Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунёни кимёвий қуроллардан халос қилиш: КҚТТ ҳақида билишимиз керак бўлган 4 факт

Дунёни кимёвий қуроллардан халос қилиш: КҚТТ ҳақида билишимиз керак бўлган 4 факт

Фото:«.Opcw.org»

Дунёнинг 192 давлатини ўзида бирлаштирган Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ — OPCW) 14 апрель куни Сурияга қарши уюштирилган ҳужумдан сўнг 16 апрель куни Гаагада йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда «Euronews» хабар бермоқда. Қуйида ташкилот фаолиятига доир 4 та факт билан таништирамиз.

КҚТТ қандай ташкилот?

1997 йилда ташкил этилган ушбу ташкилотнинг штаб-квартираси Нидерландиянинг Гаага шаҳрида жойлашган бўлиб, у кимёвий қуролларни тақиқлаш тўғрисидаги конвенция шартларининг бажарилишини назорат қилади.

Кимёвий қуролларнинг ишлатилиш тарихи жуда узоқларга бориб тақалса-да, замонавий кимёвий қуроллар илк бора Биринчи жаҳон урушида қўлланган. Кейинчалик иккала жаҳон уруши оралиғида ҳам бир неча марта улардан жангларда фойдаланилган. Жумладан, 1921 — 1927-йилларда Африкадаги испан армияси Марокашдаги Абдулқодир Хаттобий бошчилигидаги қўзғолончиларга қарши кимёвий қурол ишлатган. 1935 — 1936-йилларда Италия армияси иккинчи Италия-Эфиопия урушида 350 тонна кимёвий қурол ишлатган. 1937 — 1938-йилларда хитой-япон урушида Япониянинг ўша пайтдаги императори Шова душман қўшини ва маҳаллий аҳолига қарши кимёвий қуроллардан фойдаланишга рухсат беради.

Иккинчи жаҳон урушида ҳам кимёвий қурол кенг қўлланган. Урушдан кейин кимёвий қуролдан фойдаланиш чекланган миқдорда давом этган. Жумладан, Ветнамдаги урушда ҳамда Яқин Шарқдаги урушларда кимёвий қуроллар ишлатилган.

Ниҳоят, 20 йиллик музокаралардан сўнг 1997 йилнинг 29 апрель куни кимёвий қуролларни тақиқлаш тўғрисидаги конвенция кучга кирди. 192 давлатни қамраб олувчи КҚТТ 2013 йилда кимёвий қуролларни йўқ қилишдаги ҳаракатлари учун тинчлик бўйича Нобел мукофотига лойиқ кўрилди. Ҳозир фақатгина учта давлат — Исроил, Миср ва Шимолий Корея ташкилотга аъзо бўлмаган.

Охирги 20 йилда ташкилот дунёдаги кимёвий қуролларнинг 96 фоизи ёки 72304 тонна кимёвий арсеналларнинг йўқ қилинишига эришди. АҚШ ҳам келгуси йилларда ўзининг кимёвий қуролларини йўқ қилиши кутилмоқда.

2017 йилнинг сентябрь ойида Россия президенти Владимир Путин мамлакат ўзининг кимёвий қуролларини бутунлай йўқ қилганини хабар қилган эди.

КҚТТ қандай фаолият олиб боради?

Кимёвий қуролларни тақиқлаш ҳақидаги конвенцияни имзолаган давлат ўзидаги ва бошқа давлат ҳудудида қолдириб кетган кимёвий қуролларини йўқ қилиш мажбуриятини олади. Шунингдек, у бундай қуролларни ишлаб чиқаришдан бутунлай воз кечиши лозим.

Ташкилот, шунингдек, кимёвий қурол ишлатилган ҳудудда текширув ишларини олиб боради. КҚТТ экспертлари гуруҳи одатда ҳарбийлар ва олимлардан ташкил топади. Намуналар ташкилотнинг Гаага, Рейкявик каби шаҳарлардаги лабораторияларига чуқур таҳлил қилиш учун юборилади.

Ташкилот 1997 йилдан буён 6785 та шундай текширув ўтказди. Улардан 3170 таси кимёвий қурол ишлатилган ҳудудларда амалга оширилган бўлса, 3615 таси саноат ҳудудларида ўтказилди.

2018 йилда Москва ташкилотни ГРУнинг собиқ полковниги Сергей Скрипалнинг заҳарланишига оид текширув натижаларини сохталаштирганликда айблади.

КҚТТ Сурияда нима билан машғул?

Сурия халқаро ҳамжамият босими остида 2013 йилнинг сентябрь ойида ташкилотга аъзо бўлди. Аввалроқ Москва ва Вашингтон Суриянинг кимёвий қуролларини йўқ қилишига доир келишувни имзолаган эди. Бундай келишув 2013 йилнинг 21 август куни минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган, Сурия ҳукумати амалга оширган кимёвий ҳужум ортидан АҚШнинг Сурияга эҳтимолий ҳужумидан қочиш учун имзоланган эди.

Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра Сурия ўзидаги кимёвий қуролларнинг ҳаммасини, яъни 1300 тонна қуролини 2016 йилнинг январь ойигача йўқ қилган. Шунга қарамай, ташкилот бош котиби Аҳмет Узумчи доимий равишда Сурия ҳисоботларида камчилик борлигини айтиб келади.

2014 йилда ташкилот инспекторлари фуқаролар уруши гирдобига ғарқ бўлган Сурияда текширув ишларини олиб борди. 2014 йил май ойида ташкилот экспертлари бомбардимонлар қурбони бўлишди.

2015 йилда БМТ Хавфсизлик кенгаши БМТ ва КҚТТ аъзоларидан иборат «Joint Investigative Mechanism» (JIM) номли қўшма текширув миссиясини ташкил қилди. Унинг ваколати муддати 2017 йилда якунига етди.

Ушбу миссия Сурия армиясини 2014 — 2015-йилларда амалга оширилган учта кимёвий ҳужумда, жумладан икки бора хлордан фойдаланганликда айбдор деб топди. Шунингдек, БМТ ва КҚТТ 2017 йилнинг апрель ойида Хон Шайхунда амалга оширилган кимёвий ҳужумда ҳам Сурия армиясини айбдор деб топди ва шундан сўнг АҚШ Сурия ҳарбий базасига ҳаводан зарбалар берди.

Қандайдир санкциялар кўзда тутилганми?

КҚТТ кўпроқ назорат органи ҳисобланади ва аъзо давлатларнинг ҳисоботларида уларнинг ҳалоллигига таяниб иш кўради. 

Суриядаги фуқаролар урушида ишлатилган хлор каби кимёвий моддалар бундай декларацияларга киритилмайди, чунки улар саноатда ва қишлоқ хўжалигида қўлланади.

Конвенцияда аниқ белгиланган жазо чоралари мавжуд эмас. Бугунга кунда қадар Суриянинг кимёвий қурол ишлатгани ҳақида айбловлар бўлишига қарамасдан бирорта аъзо давлат конвенция шартларининг бузилгани ҳақида очиқ баёнот билан чиқмади. 

Жаҳонгир Остонов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг