таълими вазирлигига ўқитувчи-педагоглардан келиб тушаётган ариза ва шикоятларнинг аксарияти бухгалтерия соҳасида йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонлар билан боғлиқ. Хусусан, ходимларнинг ойлик иш ҳақларини ҳисоблашда, директор жамғармасидан устама ҳақ тайинлашда йўл қўйилаётган қонун бузилишлар педагогларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди. Бу таълим муассасаларининг бухгалтерия тизимида ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар борлигини кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 21 августдаги «Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори бу каби муаммоларга барҳам бериш, ҳисоб-китоб хизматини такомиллаштириш сингари мақсадларга қаратилган.

Мазкур қарорга биноан умумий ўрта таълим муассасаларида индивидуал тарзда фаолият юритиб келаётган бухгалтерия хизмати фаолияти тугатилиб, туман (шаҳар) халқ таълими муассасаларида марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари ташкил этилади. Марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати қуйи муассасаларнинг харажатлар сметаси тузилиши ва ижро этилиши, иш ҳақини ҳисоблаш ва тўлаш, товар, иш ва хизматларнинг харид қилиниши, бюджет ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобининг юритилишини таъминлаш, фаолият тури бўйича товарлар (ишлар, хизматлар)дан тушадиган даромадлар мониторингини юритиш каби вазифаларни бажаради.

Ўз навбатида, Халқ таълими вазирлиги ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаларида Ички аудит ва молиявий назорат хизматлари ташкил этилмоқда. Мазкур тизим туман (шаҳар)даги марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати фаолиятини назорат қилиб, бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланиши ва талон-торож қилинишининг олдини олиш, тасарруфидаги муассасаларда харажатлар сметасини режалаштириш, бюджет ҳисобининг юритилиши, тендер (танлов) савдоларининг ўтказилиши ва шартномалар тузилиши устидан мониторинг қилиш ҳамда профилактика ишлари билан шуғулланади. Шунингдек, асоссиз дебитор ва кредитор қарздорликларга йўл қўймаслик, қонунбузарликларга имконият яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф қилишда бевосита иштирок этади.

Педагог-ходимларга ойлик маоши ва турли устамалар берилишида шаффофликни таъминлашга эришилади. Ҳар бир ўқитувчининг неча соат дарс ўтиши, унга тўланаётган иш ҳақи миқдори, директор фондидан тайинланаётган устамалар кимларга берилаётгани, умуман, бюджетдан ажратилаётган маблағнинг нимага сарфланаётгани ҳақидаги маълумотлар мактабдаги «Эълонлар тахтаси»га жойлаштирилиб, жамоага очиқ-ойдин кўрсатиб борилади.

Яна бир жиҳати, маошнинг педагог-ходимларга етказилишидаги янгиликдир. Мактаб директори педагог-ходимларнинг маошини бериш тўғрисидаги маълумотномани тасдиқлагач, «ЎзАСБО» электрон дастури орқали уни марказлашган молия-бухгалтерияга жўнатади. Марказлашган молия-бухгалтерия хизмати ҳисобчилари қабул қилиб олган хужжатларнинг ҳисоб-китобини қилиб, белгиланган муддатларда тумандаги барча ўқитувчининг банк пластик карточкасига ўз вақтида ўтказиб беради.

Натижада, ўқитувчилар ўртасида «Ойлик маошимни ҳалигача ололмадим, кечикяпти» ёки «Ҳисобчимиз нимагадир ойлик маошимдан ушлаб қолибди», деган эътирозлар келиб чиқмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг