Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яқин йиллар ичида электр энергияси бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилади

Яқин йиллар ичида электр энергияси бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 26 январь куни Навоий кон-металлургия комбинати томонидан 2026 йилгача қуриладиган янги ишлаб чиқариш қувватларини кафолатланган электр энергияси билан таъминлаш дастурини амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

Унда қайд этилишича, Навоий кон-металлургия комбинатининг салоҳиятини янада ошириш, корхоналарни модернизация қилиш ва янгиларини ишга тушириш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, 2026 йилгача қиймати 3 миллиард доллар бўлган 27 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошлаб юборилган.

Мазкур 27 та лойиҳани амалга ошириш натижасида Навоий кон-металлургия комбинатининг ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоизга ошади, 30 мингдан ортиқ қўшимча иш ўрни яратилади.

Бундай кўп ва йирик корхоналарни қуриш ҳамда узлуксиз ишлашини таъминлаш учун қўшимча энергия ресурсларига эҳтиёж туғилади. Хусусан, 2026 йилга бориб Навоий кон-металлургия комбинатининг электр энергиясига бўлган талаби 303 мегаваттга ошиб, 703 мегаваттга етади.

Жорий йил 9 январь куни Навоий кон-металлургия комбинатининг янги объектлари, жумладан, 2 та йирик гидрометаллургия заводини электр энергияси билан таъминлаш мақсадида алоҳида дастур қабул қилинди. Унга мувофиқ, қиймати 1 миллиард 900 миллион долларлик 16 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

Жумладан, Тахиатош иссиқлик электр станциясида 2019 йилда умумий қуввати 510 мегаватт бўлган 2 та янги энергоблок қурилиб, жами қуввати 1 минг 10 мегаваттга етказилади. Навоий иссиқлик электр станциясида 2019 йил ва 2023 йилда қуввати 450 мегаваттдан бўлган 2 та буғ-газ қурилмаси қурилиб, станциянинг жами қуввати 2 минг 258 мегаваттга етказилади. Бундан ташқари, 10 та подстанция ва 1 минг километрдан зиёд ташқи электр тармоқлари қурилади.

Президент мазкур ишларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, бу борадаги долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг