Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дунёдаги энг ақлли одамнинг аянчли қисмати

Дунёдаги энг ақлли одамнинг аянчли қисмати

Уильям Жеймс Сидис — америкалик вундеркинд. Унинг заковати Альберт Энштейнникидан 100 балл юқори бўлган. Бола гўдаклигиданоқ феноменал ақлий қобилиятларини намоён қила бошлаган. Aммо юқори IQ даражаси Сидисга бахт ва муваффақият олиб келмади.

Ота-оналар

Уильям Сидис 1898 йил 1 апрелда Нью-Йоркда дунёга келган. Унинг отаси сиёсий таъқиблар туфайли AҚШга кўчиб келган Бердичевлар авлодидан бўлган. Россия империясида Борис Сидис 2 йил қамоқда ўтириб чиққан, кейин эса ҳаётини тубдан ўзгартиришга қарор қилган. Aмерикада у Гарвард университетини муваффақиятли тамомлаган.

Бориснинг устози америкалик таниқли психолог ва файласуф Уильям Жеймс бўлган. Кейинчалик унинг шарафига ўғлини шу ном билан атаган. Олийгоҳни битиргандан сўнг катта Сидис бир қанча илмий мақолаларини чоп этди ва тез орада AҚШнинг энг яхши психологларидан бирига айланди. Борис истеъдодли болаларни тарбиялашда ўз тизимини яратди ва уни ўз фарзандига татбиқ этди. Бўлажак даҳони тарбиялашда унга рафиқаси Сара Мандельбаум ҳам ёрдам берди. У ҳам Борис сингари муҳожирликда кун кечирган. Уни ота-онаси яҳудийлар қирғинидан қўрқиб AҚШга олиб келган.

Мандельбаум 1897 йилда Бостонда тиббий маълумотни олган, аммо ўз мутахассислиги бўйича умуман ишламаган. Бунинг ўрнига у бутун борлиғини ўғлини тарбиялашга бағишлайди. Борис ва Сора таълим олиш болага ҳеч қачон эрта бўлмаслигига ишонишган. Шу боис улар ўғлига гўдаклигидан ҳарфлардан иборат кубикларни кўрсатишган. 7 ойлигида Сидис бутун алифбони ва кўплаб сўзларни биларди. 2,5 ёшида эса у инглиз ва француз тилларида тестларни машинкада тера бошлаган.

Феноменал қобилият

Ўғлининг муваффақиятидан руҳланган ота-она унга янада кўпроқ маълумот бера бошладилар. Олти ёшга келиб бола турли динларнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганиб чиқди. 7 ёшида у мактаб ўқув дастурини олти ой ичида ўзлаштирди. Бир йилдан сўнг Сидис 4 та китоб ёзди. У 7 тилни биларди. 9 ёшида Гарвардга ўқишга кирди, аммо ёшлиги сабабли қабул қилинмади. Ўша йили Уильям ўзининг логарифмик ҳисоблаш тизимини ишлаб чиқди. Унинг интеллект даражаси 260 бирликдан ошди. Таққослаш учун Альберт Эйнштеннинг IQ даражаси 160 бўлган. Шунинг учун Сидисни бутун инсоният тарихидаги энг ақлли инсон деб ҳисоблаш мумкин.

Ниҳоятда, Уильям Гарвард талабаси бўлишга мушарраф бўлди. Қабул қилинганда у эндигина 13 ёшга тўлганди. Ричард Фуллер ва Норберт Винер билан биргаликда иқтидорли болалар учун ихтисослашган гуруҳда таълим ола бошлади. Меросхўрининг муваффақиятидан фахрланган ота «Одам ва даҳо» номли китобини нашрдан чиқарди. Унда Aмерика таълим тизимини танқид қилди ва ўғлининг мисолида уйда ўқитишнинг барча афзалликларини тасвирлаб берди.

Ҳал қилувчи лаҳза

Китоб нашр этилгандан сўнг журналистлар Уильямнинг ҳаётига қизиқиб қолишди. Борис Сидис бундай эътибордан мамнун эди. Шу билан бирга, ота ўғлини интенсив равишда ўқитиб, уни болалигидан маҳрум қиламан деб ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган. Бунинг учун кичик Сидис отасини кечирмаган: унинг дафн маросимида қатнашмаган.

1914 йилда Гарвард университетининг имтиёзли дипломини олганидан сўнг Уильям тригонометрия, евклид ва евклид бўлмаган геометриядан дарс бера бошлади. Талабалар ўзларидан ёш бўлган математика профессорини кўриб, уни очиқчасига мазах қилишарди. Сидис шармандали муносабатларга дош беролмай, ишини ташлаб, Янги Aнглияга кўчиб кетди.

Уильям турмуш қурмасликка онт ичди ва сиёсатга қизиқиб қолди. Кўп ўтмай у қамалди, бироқ яқинларининг талабига биноан руҳий касалликлар шифохонасига жойланди. Сидис даволаниб чиққандан сўнг вундеркинднинг шахсий ҳаётини батафсил тасвирлашга уринаётган мухбирларнинг эътиборига тушмасликка ҳаракат қиларди.

Юқори IQ бахт гарови эмас

Aжойиб қобилият Сидисга бахт келтирмади. У доимо мухбирлар назаридан қочиб юришга мажбур бўлди. Уильям оддий ишга жойлашарди, аммо унинг даҳолигини билиб қолган заҳоти ишдан бўшарди. У ҳафтасига 23 доллар эвазига ишлашга тайёр эди.

Сидис бухгалтер, ҳисоблаш машиналари оператори ва хизматчи бўлиб ишлаган. Бўш вақтларида йигит романлар ёзган. Тахаллус остида у темир йўлларнинг ўтказувчанлигини ошириш тўғрисида рисола чиқарди. Уильям, шунингдек, чет тилларини ўрганиш билан овунган. Биттасини ўзлаштириш учун унга бир кун кифоя қиларди. Балоғат ёшида Сидис 40 га яқин тилни билган, ҳатто, ўз тилини ҳам яратган. Уильям ётоқхонанинг кичик бир хонасида умрининг охиригача ёлғиз ўзи яшаган. У 1944 йилда мияга қон қуйилиши оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Шоҳид

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг