Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Дугоналар» — Ўзбекистон хотин-қизларининг «кўнгил минбари»га айланади!

«Дугоналар» — Ўзбекистон хотин-қизларининг «кўнгил минбари»га айланади!

Ўзбекистон хотин-қизларининг минбарига айланадиган «Дугоналар» журнали нашр юзини кўрди.

Фото: Беҳзод Мадаминбеков

Ўзбек аёлининг фитрати — мўъжиза. Шу сабаб, аҳли оламнинг ҳайратига сазовор. Буюклигининг сири, қудратининг кучи шунда. У — жамият кўзгуси, миллатнинг давомчиси.

Аёл — тарбиячи. Шундай экан, жамият олдидаги илк вазифа унинг маънавий хазинасини бойитиш, уни маърифатга ошно қилиб, кўнглини меҳр жавоҳирлари билан тўлдириш.

Энди март ойини Ўзбекистон хотин-қизлари яна бир унутилмас, ширин хотиралар билан эслайди! Сабаби, айни шу ой Муҳтарам Президентимиз истаган ва кутган, Ўзбекистон хотин-қизларининг минбарига айланадиган «Дугоналар» журнали нашр юзини кўрди.

Фото: Беҳзод Мадаминбеков

Бугун, 20 апрель куни «Ёшлар ижод саройи»да ушбу журналнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Шоир-ёзувчилар, мутасадди ташкилотлар вакиллари ва мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган хотин-қизлар, шунингдек, ватанимиз равнақига ҳисса қўшган фаол аёллар, фахриялар иштирок этди.

— Ёшларни маърифатли қилиб тарбиялаш, замонавий намунали оилаларни шакллантириш ва қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган мақсадли ишларни янада кучайтириш, мамлакатимиздаги аёллар билан мулоқот қилишнинг энг яхши воситаси бўлишини таъминлаш, ёшларнинг, хусусан, қизларнинг эришган ютуқлари, шунингдек, мамлакатимиздаги энг фаол ва оқила хотин-қизларнинг ибратли ҳаёт йўлларини намуна сифатида кўрсатиш журналнинг бош ғоясидир, — деди Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Дилноза Каттахонова.

Тақдимот маросими Шароф Рашидовнинг «Дугоналар» шеърига басталанган қўшиқ билан очилди. Журнал мазмун-моҳиятини акс эттирган видеолавҳа эса йиғилганларга катта таассурот қолдирди!

Фото: Беҳзод Мадаминбеков

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид Ўзбекистон хотин-қизларини ушбу минбар билан табриклаб, журналнинг кейинги фаолиятига улкан муваффақият тилади.

— Журнал мамлакатимиз хотин-қизлари учун энг яқин дугонадай қадрли бўлади, — деди «Дугоналар» журналининг бош муҳаррири Ҳалима Худойбердиева.— Биз, бу учун барча имкониятларимиздан фойдаланамиз. Юртбошимизга хотин-қизлар номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз!

Тақдимот маросими давомида журналнинг кейинги фаолияти хусусида фикр-мулоҳазалар юритилди, иштирокчилар томонидан таклифлар берилди.

Тадбир сўнггида бир жуфт дилтортар мумтоз қўшиқ йиғилганларга янада хушкайфият улашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг