Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунё бўйича ўлим жазоси қўлланиши камайди

Дунё бўйича ўлим жазоси қўлланиши камайди

Фото: «АFR»

Бугун, 12 апрель куни «Amnesty International» халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ўтган йил якунлари ҳақидаги ҳисоботи эълон қилинди. Бу ҳақда Франциянинг «Европа 1» радиоси хабар бермоқда.

Унда айтилишича, дунё бўйича ўлим жазоси сони камайиб бормоқда. Ўткан йили Гвинея ва Мўғулистон ўлим жазосини бекор қилган давлатлар қаторига қўшилган. 2017 йил давомида дунёнинг 23 та мамлакатида жами 993 та ўлим жазоси қайд этилган. Бу кўрсаткич 2016 йилдагидан 4 фоиз кам. Ўлим жазоси бўйича рекорд сифатида қайд этилган 2015 йилга нисбатан эса 39 фоиз камайганини кўриш мумкин. Ўша йили дунё бўйича 1634 та ҳолат қайд этилган эди.

Хитой кирмаган ҳисобот

Қайд этиш керакки, ўлим жазоси энг кўп қўлланадиган ва аниқ сони сир сақланадиган Хитой ушбу статистикадан жой олмаган. Хитойдан ташқари, дунё бўйича қайд этилган ўлим жазоси билан боғлиқ ҳолатларнинг 84 фоизи Эрон, Саудия Арабистони, Ироқ ва Покистон ҳиссасига тўғри келади. Шунга қарамай, ўтган йили ўлим жазоси билан боғлиқ ҳолатлар Эронда 31 фоиз, Покистонда эса 11 фоиз камайган.

«Amnesty International»нинг ҳисоб-китобларига кўра Беларуснинг бу борадаги ютуқлари анчайин салмоқли. 2017 йилда мамлакатда олдинги йилларга нисбатан ўлим жазоси ярмига камайган. Шунингдек, Миср ҳам бу борада яхши натижаларга эришган. Мамлакатда ўлим жазоси 20 фоиз камайган. Аммо АҚШда бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан юқори бўлган. Мамлакатда 2017 йилда 41 та ўлим жазоси билан боғлиқ ҳолат қайд этилган. 2016 йилда эса 1973 йилдан буён энг кам миқдор қайд этилган эди: 32 та. АҚШ ўлим жазоси энг кўп қўлланадиган давлатлар орасида 8-ўринда бормоқда.

Саҳрои кабир жанубидаги Африка давлатлари ҳам бу борада яхшигина ютуқларга эришмоқда. Гвинея минтақадаги ўлим жазосини бекор қилган 20-давлатга айланди. Гамбия эса ўлим жазосини қўлламаслик ва уни бекор қилишга чорловчи халқаро протоколни имзолади.

Бугунги кунда дунёдаги 195 давлатдан 142 таси ўлим жазосини қонун йўли билан ёки амалда бекор қилган. Шулардан 106 тасида бу жазо бутунлай бекор қилинган.

Ўзбекистонда ҳам 2008 йилдан ўлим жазоси бутунлай бекор қилинган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг