Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунёнинг энг сахий кишилари

Дунёнинг энг сахий кишилари

Дунёнинг энг сахий оиласи — Билл ва Мелинда Гейтс.

Фото: «Forbes»

Ўтган йили Microsoft асосчиларидан бири Билл Гейтс ва унинг рафиқаси Мелинда Гейтс Американинг энг сахий кишилари рейтинги юқори поғонасини банд этишди.

Эллик нафар энг сахий кишилар ва оилалар томонидан жами 14,7 миллиард доллар саховат ишларига сарфланган. Шу ўринда қизиқ бир фактга эътибор бериш керак бўлади: 2016 йили 5,6, 2015 йили 7, 2014 йили 10,2 млрд. доллар хайрия қилинганди. Яъни жаҳон иқтисодиётидаги «буюк рецессия» саховат ишларига салбий таъсирини кўрсатишни бошлаган 2008 йилдан бери энг катта хайрия ўтган 2017 йилда қилинди.

Нега 2017 йил том маънода саховат йили бўлди? «The Chronicle of Philanthropy» нашрининг ёзишича, охирги икки йилда фонд бозорининг муваффақиятли ривожланиши жуда бой инсонлар пулига пул қўшди.

Билл ва Мелинда Гейтслар тўртинчи марта бу рейтингда биринчи ўринда қайд этилишяпти. Улар ўтган йили 4,8 млрд. доллар хайрия қилишган. Forbes маълумотларига қараганда, айни пайтда Билл Гейтснинг бойлиги — $90,5 млрд. Уни иккинчи ўринда қолдирган, ҳозирги кунда энг бой инсон — Жефф Безос (Amazon асосчиси) эса бу рўйхатда йўқ.

Гейтслардан энг катта хайрияни уларнинг ўз ташкилоти — дунёдаги энг йирик хусусий хайрия ташкилоти Билл ва Мелинда Гейтс жамғармаси қабул қилиб олди.

Марк Цукерберг ва Присцилла Чан. Фото: «Forbes»

Рейтингда иккинчи ўринни яна бир машҳур жуфтлик — Марк Цукерберг ва Присцилла Чан банд этди, уларнинг бойлиги ($70,1 млрд. атрофида) Цукербергнинг ўзи асос солган Facebook ижтимоий тармоғидаги улушидан шаклланган. Улар ҳам Гейтслар каби ўз жамғармаларини ташкил этишга пул ажратишди: Чан-Цукерберг жамғармаси (Chan Zuckerberg Foundation) ҳамда Кремний водийси ҳамжамияти жамғармаси қошидаги Чан-Цукерберг донорлик жамғармаси.

Майкл Делл ва унинг турмуш ўртоғи Сюзан. Фото: «Forbes»

«Chronicle of Philanthropy» рўйхатида учинчи поғонани Майкл Делл ва унинг турмуш ўртоғи Сюзан банд этишди. Улар 2017 йили хайр-саховатга 1 млрд. доллар ажратишди. Forbes маълумот беришича, «Dell Computers» асосчисининг бойлиги $23,6 млрд.га тенг.

Диққатга сазовор жиҳати шуки, саховатли энг бой кишилар ва оилалар рўйхатида технология соҳаси вакиллари анчагина нуфузга эга. 2017 йили қилинган хайрияларнинг 60 фоизи ёки 8,7 млрд. доллар ана шу кишиларнинг қўли очиқлиги шарофатидан.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг