Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дунёдаги энг антиқа қонунлар

Дунёдаги энг антиқа қонунлар

Фото: «Самое интересное»

«Маҳаллада дув-дув гап» бадиий фильмидаги «тиниб-тинчимаган одамлар-эй, нималарни ўйлаб топишмайди-я?!» деган иборани ҳар биримиз табассум билан эслаймиз. Бир сўз билан айтганда, оригинал чиққан ушбу иборани турли даврларда амалда бўлган қонунлар мисолида ҳам кўриш мумкин: «тиниб тинчимаган қонунчилар-эй, қанақа қонунлар ишлаб чиқишмайди-я?..».

• Қадимги юнонлар ўзларининг гўзаллик ва муҳаббат маъбудаси Афродитани ҳурмат қилмаган ва унинг шарафига бунёд этилган ибодатхонага тез-тез қатнаб турмаган фуқароларга катта миқдорда жарима солишарди. Агар бу ҳол яна бир бор қайтарилса, ҳуқуқбузар коҳинларга кетма-кет уч ой жарима тўлаши шарт эди.

• XVIII аср охирига қадар Петербургдаги меҳмонхоналарда ҳаммом бўлмаса, меҳмонхона соҳиби яхшигина жарима тўлашга мажбур эди. Мазкур жарима шахсан Петр I(1672-1725)нинг буйруғи билан жорий қилинган. Унинг ўзи бир гал Петербургдан Москвага сафар қилганида, шаҳар меҳмонхоналаридан бирида тунаб қолишга мажбур бўлган. Бу ерда ҳаммом йўқлигини кўриб, подшоҳнинг роса жаҳли чиққан экан.

• Деворларга турли ёзувларни битиш ёмон одат эканини биламиз. Буюк Британия қироличаси Виктория (1837-1901) махсус фармон чиқариб, Вестминстер кўприги деворларига бирор-бир ёзув ёзган кишини олти ой қамаб қўйишни буюрган.

• Германияликлар ХХ асрга қадар пичан яқинида тамаки чекадиганларни ҳақиқий жиноятчи деб ҳисоблашган. Агар бирор киши пичан ғарами ёнида гугурт чақса борми, мавсумга қараб уч ойдан икки йилгача қамалиб кетиши турган гап эди!

• Испания ва Италияда XIX асрнинг иккинчи ярмида имзосиз дўқ-пўписа мактубларини ёзиш тақиқлаб қўйилган.

• Англияда кумуш қошиқларни ўғирлаган ҳар қандай одам етти йилга узоқ ўлкаларга сургун қилинарди.

• Лондоннинг асосий кўчалари бўйлаб фойтунда сайр қилаётган ҳар бир жентлмен саёҳатга чиқишидан олдин албатта юзини совунлаб ювиши шарт эди. Чунки XIX асрда кир юз билан Лондоннинг марказий кўчаларида юрганлар учун 3 йил қамоқ жазоси белгиланганди.

• Ўрта асрларда Испанияда яшаган бадавлат сеньорлар, худо кўрсатмасин, қирол жаноби олийларининг либосига ўхшаш кийим тиктирса борми, шу заҳоти дарра билан саваланиб, сўнг бир умрга мамлакатдан бадарға қилинарди!

• Қадимги Новгород князлигида эса аҳоли уйларининг олдидан катта йўл ўтмаган бўлса, яхшигина жарима тўлаган.

• Қадимда яшаб ўтган португалиялик катта савдогарлар овози паст бўлган майда савдогарлардан жарима ундиришарди. Чунки паст овозли савдогарни бозорда ҳеч ким эшитмайди, бинобарин, савдоси ҳам камаяди.

• Африка қитъасининг жанубида жойлашган Свазиленд қироллигида узоқ вақтлар мобайнида антиқа қонун амалда эди: турмушга бераётган қизини тўйдан олдин яхшилаб боқиб, семиртирмаган оилалардан катта микдорда жарима ундирилган! Ахир чўпдек озғин келин кимга ҳам керак?

• Пётр I ҳукмронлиги даврида Россияда ўлим жазоси қўлланадиган жиноятлар сони 123 тага етган. Улар жумласига худони, диний маросимларни ҳақоратлаш, бутпарастлик, жодугарлик, шайтон билан алоқада бўлиш, муқаддас ҳисобланадиган буюмларни таҳқирлаш, шоҳ буйруқларига ўзгартириш киритиш ёки улар ёзилган қоғозни йиртиб ташлаш, судда адолатсиз ҳукм чиқариш, ёлғон гувоҳлик бериш, талон-торож қилиш, порахўрлик, номусга тегиш, бесоқолбозлик, зино, киссавурлик, денгиз флоти учун зарур бўлган эманзордаги дарахтларни ноқонуний йўл билан кесиш каби жиноятлар кирган.

Абдумажид Аҳмедов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг